Андижон давлат университетининг бир гуруҳ мансабдорлари қамалди

    Суд ҳукмида келтирилишича, 13 киши биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун уюшган гуруҳ тузиб, вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишган.

    Андижон давлат университетининг бир гуруҳ мансабдорлари жиноий жазога тортилди.

    Ушбу жиноят иши доирасида 13 киши айбланган. Улар орасида 1998 йилдан бери Андижон давлат университетида бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган Алимжон Маҳмудов, собиқ ректор Акром Йўлдошев, ҳисобчилар, бош аудитор, ўқитувчи ва бошқалар бор.

    Суд ҳукмида келтирилишича, ушбу 13 киши биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун уюшган гуруҳ тузиб, вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишган.

    Уюшган гуруҳ қуйидаги ҳолатларда бюджет маблағларини талон-торож қилишган:

    • 2019-2023 йиллар давомида 8 та ҳолатда стипендия олувчи талабалар сонини сунъий равишда ошириб, стипендия нақд пул кўринишида тўлаб берилгани ҳақида талабалар имзосини қалбакилаштириш орқали аслида бу пулларни уларга тарқатмасдан 32 млрд 94 млн сўм;
    • 2021-2023 йиллар давомида рағбатлантирилувчи талабалар сонини сунъий равишда ошириб, талабаларнинг имзоларини қалбакилаштириш орқали такроран сохта тўлов варақалари тузишиб, берилган пулларни контракт ҳисоб рақамига топшириб қўйган ҳолда 2 млрд 697 млн сўм;
    • 2019-2023 йиллар давомида нақд пул кўринишида қабул қилиб олинган 14 млрд 408 млн сўм тўлов-контракт пули. Уюшган гуруҳ талабаларнинг УзАСБО дастурий мажмуасида шакллантирилган тарихига гўёки ушбу тўлов-контракт пуллари тўланганлиги тўғрисида сохта маълумотларни киритиб қўйган;
    • 2019-2023 йиллар давомида талабалар турар жой ижараси учун тўлган, қалбаки ҳужжатлар билан университетга кирим қилингани кўрсатилган, аслида кирим қилинмаган 2 млрд 663 млн сўм;
    • Давлат харидлари билан боғлиқ 545 млн сўм.

    Алимжон Маҳмудов 7 та турли русумдаги машиналарни яқин қариндошлари номига расмийлаштириб, жиноий фаолиятидан олинган даромадларни мулкка айлантириш йўли билан легаллаштирган. Машиналар орасида 2023 йилда ўғлининг номига расмийлаштирган 2 млрд 64 млн сўмлик BMW Х7 машинаси ҳам бор. Шунингдек, у 2023 йил октябр ойида жиноий фаолияти натижасида қўлга киритган 6 млрд 621 млн сўм пул маблағини ўғлининг таниши бўлган шахснинг банк пластик картасига ўтказиб, гўёки унинг номидан омонатга қўйган.

    Бундан ташқари, суд ҳужжатида бош ҳисобчи ва ректор ходимларнинг устама, рағбатлантириш пулларини ҳам қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштиришгани келтирилган.

    Алимжон Маҳмудов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирган.

    Университет ректори лавозимида ишлаган Акром Йўлдошев эса айбига иқрорлик билдирмаган. У йўл қўйилган камчиликларда ўзининг хатоси борлигини тан олган, лекин уюшган гуруҳ тузишиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда бюджет сметаси қоидаларини бузганликда қўйилган айбловларга эътирози борлигини маълум қилган.

    “Биология йўналиши бўйича педагогман. Ўзи раҳбар бўлиб ишлаган даврда буҳгалтерия соҳасини яхши тушунмаганим сабабли университетнинг молиявий иқтисодий йўналишларини назорат қила олмадим. Асосан таълимни ривожлантириш, ёшлар ишлари бўйича ишлаб, маҳаллий хокимият топшириқларини бажариб келдим. Ўзим иқтисодчи бўлмаганим учун бош ҳисобчи А.лижон Маҳмудовга ишонгандим.

    Ўзлаштириш ва растрата қилинган маблағлардан умуман манфаатдор бўлмаганман. Университетда молиявий ишлар бўйича проректор, ички аудит, молия режа бўлимлари фаолият юритиб келган. Уларнинг ҳам ишларини назорат қила олмаганман. Жуда кўп миқдордаги пулларнинг ўзлаштириб юборилганида ўзимнинг хатом қўл остимдаги ходимларнинг ишларини назорат қила олмаганим, деб биламан”, деган собиқ ректор ўз кўрсатмасида.

    Шунингдек, Акром Йўлдошев тергов даврида ўз имкониятидан келиб чиқиб, 1 млрд сўмдан ортиқроқ зарарни қоплаганини, 2019-2023 йиллар давомида талабаларнинг УзАСБО дастурида конракт пуллари тўлангани тўғрисида сохта маълумотлар киритилиб, 14 млрд 408 млн сўм контракт пуллари ўзлаштириб юборилганидан хабари бўлмаганини билдирган.

    12 нафар судланувчи Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган ҳамда турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

    Хусусан, бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Алимжон Маҳмудовга 3 йил давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, БҲМнинг 310 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

    Собиқ ректор Акром Йўлдошевга эса 3 йил давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, БҲМнинг 310 баравари миқдорида жарима жазоси берилган.

    Университетда ўқитувчи бўлиб ишлаган Аъзам Ҳамроқулов иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва БҲМнинг 300 баравари миқдоридаги жарима жазосига тортилган.

    Жиноят иши бўйича Андижон давлат университетига етказилган 53 млрд 698 млн сўм зарарни қоплаш учун ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси депозит ҳисоб рақамига Алимжон Маҳмудов (бош ҳисобчи) 31 млрд 78 млн сўм, Искандар Исроилов (ҳисобчи) 5 млрд 175 млн сўм, Акром Йўлдошев (ректор) 1 млрд 168 млн сўм, Нодир Рўзибоев (АДПИ ишлар бошқармаси бошлиғи) 500 млн сўм, Дилшод Абдимўминов (бош аудитор) 442 млн сўм, Лутфулло Солиев (молия-режа бўлим бошлиғи) 145 млн сўм, Шуҳрат Мамажонов (ғазначи) 120 млн сўм топширган.

    Бундан ташқари, хатланган 7 та машина, битта меҳмонхона, 3 та уй, тилла тақинчоқлар сотилиб, сотувдан тушган пуллар ҳам зарарни қоплашга қаратилиши белгиланган.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates