Мирзаобод тумани собиқ ҳокими жиноий жавобгарликка тортилди

    Жорий йилнинг 17 октябрида ЖИБ Ховос тумани судида 2020-2023 йилларда Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ҳоким вазифасида ишлаган Жонибек Яриевнинг жиноий иши кассация тартибида кўриб чиқилди.

    Суд терговида маълум қилинишича, Ж.Яриев муқаддам жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг 2024 йил 16 августдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

    Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг 2025 йил 28 июль кунги ҳукмига кўра эса Ж.Яриевга ЖК 205-моддаси 2-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан узил-кесил 2 йил давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва БҲМнинг 105 баравари миқдорида 28 млн 350 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

    Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи туман ҳокими лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда Президентнинг 2020 йил 1 майдаги «Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5569-сонли Фармойиши ҳамда Ҳукуматинг 2020 йил 19 майдаги «Сирдарё вилоятидаги Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида аҳоли уй-жойларини қуриш ва таъмирлаш, ижтимоий, ишлаб чиқариш инфратузилмалари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 294-сонли қарори талабларига зид равишда «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши натижасида жабр кўрган оилалар учун 2020 йил давомида қурилган кўп қаватли уй-жойларни топширишда қонунбузарликка йўл қўйган ва давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

    Жумладан, сув тошқини рўй берган вақтда тумандаги «Навбаҳор» маҳалласи Бахмал кўчасида яшаган Ш.Қ.га зарар кўрган хонадони учун болалар боғчасидан турар-жой ажратилган бўлса-да, унга асоссиз равишда, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ордери ва Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашининг қарорисиз, Мирзаобод тумани ҳудудидаги «Янги Ўзбекистон» массивида ҳодиса оқибатида уй-жойи бузилган ёки яшаб бўлмайдиган ҳолатга келган оилалар учун 2020-2021 йиллар давомида қурилган қиймати 375,6 млн сўмни ташкил қилган хонадонлардан бирини бериб юборган.

    Бундан ташқари, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Сардоба тумани «Юртдош» маҳалласида яшаган Н.А.га, Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалласида яшаган Г.И.га ва Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида яшаган Ҳ.Х.ларга ҳам юқоридаги каби янги қурилган уйлардан ажратиб берган.

    Шу билан бирга, у халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари сифатида уй-жой тақсимлашда бузилган ёки яшаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган уй-жойда икки ва ундан ортиқ оила яшаганлигидан қатъий назар, ҳар бир уй-жой кадастрига мувофиқ битта уй-жой берилишини назарда тутувчи тартибни қасддан бузиб, айрим оилаларга икки-учтадан янги қурилган уйлардан ажратиб берган.

    Қисқа қилиб айтганда, суд ҳукмига кўра, Ж.Яриев сув омборидаги техноген офат натижасида моддий зарар кўрган фуқароларга ажратилган уй-жойлардан халқ депутатлари Мирзаобод тумани кенгаши қарорлари асосида 13 нафар фуқарога ҳамда Сардоба туманидан 1 нафар фуқарога асоссиз бериган.

    Ж.Яриев ва унинг адвокати кассация шикоятида, биринчи инстанция суди томонидан гувоҳларнинг кўрсатувлари инобатга олинмаганлиги, уй-жойларни ҳодиса оқибатларини бартаф этиш бўйича тузилган Республика Ишчи гуруҳи ва Мажлис баёнлари ҳамда туман ҳалқ депутатлари кенгашларининг қарорлари асосида ажратиш ҳақидаги ордерларга имзо қўйганлиги, бироқ биринчи инстанция суди томонидан ушбу ҳолатларга эътибор қаратмаганлиги ҳақида важларни келтирган.

    Кассация тартибидаги суд судланувчини 2020-2021 йиллар давомида қурилган ҳар бир хонадонинг қиймати 375,6 млн. сўмдан бўлган бир неча уйларни тарқатганликдаги жиноий ҳаракатларини тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

    Юқорида баён этилганларга кўра, кассация инстанцияси судлов ҳайъати, келтирилган шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни ва суд ҳукми ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топган.


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates