Андижон: шифокорларнинг нотўғри ташхиси билан ҳомиладор аёл вафот этди

    Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида шифокорларнинг нотўғри ташхиси туфайли ҳомиладор аёл вафот этгани хусусида хабарлар тарқалди.

    Ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди.

    Қайд этилишича, ушбу ҳолат Андижон шаҳар перинатал марказига кўричак билан оғриб мурожаат қилган 26 ёшли, 8 ойлик ҳомиладор аёлни шифокорлар тўлғоқ келтирувчи укол ёрдамида туғдириб олишган. Шифокорлардан бири унинг турмуш ўртоғига аёлида кучли сеҳр борлигини, тезда чалпак ва ҳолвайтар қилиб тарқатмаса, аёли ўлиши мумкинлигини айтган. Аммо шундан кейин унинг аҳволи ёмонлашган ва кўричак ёрилиши оқибатида вафот этган. Шифокорлар эса беморнинг кўричак бўлганини туғруқдан кейин билишган.

    Маълумотларга кўра, тармоқларда ушбу хабар тарқалгандан сўнг мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олиниб, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида махсус Ишчи гуруҳ томонидан тезкор ўрганиш ишлари ўтказилди.

    Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб бориляпти.

    Йўл қўйилган хато ва камчиликларга ҳуқуқий баҳо бериш тақозо қилингани сабабли экспертларнинг дастлабки хулосалари ҳамда тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди, — дейилади хабарда.