Давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Рақамли давлат хизмати жорий этилиши ҳар томонлама манфаатли бўлиши, айниқса, коррупциянинг олдини олиши, турли оворагарчилик ва қоғозбозликларга барҳам бериши лозим. Шунга мувофиқ, ўтган давр мобайнида агентлик томонидан республикамизда ўхшаши бўлмаган, кенг қамровли «Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими» дастурий-аппарат комплексини жорий этиш ишлари олиб борилди.
2020 йилда ишга туширилган мазкур дастурий-аппарат комплекси 20 дан ортиқ вазирлик ва идора билан ҳамкорликда яратилди. Чунки дастурий-аппарат комплексидаги қуйи тизимлар вазирлик ва идоралар томонидан шакллантирилган маълумотлар базасига боғлиқдир. Ўтган вақт давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида дастурий-аппарат комплексининг қуйи тизимларидан аксарияти ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилди. Хусусан, давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимларга муносиб номзодларни ишга қабул қилиш мақсадида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали – ваcанcй.аргос.уз ишга туширилди. Мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун номзодларнинг очиқ мустақил танловини ташкил этадиган электрон тизим бўлиб, интернет тармоғида «бир дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатади. Портал Ўзбекистоннинг барча фуқароларига вакант лавозимларга электрон тарзда ҳужжат топшириш имконини беради ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда инсон омилини минимал даражада камайтиради.
Шунингдек, дастурий-аппарат комплексининг синов тариқасида ишга туширилган қуйи тизимларидан бири давлат фуқаролик хизматчилари билимларини аниқлайдиган ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш электрон ахборот тизимидир. Мазкур тизим давлат хизматини рақамлаштиришни фуқароларга яна бир максимал қулайлик яратиш билан бойитди, дейиш мумкин.
Фуқаролар бугун вақтини беҳуда ўтказиб, давлат идораларига бориши, навбатда туриши шарт эмас. Керакли мобил иловалар орқали зарур хизматдан фойдаланиш тартиби жуда оддий, ҳаммаси бир жойда ва «ягона ойна»да ишлайди. Келажакда барча соҳалар каби давлат фуқаролик хизматида мавжуд электрон лойиҳалар бир жойда жамланади ва фуқароларда «Қаерга бориш керак?» ёки «Бу қайси платформада?» деган саволлар туғилмайди.
Жорий йилги давлат дастурида давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида рақамлаштириш мақсадида «Давлат хизматчиси» мобил дастурини жорий этиш вазифаси белгиланган. Шундан келиб чиқиб, давлат фуқаролик хизматчисининг юридик ҳамда жисмоний шахслар билан иш фаолиятига оид муносабатларини рақамлаштириш юзасидан таҳлил ўтказилди. Хусусан, давлат хизмати тизимини рақамлаштириш, шунингдек, давлат хизматчисининг юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатини ягона электрон тизим орқали ташкил этиш бўйича жаҳон тажрибаси таҳлил қилинганда, Осиё мамлакатларида «Рақамли давлат хизмати» тизимини шакллантириш ва ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи модель давлат фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилаётгани намоён бўлди.
Ушбу тизим Жанубий Корея, Сингапур ва Японияда муваффақиятли жорий этилган бўлиб, давлат хизматчилари учун мўлжалланган бундай дастурлар «Электрон ҳукумат» таркибий қисми сифатида шакллантирилган ҳамда мамлакатнинг ягона интерактив порталига интеграллаштирилган.
Ғарб давлатларида электрон ҳукуматни шакллантириш стратегиялари давлат хизматчиларининг фуқаролар ва бизнес вакиллари билан мулоқотлари учун яратилган ягона платформани ишлаб чиқишни ўз ичига олган. Сўнгги йилларда Европанинг аксар мамлакатлари томонидан маъмурий ислоҳотлар ва давлат хизматчиларининг фуқароларга хизмат кўрсатишини самарали ташкил этишда АКТни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Россияда «Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш» мобил дастури ишлаб чиқилган бўлиб, у кадрлар ишини мувофиқлаштириш, давлат хизматчилари ўртасида тезкор мулоқот қилиш имкониятини ўз ичига олади, яъни корпоратив портал, мессенжер ва почта хизматларини бирлаштирган. Бундан ташқари, 2024 йилга келиб барча давлат хизматчилари «маҳаллий дастурий таъминотга асосланган алоқа, ўзаро алоқа ва ҳамкорлик учун хавфсиз ва ягона хизматлардан» фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Қозоғистонда 2016 йилда Давлат хизмати агентлиги томонидан «Қозоғистон Республикаси давлат хизмати» мобил иловаси ишлаб чиқилган. Ундан фойдаланувчилар ишга кириш учун синовларга тайёргарлик кўриши, миллий қонунчиликни ўрганиши, давлат хизматига кириш ҳақидаги бошқа маълумотлар билан танишиши мумкин.
Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, давлат хизматчиларига мўлжалланган мобил дастурларни жорий этиш жараёнида кадрларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги малакасини ошириш, давлат сектори олдига давлат хизматчиларининг рақамли кўникмаларини профессионал даражада ривожлантириш бўйича қатор вазифаларни амалга ошириш, яъни ходимларни қўшимча ўқитиш масаласи ҳам долзарб ҳисобланади.
«Давлат хизматчиси» мобил дастурида давлат хизматчилари ҳақидаги, масалан, умумий маълумотлар, меҳнат фаолияти, қариндошлари, соғлиғи ҳақидаги ва бошқа қўшимча маълумотлар акс эттирилади. Таълим бўлимида дипломлар, сертификатлар, стажировкалар акс этса, тест синови бўлимида тест натижалари қайд этиб борилади. Мобил дастурнинг «Карьера» бўлимида давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимлар, шунингдек, вакансиялар учун ва ишга кириш учун аризалар билан ишлаш мумкин. Ушбу тизимда ҳар бир давлат хизматчиси шахсий ривожланишини мониторинг қилиб бориш имконига эга бўлади.
Мобил дастур «Электрон ҳукумат»нинг қатор тизимлари — ягона интерактив давлат хизматлари портали (мй.гов.уз), фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизими (ид.эгов.уз), ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри (реэстр.уз), давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот портали (мй.аргос.уз), давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (ваcанcй.аргос.уз), давлат фуқаролик хизматчиларини синовдан ўтказиш модули (тест.аргос.уз) ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш портали (илм.аргос.уз) билан интеграция қилинади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги инновацион ечимларга эга дастурларни давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этиб келади. Шунингдек, ушбу тизимларни ишга тушириш орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шахсга оид маълумотларни сир сақлаш ва ҳимоялаш тизими жорий этилмоқда.
Мазкур электрон дастурнинг амалиётга жорий этилиши давлат органлари ва ташкилотларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги фаолияти очиқлиги ва ҳисобдорлиги, давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимлар меритократия тамойили асосида энг муносиб номзодлар билан тўлдирилишига замин яратади. Давлат хизматчилари, уларнинг касбий фазилати ва хизматларига адолатли ва холис баҳо берилишига, давлат органлари ва ташкилотлари зарур билим ва касбий кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминланишига, давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари, шунингдек, уларнинг натижаларини баҳолаш тўғрисида маълумот базаси шакллантирилишига эришилади. Миллий кадрлар захирасини шакллантириш имкони яратилиб, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таркиби таҳлили учун замин яратилади.
Илҳом Қурбонов,
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги департамент мудири