“Ангело Брандуардининг “Самарканда” қўшиғи орқали Ўзбекистонинг бой тарихга эга эканини билишади!..”

    Кейинги авлод 22 июн 2020 26274

    Италиядаги магистрант ҳамюртимиз билан суҳбат.

    Хабарингиз бор, “Янги Ўзбекистон” нашри жаҳоннинг турли нуқталаридаги вақтандошларимиз билан интервьюлар бериб бормоқда.

    Навбатдаги суҳбатдошимиз бугунги кунда Италия Республикасидаги Турин политехника университети “Муҳандисликда бошқарув” йўналиши магистранти Нодир Юсуфов бўлди.

    Қаҳрамонимиз Тошкент вилоятида туғилган. 2019 йил Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетини тамомлаган.

    М.: Нодир ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз – суҳбатни шундан бошласак.

    Н.Ю.: Болалигимдан аниқ фанлар, айниқса физика ва математикага қизиққанман. Шу боисдан бўлса керак, 2 – 9 синфларда математика фани олимпиадасининг мактаб босқичида доим биринчи ўринни қўлга киритардим.

    Бакалавр босқичини Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида олдим. Дарвоқе, 2018 йилнинг баҳорги семестрини Global UGRAND дастури ғолиби бўлиб АҚШдаги Ғарбий Вирижиния университида ўқиганман.

    Бакалаврни тамомлаб бир муддат Инновацион ривожланиш вазирлигида етакчи мутахассис сифатида ишладим.

    Ҳозирги кунда Италияда магистратурани давом эттиряпман.

    М.: Нима учун айнан Италияда ўқишга қарор қилдингиз?

    Н.Ю.: Магистратурани “Муҳандисликда бошқарув” йўналиши бўйича ўқиш бакалавр пайтимдаёқ режамда бўлган. Лекин, айнан Италияда ўқиш асосий мақсад эмас эди. Дастлаб муҳандислик соҳаси энг тараққий этган Германияда ўқиш учун ҳаракат қилдим. Афсуски, DAAD (Германия академик алмашинув) грант дастурининг сўнгги босқичидан муваффақиятли ўта олмадим. Бироқ тушкунликка тушмаган ҳолда, ҳужжатларимни Италиядаги Турин политехника университетига юбордим ва у ерга қабул қилиндим.

    Очиғи, ҳозир Италияга келганимдан афсусда эмасман. Боиси, мамлакатга келиб ҳукуматнинг аҳолига тенг яшаш шароити яратиб берганига гувоҳ бўлдим. Масалан, Италиянинг кичик қишлоқларигача замонавий ва кондиционерлар билан жиҳозланган автобуслар қатнайди. Интернет, онлайн хизматлар каби оддий заруриятлар бутун мамлакат бўйлаб таъминланган.

    Қолаверса, давлатда саноатни кластерлаб эмас, балки мутахассислик бўйича ривожлантириш ишлари ҳам саноатнинг аксарият йўналишларида мамлакатни яққол етакчига айлантиргани сезилиб туради.

    М.: Италияликлар ҳақида таассуротлар қандай ва улар Ўзбекистон ҳақида билишадими?

    Н.Ю.: Италянларнинг аксарият урф-одатларини ўзимизникиларга ўхшатаман. Мисол учун, ҳафтанинг дам олиш кунлари нуронийлар бошчилигида бутун оила бир дастурхон атрофига тўпланиши, фарзандларга меҳр-эътибор кўрсатиши кабиларни айтишим мумкин.

    Мен Италиянинг шимол қисмида яшайман. Бу ерда жанубдагиларга нисбатан одамлар кўп ҳам меҳмондўст ва очиқфеъл эмас. Яъни, кўчада камдан кам саломлашишади. Мулоқотларда ҳам ортиқча гап-сўзлар қилишмайди.

    Италияга келиб яна бир эътиборимни тортган жиҳат маҳаллий аҳолининг ғоятда оилапарвар эканлиги бўлди. Масалан, дам олиш кунлари кўчаларда оилали эркакларининг уйида телевизор кўришдан кўра, фарзандларига хавфсизлик каскаларини кийдириб скейтборд, ролик, велосипед минишни ўргатаётганини кўрасиз.

    Шунингдек маҳаллий аҳоли жисмоний фаолликка интилишади. Айниқса ёшлар ва қариялар ҳам тонг саҳар эринмай туриб югураётгани, ҳатто футбол ўйнашаётганига кўп бор гувоҳ бўлдим.

    Ўзбекистон ҳақида эса, маҳаллий аҳоли деярли ҳеч нарса билишмайди. Аммо аксарият қариялар Ангело Брандуардининг “Самарканда” номли қўшиғи орқали Ўзбекистонинг бой тарихга эга эканлиги, ўзбек ошхонаси жуда кўплаб мазали таомлардан ташкил топганлиги ҳақида билишади.

    М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва охирги ой қандай китоблар ўқидингиз?

    Н.Ю.: Ҳозирда ўқишдан ташқари саноат ва таълимда қўлланиладиган микросхемаларни ишлаб чиқарувчи Ардуино компаниясида амалиёт ўтаяпман. Ардуино билан жорий йилнинг январь ойида 6 ойлик шартнома имзолаган эдим. Лекин коронавирус сабаб орада бир муддат танаффус бўлди ва шартнома муддати сентябрь ойи охиригача узайтирилди.

    Компаниядаги асосий вазифам Амазон онлайн платформасида контент яратиш, Германия, Буюк Британия, Италия, Франция, Испания ва АҚШ онлайн бозорларида микросхемаларга бўлган талабни ўзгаришига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш, талабга қараб нархларни белгилаш ҳамда ҳафталик ҳисобот топшириш киради.

    Китоб мутолааси бобида, очиғи иш ва ўқиш билан бўлганим учун ҳозир бунга вақтим бўлмаяпти. Аммо вақт қилиб Уолтер Айзексоннинг 40 дан ортиқ интервьюлар асосида ёзилган Стив Жобс номли биографик китобини охиригача тугатиб қўйишни режалаштиряпман.

    М.: Кегусидаги режаларингиз қандай?

    Н.Ю.: Келажакда албатта Ўзбекистонга қайтиб, соҳам бўйича фаолият юритишни мақсад қилганман. Лекин, бу айнан қачон амалга ошишини билмайман. Ўрганганларимни амалда қўллайдиган соҳалардан ишга таклиф қилинсам, магистр дипломини олибоқ қайтишим мумкин. Лекин Европада шахсий ва профессионал ривожланишимга имконият яратадиган иш таклифи бўлса, маълум муддат шу ерда ишлаб малака ошириш ниятим ҳам йўқ эмас.

    Албатта ҳаммасини вақт кўрсатади.

    М.: Янги Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

    Н.Ю.: Янги Ўзбекистонда ҳар қандай ташкилот – хоҳ у давлат ташкилоти бўлсин ёки хусусий сектордан, уларнинг амалга ошираётган чора-тадбирлари ҳақиқатдан ҳам фуқароларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган бўлишини истайман.

    Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг ёш ва янги авлодлари ўқишни тугатиб иш жойига келганида, турли ташқи босимларсиз, қатъият ва дадиллик билан муаммога ўз ечимларни бера олиши ҳамда энг муҳими ишлаётган жойида уларнинг овози аҳамиятга эга бўлишини хоҳлайман.

    Нурилло ТЎХТАСИНОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates