Метеорологлар маълумотига кўра, бутун дунёда об-ҳаво турли усуллар билан башорат қилинади. Бунда нафақат ҳарорат, балки босим, намлик, шамол тезлиги ва ёғингарчилик миқдори ҳам қайд этиб борилади.
Маълумотлар метеостанциялар, метеорологик шарлар, океан ва космосдаги сунъий йўлдошлардан олинади.
Жаҳон метеорология ташкилоти юқоридаги барча объектлар учун қатъий стандартларни белгилайди. Бу бутун сайёрада маълумотларни ўлчашнинг ягона тизимини таъминлаш учун қилинади.
Темсин Грин, Веатҳер анд Радар компанияси метеорологи:
- Ҳарорат сенсорлари Ерлан 2 метр юқорида, текис юзада ўрнатилади. Ускуна атрофида дарахтлар ва бинолар бўлмаслиги керак. Улар оқ рангга бўялган метеоқутилар билан ўралади.
Энг қизиғи, рекорд ҳарорат қайд этилганини тасдиқлаш учун сарфланадиган вақтдир. Масалан Италияда кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳарорат 2021 йил августида кузатилган. Аммо расман бу рекорд 2023 йил 17 июлида тасдиқланди. Хўш, нега бундай бўлади?
Ҳар бир мамлакатнинг ўз миллий метеорологик хизмати мавжуд. Жаҳон метеорология ташкилоти эса бутун дунё бўйлаб 11 000 га яқин метеостанцияга эгалик қилади.
Бирор хизмат ходимлари рекорд ўрнатилган деб ҳисобласа, ЖМТга маълумотларни юборади. Ташкилот экспертлари эса барча омилларни баҳолаб чиқади. Бунга фойдаланилган ускуналардан тортиб, атроф-муҳит ва эҳтимолий хатоликлар киради. Шунингдек, улар таққослаш учун энг яқин метеостанция маълумотларини ҳам олади. Масалан, бир станция 45 даража ҳарорат қайд этса-да, ундан 5 км масофадаги станция 25 даража қайд этса, рекорд нотўғри ўрнатилган бўлади.
Сайёра бўйлаб кузатилган рекордлар эса бир давлат рекордидан бошқача текширилади. Бунда айнан бирор бир метеостанция маълумотлари эмас, глобал тасвир кўриб чиқилади.
Метеорологларнинг сўзларига кўра, агар прогнозда ҳарорат ёзилган бўлса, у албатта 2 метр баландликдан олинган бўлади. Айрим ҳолларда "ҳис қилинадиган ҳарорат" ҳам кўрсатилади, аммо бу илмий атама эмас. "Ҳис қилинадиган ҳарорат" шамол тезлиги, иссиқлик индекси ва бошқа омилларни қамраб олади. Сўнгги йилларда ёмғир ёғиши эҳтимоли жуда баҳсларга сабаб бўлмоқда. Аммо нима бўлганда ҳам, метеорологлар смартфондаги об-ҳаво башорати кунингизни ёмон ўтказишга сабаб бўлмаслигини тавсия қилади.








