Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, 2024 йил январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагог кадрлари аттестацияси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинмоқда.
Малака (тест) синовларини (шунингдек, касбий сертификатлаш, менежерлик сертификати синовларини ҳам) шаффоф, адолатли, холис ўтказиш мақсадида ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн), FaceID – юзни таниб олиш орқали ўтказилади.
Вазирликнинг маълум қилишича, айрим педагоглар томонидан турли қинғир йўллар билан тоифа олишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ўтган малака синовларида турли тақиқланган воситалар, хусусан алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳолати бўйича 200 дан ортиқ номзодлар синовлардан четлаштирилган.
Хусусан, жорий йилдаги синовларда республика бўйича жами 79 нафар, шу жумладан 68 нафари алоқа қурилмаларидан фойдаланганлиги сабабли жараёндан четлаштирилди.
Айрим кимсалар эса, фирибгарлик йўли билан тестдан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, педагоглар ишончига кирмоқда, улардан пул олиб жиноятга қўл уриш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, ҳар қандай турдаги қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тегишли органлар, хусусан Бош Прокуратура билан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун барча маълумотлар тергов органларига етказилмоқда.
Шу ўринда педагогларимизга яна бир бор эслатамиз: синовларда фақат ўз билимларингизга таянинг, турли шахсларнинг алдовларига учманг, бу каби ҳолатларга дуч келсангиз дарҳол вазирликнинг Ишонч телефони (71-202-09-09)га мурожаат қилинг, — дейилади хабарда.




