Эндиликда четдан олиб келинадиган ва ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари шу ерда синовдан ўтказилади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, лойиҳа Марказий Осиёда ягона бўлиб, чехиялик ва германиялик ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда.
Чехиядаги “EXPORTA компанияси лаборатория қурилиши, жиҳозланиши ва аккредитациясини ўз зиммасига олган бўлиб, шунингдек, Чехия метрология институти мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллий мутахасислар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилган.
Бугун тумандаги Жанубий автополигондан ажратилган 20 гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда. Лабораториянинг биринчи қисми жорий йилнинг август ойида якунланиши режалаштирилган. Қурилишни 2023 йилгача тўлиқ якунлаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1,3 миллион АҚШ долларидан иборат бўлиб, унинг 15 фоизини “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ўз зиммасига олган, қолган 85 фоизи эса халқаро молия муассасалари томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади.
Аҳамиятлиси, лаборатория Европа ҳамда Ўзбекистон техник регламентининг белгиланган талаблари асосида барпо этилади ва таҳлилий хулосалари Европа давлатлари томонидан тўлиқ тан олинади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, лаборатория фойдаланишга топширилгач, нафақат енгил автомобиллар, балки қишлоқ хўжалик техникалари, оғир юк ташувчи транспорт воситалари ва уларнинг бутловчи қисмлари ҳам халқаро параметрлар бўйича синовдан ўтказилади. Асосий мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулот сифатини яхшилаш орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва истеъмолчилар манфаатини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгандир.