Хусусан, учинчи ташаббус доирасидаги ишлар аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан йигит-қизларни малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қиляпти.
Ўтган вақт мобайнида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан илғор халқаро тажриба асосида барча шаҳар ва туманлар марказида Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Электрон тижорат ва дастурлашни бепул ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида бизнес юритиш бўйича инновацион кўникмаларни шакллантириш, “стартап” лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича сезиларли натижага эришилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Бирлашган Aраб Aмирликларининг “Dubai Future Foundation” жамғармаси томонидан амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ёшларнинг ахборот технологияларига қизиқишини рағбатлантиришда муҳим стратегик қадам бўлди. Ўтган йили лойиҳага 120 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олинди. Уларнинг 18 мингдан ортиғи курсларни муваффақиятли тугатиб, сертификат олди. Келгусида бу кўрсаткични 300 мингга етказиш ва ёшларни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш ҳамда масофавий таълимни ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини берадиган ахборот тизимларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида энг кўп таҳсил олувчилар Навоий вилояти (36,6 минг), Қорақалпоғистон Республикаси (27,6 минг) ва Тошкент шаҳри (24,5 минг) ҳиссасига тўғри келади. Сирдарё (4,3 минг) ва Жиззах (5,9 минг) вилоятлари эса, қуйи поғоналардан ўрин олган.
Бу йил “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи бўйича юқори натижа кўрсатган Кармана туманидаги 2-мактаб ва Қўнғирот туманидаги 39-мактаб Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари бу йилдан бошлаб халқаро IT сертификатини қўлга киритган ёшлар харажатининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифасини қўйди. Бу саъй-ҳаракатлар учинчи ташаббуснинг тобора кенг қулоч ёйишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда ёшлар ва масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини берувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси устида изланиш олиб бориляпти. У ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунарли бўлиши, бир сўз билан айтганда, ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилади.
Соҳага оид илмий изланишларни давом эттириш, янада кенгайтириш мақсадида Тошкент вилоятида Тошкент ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудда техникумлар очилади.
Ўқув марказларидаги имкониятлар
Аҳоли, хусусан, ёшларни компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга ўргатиш учун мамлакатимиз бўйлаб 132 та Рақамли технологиялар ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказларда 240 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Йигирма бир минг нафардан ортиқ тингловчи компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари, робототехника, веб ва мобиль иловалар яратиш, ахборот технологиялари соҳасида инновацион тадбиркорлик асослари йўналишлари бўйича ўқув курсларини тугатди.
Рақамли технологиялар ўқув марказларида компьютер саводхонлиги, рақамли ва IT тадбиркорлик асослари, “Бир миллион дастурчи”, Frontend дастурлаш, Backend дастурлаш, график ва веб дизайн, Android иловалар яратиш, мобиль робототехника, киберспорт, SMM, IT Еnglish каби 11 турдаги ўқув курси ташкил этилган. Курсларни муваффақиятли битирган ўқувчиларга сертификат берилади.
Хоразмда янги — TechBika ўқув лойиҳаси жорий қилинди. Ундан мақсад минг нафар ўқувчи қизни ахборот технологиялари ҳамда ҳар хил соҳалар бўйича кенг қамровли ўқув дастури орқали юқори малакали мутахассис этиб тайёрлашга қаратилган.
Шу йилнинг 12-13 февраль кунлари Хоразм вилоятида TechBika лойиҳаси бўйича ўтказилган тадбирда 300 нафардан ортиқ хотин-қиз қатнашди. Тадбирдан сўнг ёшларга маҳорат дарслари ўтилди. Ҳозирга қадар 1 минг 210 нафар қиз ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирди.
Шунингдек, 19 февралдан 26 февралгача Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа, Қўшкўпир, Шовот, Янгиариқ, Боғот, Тупроққалъа, Хива, Ҳазорасп, Янгибозор, Гурлан туманлари ва Хива шаҳридаги Рақамли технологиялар ўқув марказларида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. 1-9 март кунлари ўтказилган тест синовларида 543 нафар хотин-қиз қатнашди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган 123 нафар хотин-қиз 10 мартдан Рақамли технологиялар ўқув марказларида компьютер саводхонлиги бўйича ўқишни бошлади. Шу йил 26 февралда давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми хотин-қизлар экани, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан экани қайд этилди.
Жорий йилда “ITWomen.Uz–2021” лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлиги ва компьютер саводхонлигига оид қисқа муддатли оффлайн ва онлайн тренинглар ташкил этиш кўзда тутилган. Уларнинг биринчи босқичи 35 ёшгача бўлган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларга мўлжалланган. Унда икки минг нафардан ортиқ хотин-қиз мобиль илова ва веб-сайт яратиш ҳамда компьютер дизайнерлик фаолияти, шунингдек, оффлайн психологик тренинглар бўйича амалий кўникмаларини ошириши мумкин. Ўқишни муваффақиятли якунлаган 1 минг 228 нафар хотин-қизга сертификат ва турли совғалар тақдим этилади.
Эҳтиёжга мос малакали мутахассислар
Юртимизда ахборот технологиялари бозори жадал ривожланиши баробарида IT мутахассисларга эҳтиёж ҳам тобора ошмоқда. Мана шу талабни қоплаш мақсадида корхоналарни малакали IT кадрлар билан таъминлаш учун маҳаллий олий таълим муассасалари қошида IT инкубация марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда шундай марказлар Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент молия институти, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Андижон машинасозлик институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида фаолият кўрсатмоқда.
Ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим ва кўникмасини оширишда IT паркларнинг ўрни беқиёс. Уларнинг резидентларига молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатиш билан бирга, таълим йўналишида ҳам қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, технопарк қошида IT академия очилиб, унда қатор йўналишлар бўйича етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда ўқув курслари ташкил этиляпти.
Ёшларнинг АКТга қизиқиши юқорилиги инобатга олиниб, Тошкент ахборот технологиялари университетида 2020-2021 ўқув йили учун рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда саккизта янги магистратура мутахассислиги очилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мазкур олий таълим муассасасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2020-2021 ўқув йили учун 500 талаба қабул қилинди. Умуман, бугунги кунда университет ва унинг филиалларида жами 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги узлуксизликни таъминлашда хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, илғор услубларни маҳаллий кадрлар тайёрлаш тизимига татбиқ этиш долзарб ҳисобланади. Шу боис, 2019 йилда Тошкент шаҳрида Амити университети фаолияти йўлга қўйилди. Унга хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчи жалб қилинди. Ўтган ўқув йилида 498 нафар талаба мазкур университетнинг биринчи курсини битирди. 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, мазкур олий таълим муассасасига 384 нафар талаба қабул қилинди.
Пойтахтимиздаги Инҳа университетида ҳам ўқув жараёни қизғин. Айни пайтда ушбу таълим даргоҳида 51 нафар профессор-ўқитувчи ва ассистент фаолият юритяпти. Талабаларнинг умумий сони 1 506 нафар.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда Ўзбекистоннинг бўлажак илғор кадрлари таълим оляпти. Жорий ўқув йилида уларнинг сафи янада кенгайди. Қабул квотаси 330 та этиб белгиланди ва кириш имтиҳонлари юртимизда биринчи маротаба онлайн шаклда икки босқичда ўтказилди.
Ихтисослаштирилган мактаблар ривожи учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ
Президентимизнинг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўтган йили ихтисослаштирилган таянч мактаблар ташкил этилиб, жиҳозланди. Тизимдаги корхона ва ташкилотлар ҳомий сифатида бириктирилиб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ўн миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу йил 82 та, 2022 йилда 64 та ва 2023 йилда 45 та шундай ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш кўзда тутилган.
2020 йилда ҳудудларда 14 та таянч мактаблар очилди. Ушбу мактабларга жами 1 325 нафар ўқувчи ҳужжат топшириб, жорий йилнинг 12 январь куни тест синовлари асосида 18 та гуруҳга 630 нафар ўқувчи саралаб олинди. Таянч мактабларининг 14 нафар директори ва 42 нафар информатика фани ўқитувчиси (ҳар бир мактабдан 3 нафардан) Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ), Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчилари томонидан ўқитилди (144 соат).
2021 йилда эса, ҳудудларда 82 та мактаб ташкил этилиб,164 та гуруҳга 4 920 нафар ўқувчи саралаб олинади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази ҳамкорлигида тасдиқланган қабул квоталари асосида қишки таътил кунлари ихтисослаштирилган мактабларга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш бўйича танлов ўтказилди.
Мухтасар айтганда, беш ташаббус доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ёш авлодни билимли ва етук кадр сифатида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омилдир.
Шуҳрат СОДИҚОВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини
ривожлантириш вазири








