Аёл-қизларни рози қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланиб бормоқда

    Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва асраб авайлаш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда уларга давлат томонидан манзилли ёрдам кўрсатишга Президентимиз доим долзарб масала сифатида қарайди.

    Жумладан, ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжманд, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини юритиш бўйича “Аёллар дафтари” ташкил этилди. Ўтган қисқа вақтда ушбу тизим орқали мамлакатимизда истиқомат қилаётган 6 миллион 385 мингдан зиёд хотин-қиз билан юзма-юз мулоқот қилиниб, ушбу дафтарга тўққизта мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилди. Бугунги кунгача улардан 80 минг нафарининг муаммолари ижобий ҳал этилди.

    Энг муҳими, ушбу тизим бугунги аёлни нима қийнаяпти, унинг муаммоларини қандай ҳал этиш мумкин, деган саволлар ҳақида чуқурроқ ўйлаш ва муаммоларга зарур ечим топишни ўргатди. Энди ҳар бир аёлнинг муаммосини ечиш бўйича аниқ ва манзилли режа ишлаб чиқилиб, бу орқали маҳалладаги қайси аёл билан қай тартибда ҳамда ким билан ҳамкорликда, қандай ишлаш кераклиги маълум бўлди.

    Бироқ тан олиш керак, ҳали соҳада бажариладиган ишлар, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Шу боис ҳам жорий йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу борадаги муҳим масалаларга алоҳида тўхталиб, соҳадаги мавжуд камчиликларни танқидий таҳлил қилган ҳолда бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифа ва топшириқларни белгилаб берди.

    Жумладан, йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинди. Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш барча даражадаги раҳбарларнинг бирламчи вазифаси экани, бу борада улар зиммасида жуда катта масъулият тургани, бунинг учун ҳар бир масъул қуйига тушиб, маҳаллаларга, оилаларга кириб, турмушда қийналаётган аёллар, хотин-қизлар муаммоларига ечим топиши, бу бўйича янгича тизимда ишлаши зарурлиги қайд этилди.

    Давлатимиз раҳбари бу ҳақда сўз юритар экан, “Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди”, дея масаланинг нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир таъкидлади.

    Видеоселектор йиғилишида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аёл-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмани эгаллаб, муносиб иш топишига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга ҳокимлар ва сектор раҳбарларига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Унга кўра, шу йил “Аёллар дафтари”даги етмиш мингга яқин хотин-қизни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш белгиланиб, бу борада нодавлат ташкилотлар хотин-қизларга энг яқин кўмакчи бўлиб келаётгани, шу боис бундай муассасаларга жой ажратиб, грантлар бериш зарурлиги таъкидланди.

    Ўтган йили “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, маҳаллаларда уйма-уй юриб хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш орқали ўттиз ёшдан юқори бўлган ўн бир минг нафар хотин-қизга тижорат банклари томонидан бир триллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган эди. Қолаверса, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 3 минг 335 нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 70 миллиард 922 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

    Эътиборлиси, йиғилишда мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтаётган ҳар бир тумандаги коллежларнинг бўш турган қисмини ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун тадбиркорларга ўттиз йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш вазифаси қўйилди. Бунга эса Бандлик жамғармасидан етмиш миллиард сўм ажратилиши, етмиш мингга яқин хотин-қизни тадбиркорликка жалб қилиш учун эса Халқ банки орқали икки триллион сўм кредит йўналтирилиши белгиланди.

    Эҳтиёжманд оилалардаги қизларни олий таълимга кенгроқ жалб этиш бўйича янги қадам сифатида энди ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан юз нафар, ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан эса эллик нафардан олий маълумотли бўлиш истагидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизнинг шартнома пули тўлаб бериладиган бўлди.

    Давлатимиз раҳбари бу масалада сўз юритар экан, “...ота­онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор”, деди.

    Йиғилиш давомида энг муҳим масалалардан бири сифатида оғир турмуш шароитида яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд аёлларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил этилди. Албатта, бугунги кунда юртимизда оилавий ажрашишлар, ишсизлик, етишмовчилик оқибатида уйга муҳтож бўлиб яшаётган аёллар талайгина. Шу боис давлатимиз раҳбари бу муҳим масалани ҳар доим чуқур ҳис қилган ҳолда уларга муносиб шароит яратиш, муаммоларини бартараф этишга жиддий эътибор қаратади.

    Хусусан, сўнгги йилларда бу борадаги изчил ислоҳотлар натижасида минглаб муҳтож аёлларга янги тураржойлар топширилди. Қолаверса, мамлакатимизда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими жорий этилди. Биргина ўтган йили оғир ижтимоий шароитда яшаётган 1 минг 246 нафар хотин-қизга уй-жой сотиб олиши учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 21 миллиард 746 миллион сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

    Видеоселекторда йиғилишида бу долзарб масала бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Унга кўра, вақтинча нотураржойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга ўн миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун беш миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланди. Бу маблағлар эса уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилади. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга тураржой ижараси компенсацияси учун ўн бир миллиард сўм ажратилиши мамлакатимизда яшаётган кўплаб хотин-қизларнинг бу борадаги муаммоларига ечим бўлиши аниқ.

    Бундан ташқари, ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида енгилликлар бериш, аёлларга, шу жумладан, тазйиққа учраганларга малакали психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Шу билан бирга хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи илгари сурилди.

    Албатта, видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикр ва таклифлардан тўғри хулоса чиқариб, бундан буён халқ ишончини, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этишимиз, ишга муносабатни тубдан ўзгартириб, амалий ишларимиз билан Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлашимиз зарур. Зеро, бугун юртимиздаги барча ислоҳот ва саъй-ҳаракатлар замирида, энг аввало, халқимиз, хусусан, хотин-қизларни рози қилишдек эзгу мақсад мужассамдир.

    Гулнора МАРУФОВА,

    маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг

    биринчи ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates