Аёлга эҳтиром — бахтли оила калити

    Бахтли оила — барча инсонларнинг олий орзуси.

    Бундай хонадон фақат унинг аъзолари ўртасидаги эҳтиромга асосланган бўлади. Агар бунинг акси бўлса, оила пойдевори дарз кетади, устунлари барбод бўлади.

    Аёлга эҳтиром деганда, бир қатор муҳим татбиқий одоблар назарда тутилади.

    Аввало, аёлга эҳтиром инсон зотига эҳтиромдир. Унга озор берилмайди, хорланмайди, ҳуқуқлари поймол қилинмайди. Зотан, аёлни ҳам Аллоҳ таоло яратган, бинобарин, унинг қадр-қиймати ва фазилатини У зотнинг Ўзи белгилаб қўйган. Шунинг учун ҳам у ҳурматга лойиқ. Шундай экан, бу масалага бепарво қараган эр ҳаддидан ошган ва ўзига зулм қилган бўлади.

    Аёлга эҳтиром – унинг қалбидаги иймонга эҳтиром. Чунки ҳар бир мўминнинг бошқа мўмин зиммасида маълум ҳақлари бор. Мўмина аёлнинг ҳаққи ўз эрига яқин бўлгани ҳамда ўрталарида келишув борлиги учун ҳам янада кўпроқдир. Агар аёл солиҳа ва тақводор бўлса, унинг ҳурмати яна ҳам кўпроқ ва қадри юксакроқ бўлади. Мабодо жоҳила, ёмон хулқли ва одобсиз бўлса, уни тўғриликка даъват қилиш лозим. Оқибатни эслатиш шарт. Таълим бериш керак.

    Аёлга эҳтиром – унинг Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишдир. Уларни бекам-кўст, ҳатто камолига етказиб адо этишдир. Зеро, Аллоҳ таоло аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларини унга эътиборсиз ёндашиш, бепарво қараш учун эмас, балки тўлиқ адо этиш, амалда татбиқ қилиш учун тайин қилган.

    Аёлга эҳтиром – унинг омонатини адо этиш, молиявий ҳақларини амалга ошириш, унинг ўзига тегишли бўлган ишларда ундан изн олиш, унинг шахсиятини, шунингдек, модомики шариат талабига жавоб берар экан, хоҳиш-истакларини ҳурмат қилиш, ўзига тегишли ишлардаги танловини ва ҳаёт тарзини муносиб баҳолашдир. Унинг қўлидан тутиб, Аллоҳнинг розилиги томон етаклашдир.

    Аёлга эҳтиром – унинг кичик ёшдаги болаларига тегишли ишлар ва шахсиятларига муносабат юзасидан танлов ҳуқуқини ҳурмат қилиш. Унинг фикрига эътиборсиз бўлмасликдир. Зеро, фарзандларни у отадан кўра яхшироқ идрок қилади, кўп ҳолларда улар нима хоҳлаётганларини яхшироқ билади. Ота фарзанд тарбияси борасида фақат ўзининг гапини ўтказадиган бўлмаслиги керак.

    Аёлга эҳтиром – унинг уйдаги қадр-қимматини, уй ишлари ва рўзғор юмушлари юзасидан танловини ҳурмат қилишдир. Зеро, уй ишлари аёлнинг зиммасида бўлиб, у хонадоннинг чироғидир. Уй – аёлнинг кичик ватани.

    Аёлга эҳтиром – унинг шахсиятини, ҳис-туйғуларини, табиатини ҳурмат қилиш, уни бахтли ва рози қилишга интилишдир.

    Аёлга эҳтиром борасида биз айтиб ўтган одоб намуналари қуйидаги ижобий натижаларга олиб келади:

    — ўғилларда онага ҳурмат ҳиссини пайдо қилади. Зеро, эр ўғиллар олдида масхаралаб, камситиб турадиган она одатда кичик ёшли ўғиллар тарафидан ҳам худди шундай таҳқирлашларга дучор бўлади. Ўғил улғайгани сари бу ишлар ҳам давомийлашиб, изчиллашиб бораверди;

    — ўғилларнинг дилида ҳурмат қилинадиган зот сифатида аёлнинг қадриятини мустаҳкамлаб қўяди. Натижада ўғиллар аёлнинг қадрини биладиган, ҳурматини жойига қўядиган, ҳозирги ва келажак ҳаётда уни қадрлайдиган шахслар бўлиб етишади;

    — она ўғилларига берадиган кўрсатмаларнинг қийматини оширади. Уларнинг одоб-ахлоқини тартибга солиш, эгриликка оғишишнинг олдини олишда онага ёрдам беради;

    — ота уйда бўлмаган пайтлар она худди тарбиячи, йўналиш берувчи ва муаллимдек иш юритади. Демак, аёлга эҳтиром унинг ўз вазифасини муваффақият билан адо этишида кучли омил бўлади;

    — эр ўз аёлини ҳурмат қилиши унинг ўз одоб-ахлоқини ҳам тўғрилаб туради, гўзал фазилатлар пайдо қилади, юксак маънавий ахлоқ билан безайди;

    — аёлни ўз оиласида ҳам, одамлар олдида ҳам мукаррам зот қилиб қўяди. Шахсиятини кучли қилади. Ўзига ишончини мустаҳкамлайди. Қийин вазиятларда ақл ва сабр-бардош билан иш тутишни, оғриқли дамларда босиқ ва вазмин бўлишни ўргатади;

    — хонадон Пайғамбар алайҳиссаломнинг юксак, олижаноб ва маънавий ахлоқлари бўлмиш ислом одоби билан зийнатланади. Чунки у зот ўз аёлларига энг ширин гапларни саралаб айтар, уйнинг зарур ишлари масаласида улар билан маслаҳат қилар эдилар.

    Шулардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аёлга эҳтиром кўрсатилмаса, уйдаги бахтиёрлик, сокинлик, гўзал тарбия ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ўз ўрни бўлмаган ва қадр топмаган хонадонда ҳаёт кечираётган аёл дил ва танаси билан азоб, ҳасрат чекиб яшайди. Ота уйини тарк қилиб, турмуш қурганига афсус-надоматлар қилади. Аёлга ўзининг диндоши, онаси, опа-синглиси, бир умрлик жуфти ҳалоли сифатида қарамаган эркак халқнинг олдида ҳам, Ҳақнинг олдида ҳам маломатга маҳкумдир. Чунки аёл ҳам Аллоҳ таолонинг латофатли бандасидир.

    Алоуддин ҲОФИЙ

    Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

    катта илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates