Шароф Рашидов тумани “Қанли” маҳалла фуқаролар йиғини нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси бўлган отахон учун ҳар куни шундай бошланади: кимнингдир эшиги қоқилади, кимнингдир юзига табассум улашилади, кимнингдир дарди эшитилади. Майдалаб ёғаётган ёмғир, юзни қизартирадиган даражадаги изғирин шамол ҳам Имомқул ота учун аҳамиятсиз. Асосийси, одамларнинг шодлигию ташвишига дахлдорлик ва маҳалланинг тинчлиги. Унинг бу одатини маҳалладошлари яхши билади. Шу боис, бирон киши муаммога дуч келса, ечимини сўраб ишонч билан оқсоқолга мурожаат қилади.
Имомқул ота доимгидек аҳоли ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиш билан банд. Куннинг маромини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган, ҳаётидаги энг унутилмас ва кутилмаган воқеа яқинлашиб келаётганидан ўзи ҳам бехабар эди. Ҳа, ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой. Баъзан бир дақиқа, ҳатто бир қадам ҳам инсон тақдирида муҳим бурилиш ясаши мумкин.
Бир пайт вилоят ҳокимлигидан масъул шахс қўнғироқ қилиб: “Имомқул ака, табриклаймиз! Президентимиз томонидан сизга махсус совға юборилди. Илтимос, уйингизда бўлиб туринг, фарзандлар, неваралар, яқинлару қўшниларингизни ҳам чақиринг. Бир соатдан кейин вилоят ҳокими шахсан ўзи бориб, совғани топширади”, деди.
Бу хабарни эшитган Имомқул ака аввалига ишонмади. Бир лаҳзада юраги қаттиқ уриб кетди. “Менга? Қандай қилиб?” деган саволлар хаёлини чулғаб олди. Умри давомида маҳалла тинчлиги, ёшлар тарбияси, қариялар хизмати учун бутун қалби билан ишлаган бўлса-да, бундай юксак эътиборга лойиқ кўрилиши ҳақида ҳеч қачон ўйламаган эди.
Кўп ўтмай, уйи олдида хизмат машиналари келиб тўхтади. Вилоят ҳокими жиззахлик фаоллар ҳамроҳлигида катта ҳурмат билан Президентимизнинг самимий миннатдорлик мактуби ҳамда “Сobalt” автомашинаси калитини Имомқул Бердиевга топширди.
Мактубни қўлига олган пайтда оқсоқолнинг бармоқлари сезилар-сезилмас титради. Номадаги ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз ва ифода унинг юрагига чуқур кириб борди. Отахон бу эътиборни ўзи билан бирга бутун маҳалласи, қўни-қўшнилари, елкадош фаолларга юксак эътибор рамзи сифатида қабул қилди.
Овози ҳаяжондан титраб: “Президентимиз назарига тушиш мен учун катта бахт. Маҳаллам, юртим учун хизмат қилиш — энг юксак шараф. Мана шундай ишонч эса мени янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди”, деди. Оила аъзолари, қўшнилар ва маҳалла нуронийлари ҳам бу қувончга шерик бўлди, самимий табриклади.
— Тўғриси, жуда хурсандман. Миннатдорлигимни қандай ифодалашни билмайман. Зеро, бу Президентимизнинг туманимиз, маҳалламизга юксак эътиборининг ёрқин намунасидир. Бу мукофот зиммамга катта масъулият юклади. Ҳозир шу ҳақда ўйлаяпман. Шунга яраша, ғайрат-шижоатим ҳам ошмоқда. Бундан кейин ҳам бор билимим ва тажрибам билан Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигига хизмат қиламан, — деди Имомқул Бердиев. — Бугун мамлакатимиз, хусусан, Жиззахдаги улкан ўзгаришларни кўриб, ҳайратдамиз. Президентимизнинг вилоятимизга сафари чоғида сўнгги саккиз йилда Жиззахда саноат қиймати 2,5 триллиондан 25 триллион сўмга, хизматлар 2,5 триллиондан 20 триллионга, қишлоқ хўжалиги 9 триллиондан 30 триллион сўмга ошгани таъкидланди. Албатта, бу сўзларни айтиш осон. Бундай улкан натижалар замирида, меҳнат, заҳмат, фидойилик, ватанпарварлик мужассам. Булар янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси. Президентимизнинг ҳар бир сўзи, борган ҳар бир манзили вилоятимиз аҳли учун катта имконият, янги босқичнинг бошланиши бўлди. Айниқса, ўзим туғилиб ўсган Шароф Рашидов туманига кўрсатилган алоҳида эътиборни кўриб, чин дилдан қувондим.
Инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун вилоятимизга келгуси йили қарийб 10 триллион сўм ажратилиши мисли кўрилмаган ўзгаришларнинг бошланишидир. Шундан 1 триллион
700 миллиард сўми айнан Шароф Рашидов туманига йўналтирилар экан. Бу халқимизнинг меҳнатини эътироф этиш, туманнинг салоҳиятига юксак ишончдир.
Қолаверса, 9 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилашга Жаҳон банки томонидан 8 миллион доллар ажратилиши ҳам туманимиз аҳолиси учун жуда катта янгилик бўлди. Бу маблағ, албатта, ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча ва ҳар бир оила турмушига бевосита таъсир қилади.
Туманимиздаги Эски тошкентлик, Сарайлик, Яхтанлик ва Тараққиёт маҳаллаларида 300 дан ортиқ хонадон мебелчилик билан шуғулланади. Ушбу соҳа учун 3 гектар ерда махсус мебелчилик маркази ташкил этилади. Бу иш оддий цех эмас, балки саноат даражасига кўтарилган, минглаб оилаларнинг даромадини оширадиган йирик устахона бўлади дегани. Натижада 1500 дан зиёд инсоннинг даромади кўпаяди.
Давлатимиз раҳбари туманимизда битта ҳам истироҳат боғи йўқлигига эътибор қаратди. Бу жуда тўғри. Инсонга дам оладиган, фарзандлари, неваралари билан сайр қиладиган жой ҳам керак. Шу боис, Янгиҳаёт маҳалласидан ажратилаётган 10 гектар ерда яшил боғ барпо этиш учун 10 миллиард сўм ажратилиши туманимиз аҳлига улкан совға бўлди.
Яна қатор муҳим топшириқлар берилди. Ажратилаётган маблағлардан оқилона, халқ манфаати йўлида фойдаланиш, уларни ўсиш нуқталарига йўналтириш шулар жумласидан. Бу жуда ўринли талаб.
Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация сифатида ривожлантириш учун мастер режа ишлаб чиқилади. Европалик мутахассислар жалб қилиниб, замонавий тажриба, илғор шаҳарсозлик ишлари бажарилади. Бу ҳам туманимизга янгича руҳ беради.
Жиззах шаҳри ва туманимиз ўртасидаги 40 гектар ҳудудда 1200 хонадонли 50 та кўп қаватли уй, боғча, мактаб, шифохона барпо этилиши, йўл ва электр инфратузилмалари қурилиши — буларнинг барчаси халқ учун, авлодларимиз учун катта имконият. Муҳими, икки ҳудудни боғлайдиган ягона жамоат транспорти тизими йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, янги массивда ягона маъмурий марказ қурилиб, туманимиздаги барча давлат ташкилоти шу ерга кўчирилиши ҳам бошқарувни яхшилайди. Халқ билан давлат идоралари ўртасидаги масофани қисқартиради.
Президентимиз ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифаларни эшитиб, туманимиз ва вилоятимиз ҳаётида ҳақиқатан янги давр бошланганини англадим. Бу ишларнинг амалга ошиши юртимизни обод, халқимизни янада фаровон қилади.
Имомқул ота билан хайрлашар эканман, юзидаги самимий табассум ва кўзидаги қувончни кўриб, унинг ҳаётдан, бугунги ислоҳотлардан қанчалик мамнун эканини англадим. Отахоннинг фаоллиги, самимийлиги, фидойилиги ва ватанпарварлиги ҳар қандай инсонда ҳавас уйғотади.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








