Таълим трансформацияси: ихтисослаштирилган мактаблар — умумтаълим таянчи

    Фикр 20 декабр 2025 139

    Мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, иқтидорли ёшлар билан ишлаш ҳамда уларнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар самараси яна бир бор бўй кўрсатди. Хусусан, Хива шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Шоҳжаҳон Кўпалов халқаро математика чемпионатида 50 дан ортиқ давлатдан келган иштирокчи орасида мутлақ ғолиб бўлди.

    Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг иқтидорли икки ўқувчиси эса Печак лигасига кирувчи, жаҳон университетлари рейтингининг юқори ўринларидан бирида турувчи Пенсилвания университетига ўқишга қабул қилинди. Айни натижалар Президент мактаблари тармоғида татбиқ этилаётган замонавий таълим методлари, индивидуал ёндашув ва илмий изланишга йўналтирилган ўқув муҳити самарасидир.

    Ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари эришаётган натижалар Ўзбекистон илм-фанини дунёга танитишга хизмат қилаётир. Халқаро фан олимпиадаларида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган ёшларнинг 90 фоизи ана шундай мактаблар ўқувчиси экани фикримизни тасдиқлайди. Жумладан, ўтган йиллар мобайнида ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари 24 та олтин, 44 та кумуш, 55 та бронза медаль соҳиби бўлган. Ҳатто бу йил халқаро математика олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этган энг ёш қатнашчи — 7-синф ўқувчиси Умарбек Убайдуллаев ҳам Сергели туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқийди. Шу маънода, бу типдаги ўқув муассасаларига ишонч ортиб боряпти. Улар тажрибасини умумтаълим мактабларида ҳам татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди.

    Мамлакатимиз бўйлаб 5000 та умумтаълим мактабида ўқитиш сифатини оширишга қaрaтилган янги баҳолаш тизимини жорий этиш ва амалиётга татбиқ қилиш борасида ихтисослаштирилган таълим муассасалари методик ҳамда амалий кўмак бериб келмоқда. Ўз навбатида, бу ўқув жараёни самарадорлигини таъминлаш, таълим мониторинги билан боғлиқ замонавий ёндашувларни умумтаълим муассасаларига етказиш ва педагоглар малакасини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Шу йил 9 сентябрь куни мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари юртимизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум борлиги, лекин уларга ёшларнинг қизиқиши, касб топиш кўрсаткичи юқори эмаслигини қайд этди. Шунинг учун энди техникумларга ҳам Президент ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси асосида халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш зарурлиги таъкидланди. Бу эса умумтаълим тизимидаги янгиланишлар самара бераётганига ишора.

    2019 йилда ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари сони бор-йўғи 12 та бўлган, бугун эса бу кўрсаткич

    200 дан ошди. Ушбу мактабларда фаолият юритаётган педагоглар 9000 га етди. Ўқувчилар сони эса 3500 дан 73 минггача кўпайди. Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилида 17 та ҳудудий ихтисослаштирилган мактаб, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг филиаллари очилди. 9 та ижод мактаби ва ихтисослаштирилган таълим муассасаси мамлакатимиздаги етакчи 10 таликка кирди. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабларда шахмат дарслари, “Ёш академиклар” клуби фаолияти, академикларнинг маҳорат дарслари йўлга қўйилди. Таълим жараёни 5 кунлик ўқитиш тизимига ўтказилди.

    Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларда халқаро IB ўқув дастури асосида дарс берилмоқда. 30 та ихтисослаштирилган мактабнинг 5-6-синфларида SТЕМ фанлар инглиз тилида — Кембриж таълим дастури ҳамда дарсликлари асосида ўқитилмоқда. Хитойнинг 5 та нуфузли таълим ташкилоти билан меморандум имзоланди.

    Бу мактабларда ўқувчилар ўқиш ва ижоддан бўш вақтини спортда ҳам фаоллик кўрсатиш билан ўтказяпти. Спорт турлари бўйича 23 ўқувчи миллий терма жамоа аъзолигига қабул қилингани, “Президент олимпиадаси” спорт мусобақасида бокс бўйича 9 та медаль қўлга киритилгани фикримиз тасдиғидир.

    Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига ўқишдан ташқари таълим доирасида иқлимшунослик, боғдорчилик, деҳқончилик сирларини ўргатиб келингани самараси ҳам кўрина бошлади. Президентимизнинг 2024 йил 1 апрелдаги “Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Ёш академиклар” клубини ташкил этиш, ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши ва қишлоқ ­хўжалиги йўналишларида янги маҳсулот ёки хизмат турини ишлаб чиқишни назарда тутувчи “Ихтирочиликка қадам” танловини ўтказиш белгилаб қўйилган. Шу маънода, ихтисослаштирилган мактабларда экологик таълим йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

    Айни пайтдаги глобал иқлим ўзгаришлари, экологик мувозанатнинг ўзи ҳам таълим муассасаларида экологик тарбияга жиддий эътибор берилиши зарурлигини кўрсат­япти. 2021 йилдан буён баъзи мактаблар “Eco-Schools Uzbekistan” халқаро дастурида иштирок этиб келаётгани, уларнинг 50 дан ортиғида иссиқхона барпо этилгани эътиборга молик. Бу, аввало, биология йўналишида таҳсил олаётган ёшларнинг назарий билимини амалиётда қўллашига хизмат қилмоқда. Қолаверса, маҳсулотлардан кичик стартап сифатида фойдаланишга ҳам йўл очиляпти. Талаб юқори бўлган маҳсулотларни сотиш орқали мактабга керакли жиҳозлар, иссиқхона учун кўчат, уруғ, ўғит кабиларни сотиб олиш имконияти кенгаяди. Иссиқхона ортидан тадбиркорлар билан шартнома тузиб, даромад топаётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, бунга ишонч ҳосил қилдик. Намангандаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирининг ўқувчилари тайёрлаган инновацион лойиҳа — ҳарорат, намлик, шамол кучи ҳамда бошқа метеорологик кўрсаткичларни аниқлайдиган “Clima Sense” ҳам мактабларда иссиқхона хўжалигини йўлга қўйишда орттирилган тажриба мевасидир.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Eco-Schools Uzbekistan” дастури доирасида “Ёш фермер” лойиҳаси йўлга қўйилган. Унга 2021 йили 22 та, 2023 йили 40 та, ўтган йили 89 та, бу йил эса 139 та мактаб жалб этилди. Аъзо мактабларга шароитдан келиб чиқиб, иссиқхоналар қуриб берилади. Иссиқхонага эга бўлган мактабларда боғдорчилик учун зарур шароит яратиб берилган. Ўқувчиларнинг иссиқхона хўжалигига доир билимини шакллантириш, иқлим ўзгариши ва тупроқ деградациясига таъсирини ўргатиш учун экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиляпти. Бу лойиҳа кўлами тобора кенгайиб, халқаро ташкилотларда ҳам қизиқиш уйғотаётир.

    Йигирмага яқин ихтисослаштирилган мактабда амалиётга татбиқ этилган “Zero Waste” (ноль чиқинди) лойиҳаси чиқинди муаммосига ечим топишга қаратилган. Бу йўналишда ҳам кўплаб ўқувчилар янги-янги ғоялар, стартаплар ишлаб чиқиб, танловларда ғолиб бўляпти.

    Ҳозир ёшларнинг иқтидори, салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қиладиган танловлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга. Айниқса, ёшларнинг сунъий интеллектга қизиқишини оширувчи танловларга эҳтиёж катта. Шу йил 28 ноябрь куни пойтахтимизда сунъий интеллект бўйича ўтказилган халқаро форумда давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар бунга янада кенг йўл очади. Айни вазифаларни бажариш учун Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги “Silkroad Innovation Hub” асосчиси билан муҳим келишувларга эришди. Бу орқали ўқувчи ва ўқитувчилар сунъий интеллектга асосланган таълим дастурлари, замонавий ўқув-семинарлар, онлайн таълим платформаларидан кенг фойдаланиши мумкин.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates