Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва “Хавфсиз дарё” давлат унитар корхонаси томонидан жойларда назорат тадбири ўтказилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрганилганда ўндан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мораторий талабларига риоя этилмай, муқаддам Геология вазирлиги томонидан берилган лицензиялар асосида ҳанузгача қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари давом эттирилаётгани аниқланди.
Оқибатда ҳудудда Чирчиқ дарёси қирғоқлари айрим жойларда 30 метргача емирилган, сувни муҳофаза қилиш зоналари турли чиқиндилар билан ифлослантирилган ва бетартиб қазиш ишлари туфайли сизот сувлари юзага чиқиб қолиши ҳолатлари кузатилди.
Шу каби, амалдаги меъёрлар қўпол тарзда бузилган ҳолда дарёнинг соҳил бўйи минтақасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводи қурилиб, ҳозирда фаолият юритиб келмоқда.
Айни вақтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан мансабдор шахсларнинг бепарволиги ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ноқонуний фаолияти натижасида табиатга етказилган зиён кўлами ва зарар миқдори аниқланмоқда.
Натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.