Буюк мақсадимиз рамзи

    Фикр 9 декабр 2025 320

    Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзуси, аждодлар сабру матонатидан туғилган бебаҳо неъмат. Янги Ўзбекистон эса ана шу мустақилликнинг янги мазмуни, янгича тафаккур ва ишончли тараққиёт тимсолига айланди.

    Бугун мамлакатимизда инсон қадри улуғланиб, адолат ва очиқлик тамойилларига таянган жамият барпо этилмоқда. Конституциямизнинг янги таҳрири эса бу ўзгаришларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаб, давлат ва жамият ҳаётида янги саҳифа очди.

    Ёруғ кунларга интилиб яшаган авлод учун мустақиллик ҳам ғурур, ҳам масъулият. Эзгу меҳнат, ҳар бир орзу, ҳар қандай фидойилик бу неъматнинг асосига қўйилган пойдевор­дир.

    Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон” ту­шунчаси халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди. Чунки у орқали ўтмиш хатоларидан сабоқ чиқарган, мажбурий меҳнатдан холи бўлган, инсон қадрини улуғлайдиган, адолат­ли ва очиқ жамият қураётган давлат намоён бўлмоқда.

    Янги Ўзбекистон дунёга очиқ, қўшниси билан тинчликни устун деб билган, иқтисо­дий дипломатия билан янги бозорлар очаёт­ган, имкониятга тўла замин. Шунингдек, у ўзгалар ёрдамини бир томонлама эмас, ўзаро манфаат асосида қўллаётган юксак маданият ва ҳақиқий дўстлик ҳиссига эга давлатга ай­ланди.

    Юртимизга, давлатимиз раҳбарига билди­рилаётган юксак ҳурмат ва эътироф дунёда ўрнимиз мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин исботидир. Бугун Ўзбекистон нафақат сиёсий ва иқтисодий майдонда, балки инсон қадрини юксалтиришда ҳам ўрнак бўлаётган давлат сифатида танилмоқда. Давлат билан давлат, халқ билан халқ ўртасидаги юракдан чиққан самимий муносабатлар айнан шундан далолат беради.

    Халқимизнинг ишончи ва муҳаббати — энг олий мукофот. Ана шу ишонч бошлан­ган ҳар бир ишга куч, ҳар бир қадамга руҳ, ҳар бир саъй-ҳаракатга барака бағишла­моқда.

    Сўнгги йиллардаги кенг кўламли исло­ҳотлар Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда мустаҳкамланди. Бош қомусимиз инсон қадрини юксалтириш тамойилини дав­лат сиёсатининг марказига қўйди. Ижтимоий давлат тамойилларини янада мустаҳкамлади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини за­мон талабларига мос равишда кенгайтирди. Халқ билан мулоқот, адолатли суд тизими ва очиқ бошқарув тамойилларини конституция­вий кафолатлади.

    Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичи — “инсон қадри учун” тамойилига асосланган давлат бошқаруви моделига ўтгани исботидир. Конституциямиз эса айнан шу ишончни мустаҳкамлаш, давлат ва жамият муносабатларини янада самарали қилиш йўлида ҳуқуқий асос вазифасини ба­жаради.

    Янги Ўзбекистон Конституцияси — оддий ҳужжат эмас. Бу халқнинг тарихий хотираси, бугунги ишончи ва эртанги кунига қатъий қадами, миллатнинг ўз келажагини ўзи яратиш йўлидаги буюк мақсади рамзидир.

    Баҳодиржон

    ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат

    университети ректори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates