Баҳор куйчиси

    Маданият 1 март 2021 5562

    Бугун баҳорнинг биринчи куни. Баҳор дейилганда кўнгилда соҳир туйғулар уйғонади.

    Инчунин, баҳор, садоқат, вафо куйчиси, халқимизнинг ардоқли шоираси Зулфия ҳам шу кунда туғилган.

    Бу икки санада ажиб бир уйғунлик бордек. Шу боис бу кунни муносиб нишонлаш Тошкент тиббиёт академияси ўқитувчи, талабалари учун анъанага айланган.

    Зулфияхонимнинг бой ижодий меросини чуқур ўрганиш, шоиранинг она Ватан, вафо ва садоқатни тараннум этувчи шеър ва ғазалларини талаба ёшлар қалбига кўчириш учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилиб, талабалар турар жойларида шоира ижодига бағишланган турли танлов, мушоира, шеърият кечалари ҳам ўтказилди.

    Дарслар ва амалий машғулотлардан ортиб, махсус тўгаракларда тайёрланган байрам сценарийси бугун эрта тонгдан адиблар хиёбонига жам бўлган шеърият ва адабиёт ихлосмандларини бефарқ қолдирмади.

    Бўлажак шифокорлар севимли шоирларимиз Зулфия ва Ҳамид Олимжон образларини таъсирли қилиб гавдалантириб бера олиш билан бирга, санъат ва адабиётнинг тиббиёт илми билан ҳамоҳанг жиҳатлари, инсон саломатлигига хизмат қиладиган умрбоқий маънавий мерос эканлигини ўзларининг бадиий-мусиқий чиқишлари орқали ҳам намойиш этдилар.

    Тадбирда Зулфияхоним ижодининг мухлислари, шоиранинг қариндошлари, яқин ёру дўстлари ва шогирдлари иштирок этишди.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтган тадбирда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ёшлари ва Тошкент тиббиёт академияси қошидаги адабий тўгарак иштирокчилари томонидан Зулфия ва Ҳамид Олимжон қаламига мансуб шеърлар янгради.

    Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати