Бу борадаги ишлар босқичма-босқич тумандаги барча маҳаллаларни қамраб олмоқда. Мисол учун, Оққўрғон туманида 220 нафар, Бекобод туманида 213 нафар ёшга деҳқончилик учун e-auksion платформаси орқали ер ажратиб берилди.
– Оққўрғон тумани «Гулистон» маҳалласида яшайман. Ёшим 29 да. Ишсиз эдим. Ер ажратилганидан хурсандман, – дейди Адҳамбек Султонов. – Қизил ловия экмоқчиман. 40 сотих жойдан йилига икки марта ҳосил олиш режам бор. 20-30 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаяпман. Мутасадди раҳбарга катта раҳмат.
Айни пайтда далада иш қизғин бўлиб, кўзларида эртанги кунга ишонч акс этган йигит-қизларнинг фаоллигини кўриш мумкин. Берилган имкониятдан самарали фойдаланиб, даромад олиш мақсадида турли сабзавот кўчатлари ва уруғларини ерга қадашмоқда. Зеро, бугунги самарали меҳнат эртанги мўл ҳосил гаровидир.