Орзулар рўёбига хизмат қилаётган дафтар

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 7 февраль сонида журналист Суҳроб Шеровнинг “Орзулар рўёбига хизмат қилаётган дафтар” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ёшлар камолоти ҳамма даврларда ўта долзарб вазифа саналган. Мамлакатимизда ҳам бу масала бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Эътиборли жиҳати, бунинг натижасида ёш авлоднинг имкониятлари кенгаймоқда. Иқтидор соҳиблари муносиб рағбатлантириляпти. Истеъдод эгалари билдирилган ишончга жавобан юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Бу имкониятлардан Бухоро вилоятида истиқомат қилаётган 1 миллион 40 минг нафарга яқин йигит-қиз самарали фойдаланишга интилмоқда.

    Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудуд ёшларига эътиборни янада оширди. Қарорга асосан, вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчиси лавозими жорий қилинди. Натижада йигит-қизлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ёшлар баланси шакллантирилди.

    Қисқа вақт оралиғида бевосита етакчилар тавсияси асосида 10 минг 500 нафардан зиёд ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Ўтган йили келиб тушган мурожаат, хатлов ва ўрганишлар асосида 15 мингдан зиёд йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилди. Касб-ҳунарга ўргатиш, имтиёзли кредит, ер майдони ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоиймоддий қўллаб-қувватлаш натижасида бухоролик йигит-қизларнинг 69 фоизи қисқа фурсатда моддий манфаатдорлигини ошириш имконига эга бўлди. Бу билан улар “Ёшлар дафтари”дан ҳам чиқарилди.

    — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий қилинган тизим бугун эҳтиёжманд йигит-қизларни “Ёшлар дафтари”дан чиқаришнинг муҳим йўналишларини ҳам белгилаб берди. Шунга асосан, 200 нафарга яқин йигит-қиз ишга жойлаштирилди. Қарийб 150 нафарига кредит ажратилди, 2 минг нафарга яқин ёшнинг деҳқончилик билан шуғулланиши учун имконият яратилди. Салкам 3 ярим минг нафар ёшга меҳнат қуроллари хариди учун субсидия ажратилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. — Бу рақамлар, аввало, лаёқати бор, лекин имконият тополмаётган йигит-қизларга давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигини амалда кўрсатмоқда.

    Бундан ташқари, 150 нафарга яқин ёшга ижара харажати учун субсидия ажратилди, 3 ярим минг ёшга турли ижтимоий ёрдам, жумладан, контракт тўлови, тиббий хизмат, психологик хизмат, турар жой ижараси учун кўмак берилди. “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган эртамиз эгаларининг қай бири билан мулоқот қилманг, уларда юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси янада ортганини кўриб, қувонамиз.

    Эртамиз эгаларининг моддий таъминотини яхшилашда “Ёшлар жамғармалари” ҳам муҳим аҳамият касб этяпти. Жумладан, жамғарма маблағлари ҳисобидан ўтган йили “Ёшлар дафтари”га киритилган 8 мингдан зиёд ёшга 74,6 миллиард сўм ажратилди. 677 нафар аҳволи нисбатан оғир бўлган йигит-қизларга 801,4 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. “Ёшлар дафтари”нинг муҳим йўналишларидан бири “Таълимга мадад” лойиҳаси доирасида ҳам вилоятда кенг қамровли ишлар бажариляпти.

    Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Фарангиз Турсуналиева ҳам мавжуд имконият туфайли 4-босқичда ўқишни давом эттираётганидан мамнун.

    — Бухоро давлат тиббиёт институтида стоматология йўналиши бўйича таҳсил оляпман. Оилавий шароитимиз сабаб бу йил ўқишни давом эттира олмайман, деган хавотирда эдим. Аммо маҳалладаги ёшлар етакчиси мушкулимни осон қилди. Ўқув шартнома пулининг 50 фоизи давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Бу яхшиликни оқлаб, келгусида етук тиббиёт ходими сифатида юртимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман, — дейди Фарангиз Турсуналиева.

    — Яна бир муҳим жиҳат: 2021-2022 ўқув йилида вилоятдаги мавжуд таълим муассасаларини 34 минг 641 ўқувчи ва талаба тамомлади. Мактаб битирувчиларининг 11 минг 797 нафари олий таълим муассасаларига, 2 минг 912 нафари профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди, — дейди Шавкат Раҳмонов. — Ўтган давр мобайнида таълим муассасаларини тамомлаган 21,5 мингдан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланди. Бугунги кунда ишли бўлган барча битирувчилар рўйхати шакллантирилган. Халқаро имтиҳон тизими бўйича юқори балл олган қарийб 800 нафар йигит-қизнинг 1,4 миллиард сўмлик имтиҳон харажати қоплаб берилди.

    “Бир миллион ўзбек дастурчиси” курсларини тугатиб, сертификат олган ёшларга тижорат банклари томонидан компьютер хариди учун ажратилган истеъмол кредитининг 155,8 миллион сўм миқдордаги фоизи тўлиқ компенсация қилиб берилди. Бу эътибор ҳам ёшларга янги куч ва шижоат бағишлади. Зарур ускуна ва меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидиялар ажратиш ҳисобидан ҳам вилоятдаги 3,5 мингга яқин йигит-қиз иш ўрнига эга бўлди. Жумладан, Бухоро шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Хуршид Тоҳиров ҳам имкониятлар сабаб уста-ҳунармандлар қаторига қўшилишга ҳаракат қилмоқда.

    — Қадим ҳунарлардан саналган заргарликни бир неча йилдан буён ўрганиб келяпман. Аммо ўзимда етарли дастгоҳлар бўлмагани сабабли мустақил иш бошлай олмаётган эдим. Менга субсидия асосида замонавий ускуналар олиб берилди. Энди миллий ҳунармандчилик ривожига ҳисса қўшиш учун менда ҳам имконият пайдо бўлди, — дея миннатдорлигини билдирди Х.Тоҳиров.

    Вилоятдаги кенг кўламли ислоҳотлар турли дастур ва лойиҳаларнинг самарадорлигини ҳам оширяпти. Ўтган йил давомида Бухорода қарийб 11 минг ёшга 259,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш орқали 10 833 та иш ўрни яратилгани мисолида буни кўрсатиш мумкин. Вилоятдаги драйвер соҳалардан бири — аграр тармоқ. Қишлоқларда яшаётган 2 мингга яқин ишсиз ёшга деҳқончилик билан шуғулланиши учун ўтган йили 386,2 гектар ер ажратилди.

    Шунингдек, ғалладан бўшаган ернинг 1 минг 144 гектари 2 минг 751 нафар ёшга такрорий экин экиш учун берилди ва улар ҳам турмуш шароитини яхшилаб, оилавий даромадини ошириш имконига эга бўлди. Умуман олганда, куч-қувват ва шижоатга тўла ёшларнинг ютуқлари, эришаётган натижалари, кўзлаётган марралари салмоғи юқорилаб бормоқда. Эртанги кунимизнинг фаровон бўлиши, аввало, бугунги ёш авлоднинг иқтидори ва истеъдоди, билими, интилиши ва саъй-ҳаракатига боғлиқ. Барча имконият эшиклари очилган юртда эса, албатта, кўзланган мақсадлар ортиғи билан рўёбга чиқишига шубҳа йўқ.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates