Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2017-2022 йиллар учун банан импортини таҳлил қилди.
2022 йилда Ўзбекистонга банан импорти ҳажми аввалги йилдагига қараганда 1,5 баравардан кўпроққа ошган. Қолаверса, ушбу маҳсулотнинг импорти ҳажми мана иккинчи йилдирки жадал сутъатда ўсишда давом этаяпти.
UN COMTRADE ва TRADEMAP маълумотлар базасига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонга банан импорти ҳажми 140,2 минг тоннани ташкил қилган. Бу эса аввалги йилдагига қараганда 1,6 баробар кўп демакдир. Таққослайдиган бўлсак, 2021 йилда мамлакатимиз 2020 йилдагига нисбатан 2,2 баробар кўп банан импорт қилган.
2020 йилда Ўзбекистонга банан импорти ҳажми 2019 йилдаггига нисбатан 7 фоизга камайган. 2020 йилда COVID-19 пандемияси бошланишидан олдин Ўзбекистонда банан истеъмоли тез ва сезиларли даражада ўсаётган эди, аммо, ўсиш тенденцияси коронавирус таъсири туфайли тўхтаб қолди.
Кейинги йилларда импортнинг ўсиши тикланди. Банан истеъмолининг ўсишига ҳукуматнинг ушбу маҳсулотга импорт божхона тўловларини нолга тушириш ҳақидаги қарори туртки бўлди. 2021 йилнинг октябрь ойидан Ўзбекистонда банан импорти учун нолга тенг божхона ставкаси тартиби амал қилмоқда ва бу муддат бир неча бор узайтирилди. Айни чоғда нолга тенг ставка 2024 йилнинг 1 январигача амал қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, банан импорт қилувчи кўпгина мамлакатларда ушбу маҳсулот учун импорт тариф божи мавжуд. Масалан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларда банан учун импорт ставкаси 4 фоизни ташкил этади (лекин 1 килограмм учун камида 0,015 эвро), Японияда мавсумий ставка қишда 18 ва ёзда 8 фоиз, Жанубий Кореяда - 30 фоиз.
Ҳукумат томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар, шунингдек, аҳоли саломатлиги учун билвосита ва яна бир қанча фойдали жиҳатларга эга. Гарвард университети жамоатчилик соғлигини сақлаш мактаби тадқиқотига кўра, банан саломатлик учун жуда кўп фойдали хусусиятларга эга, жумладан, диабет хасталигини назорат қилишни яхшилайди, овқат ҳазм қилишни бир маромда сақлайди, ортиқча вазндан халос бўлишда ёрдам беради, қон босимини барқарорлаштиришади, яраларнинг битишида ёрдам беради.









