Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди

    2021 йил 28 июлда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

    Унда қўмита аъзолари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан ахборотини эшитди.

    Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

    Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат 78 банддан иборат. Шундан 46 банднинг ижро муддати якунланган, 31 та банд ўз муддатида тўлиқ бажарилган, 5 та банднинг ижро муддати узайтирилган, 47 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

    Шунингдек, Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Хусусан, янги қонун лойиҳалари 20 та, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳалари 4 та, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари 9 та. Ушбу бандларнинг 14 таси бажарилди, 19 таси ижро қилинмоқда.

    Вазир таъкидлашича, «йўл харитаси»нинг ижросини таъминлаш доирасида вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2020 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ишчи ва ходимларни соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро стандартларга мослаштириш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, 2021 йил 4 июнь куни «Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида 187-сонли конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

    Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган. Айни пайтда лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрланяпти.

    Йўл харитасининг 41-бандига кўра, вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш мақсадида Адлия вазирлигига киритилган.

    Тадбирда депутатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахборотини эшитиб, «йўл харитаси»нинг бажарилиши юзасидан айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги, баъзи бандларнинг ижроси кечикаётганлиги ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан биргаликда иш олиб боришини таъкидлашди.

    Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates