Ушбу ойлик давомида Урганч давлат университетида ҳам турли танловлар, викториналар, фестиваллар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, миллий кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирлар юқори кайфиятда бошлаб юборилди.
Жумладан, Урганч давлат университетида ёшларни соғлом турмуш тарзи ва спортга жалб қилиш борасидаги ишларни узвий давоми сифатида жорий йил 2-6 июнь кунлари “Ректор кубоги” спорт мусобақасининг йигитлар ўртасида футбол бўйича, қизлар ўртасида волейбол бўйича ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа мингдан ортиқ талаба-ёшларни ўз атрофига жамлади.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев томонидан волейбол ва футбол бўйича энг кучли деб топилган ғолиб жамоаларга диплом ва медаллар, эсдалик совғалари ҳамда асосий соврин “Ректор кубоги” тантанали топширилгани талабаларни нафақат ўзига бўлган ишончини орттирди, балки бу каби мусобақаларда янада фаол бўлишга ундади. Тақдирлаш маросими юқори кайфиятда, байрамона шукуҳда ўтди. Давомий куй-қўшиқлар, гўзал рақсларга бой бўлган оқшом тадбирда иштирок этаётган мингга яқин талаба-ёшларнинг дилларига олам-олам завқ бағишлади.
“Ёшлар ойлиги” доирасидаги яна бир ўзига хос тадбир “Карьера куни” меҳнат ярмаркасидир.
Яқин кунларда минглаб битирувчилар университетни тамомлаб, меҳнат бозори сари йўл олади. Шу муносабат билан уларга янги имкониятларни тақдим этиш, бандлигини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда 7 июнь куни Урганч давлат университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Урганч давлат университетини 2022/2023 ўқув йилида жами 8120 нафар талабалар битириши кутилмоқда. Уларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада 3 минг нафардан зиёд талабалар иштирок этди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг барча туман ва шаҳарларидаги бўлимларига қарашли ташкилот ва корхоналар 2377 та вакант бўш иш ўринлари билан иштирок этган ярмаркада 264 нафар талабалар билан суҳбат ўтказилиб, ишлашга тавсия этилди.
Ёшлар қалбида миллий урф-одатларимиз ҳамда қадриятларимизга бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтириш, талаба-қизларнинг эстетик дидини ўстириш ва миллий либосларимизга бўлган қизиқишини янада кучайтириш мақсадида жорий 8 июнь куни “Ёшлар ойлиги” доирасида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” шиори остидаги фестивали кун тартибидан ўрин олган “Истеъдод, иқтидор ва рағбат” номли кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Ушбу фестиваль ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Танловда Урганч давлат университетининг 25 нафар иқтидорли ва истеъдодли қизлари ҳар соҳада ўз истеъдодларини намоён қилди. Якунда эса танлов иштирокчилари турли номинациялар бўйича баҳоланиб, муносиб тақдирланди. Ушбу фестиваль доирасидаги тадбирлар миллий либослар, миллий ўйинлар, миллий урф-одатлар кўргазмалари билан давом этади.
Бундан ташқари, 30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида “Ёшлар ойлиги” доирасида Урганч давлат университети талабалари ўртасида жаҳон бадиий адабиётлари асосида викторина ўйинларини ўтказиш, талабалар турар жойида мушоира кечаси ўтказиш, китоблар ярмаркасини ташкил этиш, “Талант шоу” дастури доирасида маданий тадбирларни ташкил этиш, “Қувноқлар ва зукколар” беллашувларини ўтказиш, “Замонамиз қаҳрамонлари” билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, спортнинг шахмат, стол тенниси, бадминтон, армрестлинг, стритбол, воркаут турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, янгиланган Конституция тарғиботини ташкил этиш, “Ҳоким ва битирувчи ёшлар” учрашуви ва ой якунида эса Гала концерт дастурини ўтказиш режалаштирилган.
Университетимизда миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз, маънавий меросимизни кенг тарғиб қиладиган турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, бадиий кўргазмалар, китобхонлик кечалари ва спорт мусобақаларини мунтазам равишда ташкил қилиб, талаба-ёшларимизни уларга кенг жалб қила олсак, ўйлайманки, улардаги қизиқишни орттиришга ва истеъдодларини шакллантирган ҳолда, кенг намоён қилишларига шароит яратган бўламиз. Албатта, булар амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларимизнинг бир бўлаги холос.
Санжарбек Давлетов
Урганч давлат университети
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича биринчи проректори,
тарих фанлари доктори, профессор.