Жумладан, Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, "Ёшлар сайилгоҳи" ҳудуди ташкил этилди.
Боғнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Истироҳат боғидаги 500 метр ички йўллар асфалть қилиниб, 1 километрдан ортиқ бетон қопламали пиёдалар йўлакчаси қурилди ҳамда 1600 метр кв. майдонга шаклли ғиштлар ётқизилди.
Истироҳат боғига сайрга ва дам олишга келувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида эни 20 метр, баландлиги 8 метрли сунъий шаршара барпо этилди. 100га яқин ўриндиқлар ва 50 дона чиқинди яшиклари ўрнатилди. Ҳудуд аҳоли, айниқса, ёшлар хавфсизлиги учун 27 дона 360 градусли камералар) орқали кузатув тизимига ўтказилди. Бундан ташқари 115 та қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатилди.
Куни кеча “Ёшлар сайилгоҳи”нинг очилиш маросими ташкил этилди. Жумладан, сайилгоҳдан ўрин олган 2 та мини футбол майдони, 1 та теннис корти, 1 та барча қулайликларга эга замонавий кутубхона, 2 та ўқув маркази ёшлар ихтиёрига берилди. Бу эса, келажак авлод вакиллари томонидан ўзига хос катта мамнунлик билан кутиб олинди.
Шунингдек, тадбир давомида спорт турлари бўйича ғолиблар тақдирланди. Вилояҳ ҳокими томонидан 30 нафар чин етим бўлган ёшларга давлатимиз томонидан қурилган уй-жойларнинг калитлари топширилди.
- Бугун мен учун энг ҳаяжонли кун,-дейди деҳқонободлик Жасрубек Абдураимов.-Боиси Президентмизнинг бевосита ғамхўрлиги остида ўз уйимга эга бўлдим. Инсоннинг ўз эгалигидаги яшаш жойи бўлиши қанчалик бахт. Шунчалик бизга эътибор қаратиб, оталарча меҳрибонлик кўрсатган давлатимиз раҳбарига раҳмат айтаман. Келгусида Ватанимизга содиқ фарзанд бўлиб, юрт равнақи учун хизмат қиламан.
“Ёшлар сайилгоҳи”нинг тантанали очилиш тадбирларида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар секторлари раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.