Бир ғазал тарихи ёхуд Алишер Навоий ҳаётида инсон ризолигининг муқаддаслиги

    Балки кучингиз етмас, балки буни шоҳликка алишмасман. Зероки, бу байт менга отамдан мерос қолган, мен уни қирқ йилдан бери такрорлайман, бу билан қорнимни тўйғизаман, бола-чақа боқаман!...

    Эртамиз эгаларининг Навоийга муҳаббати ҳақида гап кетганида, бир тарихий воқелик, яъни, ҳазрат қаламига мансуб бир ғазал тарихига оид манбани эътиборингизга ҳавола қилмоқни жоиз топдик. Зеро, бу орқали келажагимиз ворислари Навоийнинг буюклигига, ҳалоллигига ва саховатпешалигига яна бир бор гувоҳ бўлиб, тасаннолар айтиши аниқ.

    Камина Воҳид Абдуллаевнинг Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 1968 йилда чоп этилган “Навоий Самарқандда” монографиясини мутолаа қилиш асносида бир қизиқарли маълумотни учратдим. Эътиборингизга шу асардан парчани келтирмоқчиман:

    “Шоир Мақсуд Шайхзода таърифлаганидек, – деб бошлайди Собир Абдулла, – ғазал мулкининг султони Амир Алишер Навоийнинг йигитлик даврига тааллуқли бир кичик ҳикояни айтиб бермоқчиман. Буни мен Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Мирза Абдулла Боқийдан эшитганман.

    Алишер Самарқандда таҳсил кўраётган йилларда бир матлаънинг асири, мафтуни бўлди:

    Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ,

    Кипригим шабнам тўкилган сабзадин намнокроқ.

    Алишерни ўзига асиру мафтун этган байт шу бўлиб, унинг соҳиби бир гадо эди. Самарқанд бозорида кечгача баланд, ширали овози билан шу байтни такрорларди, байтни гадодан қайта-қайта эшитиб, завқланувчи, унга садақа инъом қилувчи аҳли дард, аҳли фазл кимсалар оз эмас эди.

    Навоий гадонинг ёқимли ижросида матлаъни қайта-қайта тинглар, ёдлаб олинган матлаъни йўл-йўлакай замзама қилар, ҳужрага қайтганда ҳам қулоғида шу мисралар жаранглаб, кечалари уйқу бермас эди.

    “Харидор бўлиб, шу байтингизни менга сотинг, десам сотармикин?... Балки сотар, балки сотмас!...Қани энди менга сотса эди”. Бу истак Навоийни тинч қўймади, гадо орқасидан эргашиб, харобасига боришга, қўлидан тутиб, илтимос қилишга аҳд қилди:

    — Отахон! Шу байтингизни менга сотинг! Ақчам кифоя қилмаса, тўнимни ҳам сотиб берай. Йўқ деманг!

    Навоийнинг илтимосини эшитган кекса гадо қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди, кейин бошини чайқаб илтимосини рад қилди.

    — Кўринишингиздан қашшоқ муллаваччага ўхшайсиз! Шундоғми?

    — Шундоғ.

    — Шундоғ бўлса, байтни сотиб олиш ниятидан кечинг, текинга олинг, ёдлаб ўқиб юра беринг! Бунинг учун менинг томонимдан қандай монеълик бўлиши мумкин?...

    — Шунинг учун сотиб олишим керакки, у чоғда сиз бу матлаъни куйлаб, тиланишдан маҳрум бўлурсиз.

    Навоийдан бу даъвони эшитган гадо мийиғида кулиб, тамасхурона бош чайқади:

    — Балки кучингиз етмас, балки буни шоҳликка алишмасман. Зероки, бу байт менга отамдан мерос қолган, мен уни қирқ йилдан бери такрорлайман, бу билан қорнимни тўйғизаман, бола-чақа боқаман!...

    — Отангиз шоирмидилар?

    — Шоир эмас эдилар, боғбон эдилар, бу байтни баланд овозда куйлаб боғни парвариш қилар эдилар.

    — Фақат бир байтнинг ўзимиди ёки тўла, мукаммал ғазал эди-ю, сиз шу бир байтни ёдда қолдирганмисиз?...

    — Йўқ! Отам ҳам шу бир байтни такрорлар эди.

    — Қайси зотнинг асарлари эканлигини ҳам билмассиз?...

    — Афсус, ному тахаллусларини билмайман. Отам ҳам бундан хабарсиз бўлган бўлсалар керак!...

    Навоий ғамгин сукутга чўмди, гадо сўзини давом эттирди:

    — Сиз ёд олиб, ўқиб юришингиз учун менинг ризо бўлишим кифоя қилмайдими?

    — Мен сизнинг ризолигингизсиз ҳам ёд олиб замзама қилиб юрибман. Лекин мен учун бу кифоя эмас.

    Шундай қилиб, Навоийнинг умиди узилди, бўшашиб ҳужрага қайтиб келди.

    Орадан бир неча йил ўтди. Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан Навоий Ҳиротга жўнаб кетди, Султон Ҳусайннинг салтанатида бош вазирлик лавозими, маликуш-шуаро мартабасини эгаллади. Султон Ҳусайн Бойқаро давлат, салтанат султони мақомида бўлса, Алишер Навоий Шарққа “ғазал мулкининг султони” бўлиб танилди.

    Орадан ўн йилдан кўпроқ ўтгандан сўнг Навоий давлат ишлари билан Самарқандга йўли тушиб, қадрдонларга меҳмон бўлди, бир суҳбатда Навоий ўзини асиру мафтун қилган ўша байт билан унинг соҳиби — гадони эслади. Ҳамсуҳбатлар Навоийга ўша гадонинг ниҳоятда кексайиб қолганлиги, байтни ўшандоқ баланд, ширалик овозда эмас, бир ерда мукчайиб ўтирганича пичирлаб айтиб, тиланаётганидан дарак бердилар. Навоий эртаси кун гадони каппон бўсағасидан топиб, зиёрат қилди, сўнг ўзини танитди:

    — Ёдингизда борми? Байтга харидор бўлган эдим, сиз рад қилган эдингиз...

    — Ёдимга тушди! Ҳали ҳам ўша даводан қайтганингиз йўқми?

    — Йўқ ота! Ҳамон ўша ғазалнинг асири, мафтуниман, ҳамон жазман харидорман!

    Чол кулди:

    — Сотаман! Бироқ сотиб олишга қурбингиз етса кошки эди.

    — Балким қурбим етиб қолар, балким етмас...

    — Жуда кексайиб қолдим, энди уни баланд овозда ўқишдан ожизман! Ҳақ сўзини айтганда, гадолик ҳам меъдага тегди. Қурбингиз етса, яхши ҳовли-жойга, шу жой яқинидан бир тегирмон ва бир эшакка эга қилингу, байт сизники бўлсин, мен ўлгунимча ҳаққингизга дуо қилиб, қолган умримни тегирмончилик билан кечирай.

    Навоий мамнуният билан хўп деди, чолнинг айтгани бўлди: чолга данғиллама ҳовли–жой, тегирмон ва бир эшак сотиб олиб берилди. Соҳиби номаълум, узоқ йиллар гадо бўлган шоҳ байт Навоийнинг зархарид мулки бўлиб қолди ва шундан кейин Навоий унга дадил даст уриб, уни мукаммал ғазал ҳолига келтирди:

    Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чоқроқ,

    Кипригим шабнам тўкилган сабзадин намнокроқ.

    Бу кўнгил ғамнокидин то шодмон кўрдим сени,

    Истарам ҳар дамки ўлғай хотирим ғамнокроқ

    Лайли андин қўйди Мажнун кўнгилда роҳат ғамин

    Ким, йўқ эрди манзил ул водийда андин покроқ

    Ўйла мижгон ханжарига ёпишубдур дард анинг–

    Ким, магар андин тиним йўқдур вале бебокроқ.

    Лабларингдин жон олурда барча эл қулдур санга,

    Жон берурда бир қулунг йўқ бандадин чолокроқ.

    Одамийлик тупроғин берса фано ерига чарх,

    Оҳким, йўқтур киши аҳли фанодин хокроқ.

    Неча ўқлонса Навоий кўнгли захмин чок бўлур,

    Кўрмадик, захмини тиккан сори бўлгай чокроқ.

    Навоийнинг бошқа нодир ғазаллари қатори бу “роқ” радифли ғазали ҳам ўз вақтида мухлисларига етди, ҳофизлар уни куйга солиб куйладилар, бу машҳур, ўлмас куйнинг номи ҳам “роқ” деб аталади, бу куй Навоийнинг ғазали билан асрлар оша бизнинг давримизга етиб келди, уни тўй-тантаналаримизда атоқли ҳофизларимиз томонидан завқ-шавқ билан куйланиб, кишиларимизга руҳи ғизо бахш этмоқда.

    Алишер Навоийнинг Собир Абдулла томонидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Мирза Абдулла Боқийдан эшитиб келтирилган бу кичик ҳикоясидаги “чокроқ – намнокроқ” қофияси билан бошланган ғазали ва Самарқандда ёзилган, деб тахмин қилинган жуда кўп лирик манзумалари ҳақидаги нақлларни манбаларга солиштириб асослаш навоийшунослигимизнинг муҳим вазифаларидандир. Ҳар ҳолда шундай изланишларнинг давом этавергани яхши ва унинг навоийшунослик каби катта ишга озми-кўпми фойда келтириши шубҳасиздир”.

    Юқорида айтганимиздек, ушбу ҳикоя орқали Навоийнинг мардлиги, инсонийлиги ва саховатпешалигига гувоҳ бўламиз. Эътибор беринг, Навоий бу матлани ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан олиши ва давом эттириши мумкин эди. Унинг муаллифи номаълум, айтаётган шахс эса ҳеч қандай мартабага эга бўлмаган бир гадо эди. Қолаверса, Навоий Ҳиротда, гадо эса Самарқандда, ҳеч ким бу ғазалнинг кимга оидлиги билан Навоийдек инсон билан тортишмайди, гадонинг ҳам Самарқандда бу ғазалга даъвогарлик қилишга имкони ҳам, қудрати ҳам етмайди. Лекин Навоийнинг ҳалоллик бобидаги одобини қарангки, бир неча минг сатрдан иборат ғазаллар соҳиби бўлишига қарамасдан, ушбу кичик ҳажмдаги ғазални тирикчилигининг асосий манбаси сифатида қўшиқ қилиб айтиб келаётган ночор инсонни рози қилиб олишни мақсад қилади. Гадо билан илк бор учрашган вақтида Навоий моддий жиҳатдан унчалик қудратли бўлмаган, орадан ўн йил ўтиб, анча ўзини тиклаб олганида, икки қатор шеър учун гадо айтган шартни мамнуният билан қабул қилади. Бу Навоийнинг чинакам комил шахс бўлганига ишора эмасми?

    Ўзингиз бир мулоҳаза қилиб кўринг: бугун айримлар томонидан инсон ризолигидек муқаддас қадриятга эътибор бермасдан ўзганинг қўшиғини, яратган куйини, асарини, қўйингки, тортиб олиш мумкин бўлган ҳар нарсасини ҳеч тап тортмасдан ўзлаштириш авж олаётган бир даврда бу жиҳатдан ҳам буюк Навоийдан ўрнак олишимиз лозимдек кўринади.

    Иброҳим Йўлдошев,

    Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates