Бизда “шогирд – фарзанддек азиз” нақли шаклланган

    Меҳрдан меҳр яралади, илдиз отиб юксалади. Шу боис, шогирдига меҳр ва билим улашган устознинг қадри ҳам баланд бўлиб бораверади. Шогирдининг ота-онаси билан яқин дўст-биродар бўлган устознинг ҳар бир хушхабари ҳам талабада янгидан-янги интилишга рағбат бағишлашига ишонаман.

    Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг “... таълим мазмунига исломни олиб кириш унинг тубдан ислоҳ бўлишида катта аҳамиятга эгалиги” хусусидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда ижобий маънода кенг муҳокама мавзусига айланганидан хабарингиз бор. Шу маънода вазир яқиндан танишаётган юртимиз олий таълим муассасаларининг дастлабкиларидан бири ҳам айнан Ўзбекистон халқаро ислом академияси бўлди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов ҳамроҳлигида Абдуқодир Тошқуловнинг Академия фаолияти билан танишуви куннинг иккинчи ярмига тўғри келгани боис талабаларнинг тўгарак ва қўшимча машғулотлари кузатилди.

    Дастлаб академиянинг фаоллар залида тадбирларга ҳозирлик кўраётган ёш истеъдодлар билан учрашув жонли мулоқотга айланиб кетди. Унда зукко ва фаол талабалар келгусида давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш асосий мақсадлари эканини фахр билан айтиб ўтдилар.

    Кейинги учрашувлар Академия кутубхонаси, “BOOK-CAFE”да дарслардан сўнг нодир адабиётлардан қўшимча билим олаётган китобхонлар билан бўлиб ўтди.

    – Кутубхонамиз доимий янгидан-янги китоб ва нодир қўлёзмалар билан бойиб боради. Шу боис ҳар куни бу ерга ошиқаман, – дейди вазир билан суҳбатда Исломшунослик факультети 2-курс талабаси Анвар Мустафоев. – Қувонарлиси, Академиямизда анъанага айланган ташаббусга кўра, устоз-муаллимларимиз ўзлари ўқиган қадрли китобларини кутубхона фондига совға қилишади. Устозларимизни таъсирлантирган китоблар эса бизни шундоқ ҳам янги-янги билимларга ошно қилиши шубҳасиз.

    Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Академия ҳузуридаги бошланғич ташкилоти хонасида бир гуруҳ истеъдодли ёшлар билан бўлган учрашув ҳам эътиборга молик. Олийгоҳнинг “Дуторчи қизлар” гуруҳи “Фарғона тонг отгунча” куйи ва қўшиғини маҳорат билан жонли ижро этилди. Айниқса, “Наврўз” – умумхалқ байрамида миллий анъаналаримизни намойиш этишга ҳозирлик кўраётган талаба Жалолиддин Эргашев чанқовузда ижро этган куй олис ўтмишни эслатгани билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

    Шундан сўнг Абдуқодир Тошқулов Академия ҳовлиси, мини футбол майдони, ўқув хоналари, спорт зали ҳамда талабалар турар жойларини кўздан кечириб, уларнинг фаолиятини янада самарали ва қулай ташкил этиш, амалга оширилиши лозим бўлган бунёдкорлик ишлари хусусида ўз фикр-мулоҳазалари ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

    Академияда талабалар билан индивидуал ишлаш тизимининг йўлга қўйилгани вазир эътиборини тортган муҳим жиҳатлардан бири бўлди. Айниқса, факультет деканлари ҳар бир талаба яшаётган хонадонга бориб, уларнинг яшаш шароитлари, эҳтиёж ва муаммоларидан бохабар бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Қувонарлиси, ота-оналар ўз фарзандининг ўқиш ва изланишдаги ютуғини аввало ўқитувчилардан эшитиши анъанага айланган.

    — Академиямизда доно халқимизнинг “Устоз – отангдек улуғ” ҳикматига ҳамоҳанг “Шогирд – фарзанддек азиз” нақли шаклланган, — дейди ўзаро суҳбатларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов. — Меҳрдан меҳр яралади, илдиз отиб юксалади. Шу боис, шогирдига меҳр ва билим улашган устознинг қадри ҳам баланд бўлиб бораверади. Шогирдининг ота-онаси билан яқин дўст-биродар бўлган устознинг ҳар бир хушхабари ҳам талабада янгидан-янги интилишга рағбат бағишлашига ишонаман.

    Академия факультет деканларининг талабалар хонадонларида бўлиб учрашувдан олган таассурот ва хулосалари ҳақидаги сўзлари А.Тошқуловнинг ҳам эътиборини тортди.

    – Она Ватанимиз қадим тамаддун бешикларидан бўлгани жаҳонга маълум, – дейди учрашув якунида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов. – Буни юртимизда фарзанд таълим-тарбияси, уларни баркамол вояга етказиш ва албатта, етук кадр, замонавий нуқтаи назардан, халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассис кадр сифатида шакллантиришда ўзига хос жаҳонга тенг тажрибалар борлигида ҳам ўз исботини топади. Уларни тизимли ўрганиб, оммалаштиришимиз керак, холос. Фақат хорижий тажрибани ўрганишимиз керак, дегувчиларни эса шу боис ҳам кўп ҳам оқлайвермайман.

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти билан танишуви кўплаб янги фикрларга асос бўлди. Янгиланиш ва яшариш баҳор фаслининг илк кунларида ўтказиладиган байрамлар арафасида талаба-ёшлар томонидан илгари сурилаётган янги ташаббус ва ғоялар эса уларнинг илм-фандаги ютуқларини янада бойитишига ишонамиз.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates