Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони навқирон авлод вакилларининг бизнес фаолиятини, ишбилармонликка интилишини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга керакли барча шароитларни яратиб бериш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. Уларнинг интилишига, ғояларини амалга оширишга ёрдам кўрсатиш орқали бунёдкорлик кўлами ва даражаси янада кенгаяди. Шу асосида янги иш ўринлари яратилади, юзлаб оилаларга барака киради.
Мазкур фармонда ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Ўтган йиллар давомида пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да “Ёш тадбиркорлар” I ва II форумлари ташкил этилди. Унда давлат дастури орқали кредит маблағлари ажратилган юзга яқин ёш тадбиркор ҳамда Хитой Халқ Республикаси компаниялари ўз замонавий технологиялари, шунингдек, ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этди. Форумларда ёш тадбиркорлар чет эллик ҳамкорлар билан 5,8 миллион АҚШ долларига, маҳаллий тадбиркорлар билан эса 3,4 миллиард сўмга тенг шартномаларни имзолади.
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор тизимли ишлар бажариляпти. Жумладан, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркорлик сирлари”, “Бизнес режа тузиш”, “Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Кредит ва солиқ сиёсати” каби мавзуларда бизнес семинарлар ташкил этилиб, икки юз минг нафарга яқин ёшларнинг малакаси оширилди.
Мазкур фармонда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер хариди учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилиши белгиланди. Бу илмий-технологик ва инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, янги рақобатбардош ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рақамли технологияларни ривожлантириш ва уларни аҳоли кундалик ҳаётига кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, йигит-қизларни янги ахборот технологиялари ҳамда аҳоли ҳаётини яхшилаш ва жамият тараққиётига ёрдам берадиган инновацион лойиҳаларни яратадиган етук мутахассис бўлиб етишишга руҳлантиради.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг муайян қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиниши қайд этилган. Бу ҳам бандликни таъминлаб, ёшлар тадбиркорлик субъектларининг сон ва сифат жиҳатидан ошишига замин яратади.
Фармоннинг ижросини таъминлаш, яъни ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бандлигига кўмаклашиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида жамғарма томонидан ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Айни кунларда “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Бизнес марафон” давом этмоқда. Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркорлар иштирокидаги ушбу марафон ўзаро тажриба алмашиш, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш, ёшларни бизнес ва тадбиркорликка янада қизиқтириш учун йўлланма вазифасини ўтайди.
Шунингдек, жамғарма томонидан мотивацион тадбирлар ўтказиш, ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш, олий таълим муассасалари базасида бизнес акселераторлар ташкил этиш, жойлардаги ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар уюштириш режалаштирилган.
Олтмиш минг нафар ёш тадбиркорга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк ҳамда суғурта каби соҳаларда консалтинг хизматлари кўрсатиш кўзда тутилган. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда татбиқ этиш жараёнига 15 минг нафар ёш жалб этилади. Онлайн платформа орқали эса 20 минг нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилади. Шу каби кўплаб лойиҳаларни амалга оширишда беш юз минг нафардан ортиқ ёшларнинг иштирок этиши кўзда тутилган.
Хайрулла САТТОРОВ,
“Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори









