Бизни янги, ёруғ манзиллар кутиб турибди

    Сизлар бетакрор, ҳавас қилса арзигулик, буюк тарихга эга юртда яшаётган бахтли инсонсиз. Дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган илмли аждодларингиз билан фахрланасиз. Тез ўзгариб бораётган бугунги замонда сиз – ўзбекларнинг ниҳоятда катта вазифангиз бор.

    Таълим соҳаси вакили сифатида кўп хорижий юртларда бўлдим, турли миллат вакиллари билан суҳбатлашдим. Турфа манзаралар, ҳар хил қарашларни кўрдим. Уларнинг бари бир томону кечаги Президент сайлови таассуротлари бир олам бўлди.

    Сайлов жараёнларини кузатиш истагида шаҳримизга келган қатор хорижлик кузатувчилар, олимлар билан суҳбатлашдик.

    Туркиядан келган меҳмонларнинг “қадимдан бир бўлган қардошим – ота юртим” деган сўзлари, японларнинг ўзбекистонлик ёшлар иқтидорини кўриб ҳайратланиши, юртида тўрт фаслни соғинадиган малайзияликларнинг чиройли боғ-роғларимиз, кузнинг тароватига кўзлари ёниб боқишлари... исломий давлатлардан келганларнинг олиму уламоларимиз, алломаларимиз меросига ҳавас қилиши, буюк аждодларимиз қадами теккан қадимий заминга ошиқиши.... Хуллас, меҳмонлар ўзбекистонликларнинг ҳаётга, жамият ривожига бефарқ эмаслиги, жадал ривожланиб бораётганимизни тан олиб, ҳавасда эканини яширмади.

    Аёлларга бўлган эътибор, ёшларга қаратилаётган давлат сиёсати, очиқлик, бағрикенглик ва барча соҳада кузатилаётган жиддий ўзгаришларни кўриб, улар ҳақида фикрларини баён этиб, амалга ошираётган ишларимизга баҳо беришганида, демак биз тўғри йўлдамиз, деган ишонч янада мустаҳкамланди, қалбимиз фахрга тўлди.

    Малайзиялик олима, Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Бин Шамнинг бир гапи ҳамон қулоғимда жаранглаб турибди.

    “Сизлар бетакрор, ҳавас қилса арзигулик, буюк тарихга эга юртда яшаётган бахтли инсонсиз. Дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган илмли аждодларингиз билан фахрланасиз. Тез ўзгариб бораётган бугунги замонда сиз – ўзбекларнинг ниҳоятда катта вазифангиз бор. У ҳам бўлса, аждодларингизга муносиб ёшларни тарбиялаш. Юртингиз обрўсини ошириш айнан уларнинг қўлида бўлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас”.

    Албатта, Фариза хонимга мамлакатдаги ислоҳотлар айнан шу мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб бердим. Унинг таъкидлашича, алломаларимиз ҳаёт йўли, илмий мероси Малайзия мактабларида бошланғич синфлардан бошлаб ўқитилар экан.

    Яна бир гап. Фариза хоним ўзбек ўқитувчиларидан малай тилини ўрганиб, меҳмонимиз тилида эркин гаплаша оладиган талабаларимиз билан суҳбатлашганида, қолаверса, уларнинг билимига, иқтидорига тан берган вақтда бўйим яна бир қарич ўсди. Ғурур ҳисси инсонга куч беришини яна бир бор ҳис қилдим.

    Халқимиз шундай фахр, зўр қувонч ва тўлиқ ишонч билан ўз Лидерини сайлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқимиз олдида ортга қайтмас тараққиёт йўли – Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш мақсадлари турибди. Бу қутлуғ йўлда биргаликда кўзлаган маррага етишга тўла ишончларимиз бор. Чунки биз ўтган беш йилда мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритдик. Бунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлди. Фаровон ҳаёт учун ислоҳотларни амалга оширишда етарли тажриба тўпладик. Бизни янги, ёруғ манзиллар кутиб турибди. Шу йўлда юртимизнинг кўпмиллатли, аҳил халқи, албатта, ўз иродасини намоён этишига, давлатимиз раҳбари ташаббусларини, ғояларини ҳамжиҳатликда қўллаб-қувватлашига ишончимиз комил.

    Гулчеҳра РИХСИЕВА,

    Тошкент давлат шарқшунослик

    университети ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates