Хабарда айтилишича, айни вақтда интернетда дипфейклар, сохта тасвирлар ва ёлғон хабарлар ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Масалан, ижтимоий тармоқларда сўз устаси Элмурод Хақназаровнинг сохталаштирилган овози орқали «Чикен Роад» номли қимор ўйини тарғиб қилинган реклама тарқатилгани аниқланди.
Рақобат қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказганда, Хақназаров рекламага алоқаси йўқлигини билдирди. Унинг овози сунъий интеллект асосида монтаж қилингани маълум бўлди. Блогер фуқароларни бундай сохта видеоларга ишонмасликка чақирган.
Шунингдек, текширувлар давомида @dili,me саҳифаси блогери Д.Назаров ҳамда @abdurahmonmufid саҳифаси блогери А.Абдурахмонов томонидан ҳам қимор ўйинларига оид реклама жойлаштирилмагани аниқланди.
Интернетда тарқалган видеолар сунъий интеллект орқали мураккаб тарзда ишланган фейк материал экани қайд этилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот юборилиб, қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.








