Техник хатолик сабаб истеъмолчи электрдан 1 миллиард сўмдан ортиққа қарздор бўлиб қолди

    Рақобат қўмитаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиалига 1 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз ҳисобланган даромадни истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берди.

    Тошкент шаҳрида алоқа соҳасида фаолият олиб бораётган корхона “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда унинг “Энергиясавдо” филиали ҳаракатларидан норози бўлиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилган.

    Олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланишича, ҳисобга олиш ускунаси ҳудудий электр тармоқлари томонидан ўрнатилган бўлишига қарамай, ундаги иккиламчи занжирлар нотўғри уланган. Натижада, техник хатолик сабабли истеъмолчига охирги уч йил учун 1 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча тўлов ҳисобланган.

    Шу билан бирга, мазкур хатолик янги таҳрирдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”да назарда тутилган бўлиб, эски таҳрирда қайд этилмаган. Бундан ташқари, ҳисоблагичга тўғри уланган субистеъмолчининг кўрсаткичлари ҳам ҳисобдан чегирилмагани маълум бўлди.

    “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи ёки ортиқча ҳақ ундирувчи ҳаракатлари устун мавқени суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланади ва тақиқланади.

    Шу асосда ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиалига нисбатан қонун бузилиши юзасидан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш натижасига кўра, истеъмолчига асоссиз ҳисобланган 1 миллиард 97 миллион сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш, қонунбузарликни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

    Шунингдек, таъминотчининг электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига амал қилганлигига баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

    Маълумот ўрнида, Махсус комиссиянинг қарори ёки кўрсатмасидан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates