БМТнинг ўрмонлар бўйича форумида Оролбўйи масалалари кўтарилди

    Жаҳон банки мутахассиси Ўзбекистонда ўрмонларни тиклаш бўйича умумий қиймати 142 миллион долларлик лойиҳа тақдимотини ҳам қилди.

    БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида бўлиб ўтган ўрмонлар бўйича форумнинг 18-сессиясида иштирок этишди. Тадбирда БМТнинг ўрмонлар бўйича 2017—2030 йилларга мўлжалланган стратегик режасини амалга ошириш асосий муҳокама марказида бўлди.

    ФАОнинг ўрмон хўжалиги бўйича мутахассиси Экрем Язичи иқлим ўзгариши шароитида Оролбўйи минтақасида ўрмон, ер ва сув ресурсларини комплекс бошқариш муҳимлигини таъкидлади. Экрем Язичининг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва бошқа муаммоларга чидамлиликни ошириш учун сифатли сув ресурсларига эга бўлиш, ўрмонзорлар барпо этиш, ерларни тиклаш бўйича ишларни амалга ошириш ва ўрмон хўжалигига асосланган турмуш тарзини таъминлашда қўллаб-қувватлаш зарур.

    Форум доирасида Ўзбекистон томони раислигида Жаҳон банки, ФАО, UNECE, БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси, Канада ўрмон хизмати ва Чехия ўрмон хўжалиги институти ҳамкорлигида қўшма тадбир ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, кенг кўламли ободонлаштириш акцияси, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бутун республика ҳудудида кўкаламзорлаштириш бўйича ўтказилаётган “Яшил макон” акцияси натижалари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони мамлакат ҳудудига нисбатан 2016 йилдаги 4 фоиздан бугунги кунда 14 фоизга кенгайтирилганлиги алоҳида таъкидланди.

    Бундан ташқари, Жаҳон банкининг Табиий ресурслар минтақавий департаменти директори Паола Агостини Ўзбекистонда ўрмонларни тиклаш бўйича умумий қиймати 142 миллион долларлик лойиҳа тақдимотини қилди. Якунда қўшма тадбир иштирокчилари жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг йирик тадбирларига таклиф этилди.

    ФАО форум иштирокчиларига 2025 йилги Ўрмон ресурсларини глобал баҳолашга тайёргарлик тўғрисидаги ахборот, БМТнинг Ўрмонлар бўйича стратегик режасининг коммуникация стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги маълумот тақдим этди. Шунингдек, ташкилот 2024 йилдаги халқаро ўрмонлар куни мавзусини ҳам эълон қилди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates