БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари Ўзбекистонга келади

    Жорий йил 5-6 сентябрь кунлари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюй Ўзбекистонга амалий ташриф билан келади.

    Бу ҳақда "Дунё" АА деб хабар бермоқда.

    Цюй Дунъюй мамлакатимизга ташрифи чоғида Тошкентда "Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари" халқаро форумида иштирок этади.

    Мазкур халқаро форум Ўзбекистон ҳукумати ва ФАО ҳамкорлигида ташкил этилаётган бўлиб, асосий мақсади дунёда денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, иқлим ўзгаришига оид муаммоларни муҳокама қилиш, ечимлар ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишдан иборат.

    Икки кун давомида бўлиб ўтадиган форум турли йўналишларни ўз ичига олади. Хусусан, юқори даражадаги қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилиши, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари, инвестиция имкониятлари, хусусий сектор билан ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва инновациялар шулар жумласидандир.

    Бундан ташқари, тадбир доирасида инвестиция форуми ўтказилиши ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Унда халқаро ташкилот ва хорижий молия институтларининг масъул вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

    ФАО раҳбари, шунингдек, ўз ташрифи давомида бир қанча расмий учрашувлар ўтказиши ва қатор қишлоқ хўжалиги объектларини бориб кўради.

    ФАО 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш масалаларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган тузилмаси ҳисобланади. Ташкилотга 194 та давлат аъзо бўлиб, қароргоҳи Рим шаҳрида жойлашган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates