Божхона постида бир қатор ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди

    Тошкент шаҳар божхона постига келтирилган 5918 дона фильтр товарлари божхона назоратидан ўтказилди.

    Натижада, товарларнинг ўлчов бирлигидаги миқдор нотўғри кўрсатилганлиги, шунингдек, товарларга тегишли ҳужжатларда “Хитой давлатида ишлаб чиқарилган” дея кўрсатилган бўлса, товар ёрлиқларида эса “АҚШ давлатида ишлаб чиқарилган” дея қайд этилганлиги маълум бўлди.

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра мазкур товарларнинг қиймати 1,9 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

    Навбатдаги ҳолатда, хориждан келтирилган 70 турдаги мотоцикл эҳтиёт қисмлари товарлари божхона кўригидан ўтказилганида, ҳужжатларда товарлар бир хил ТИФ ТН кодда таснифланганлиги, аслида эса 70 хил товар кодида таснифланиши аниқланди.

    Якунда, қиймати 1,6 млрд. сўмлик мазкур товарлар вақтинча сақловга олиниб, уларга нисбатан 372 млн. сўм миқдорда қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

    Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати