Бокс бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

    Спорт 1 май 2023 2091

    Бугун 1-майдан дунёнинг энг кучли боксчилари Тошкентда жаҳон чемпионлиги учун баҳсларга киришишади.

    Кеча “Ҳумо арена”да мамлакатимиз илк бор мезбонлик қилаётган дунё биринчилигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов иштирок этишди.

    Маросим расмий қисмида Абдулла Арипов нутқ сўзлаб, мусобақа меҳмонларини қутлади ва юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг Умар Кремлев жаҳон чемпионати муносабати билан бокс оиласига табрик йўллади ва мусобақани расман очиқ деб эълон қилди.

    Тадбир давомида боксчилар номидан Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов мусобақада ҳалол ва шаффоф рақобат олиб боришга қасамёд қилди. Шундан кейин маросим байрамона куй-қўшиқлар билан давом этди, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.