Бола нега етти ёшдан мактабга бориши керак?

    Аксарият ота-оналар фарзанди олти ёшга тўлиши билан уни мактабга беришни хоҳлайди. Хўш, бу қанчалик тўғри? Тиббий нуқтаи назардан бундай болалар ўқув жараёнида қийналиб қолмайдими?

    Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси Инобат Аҳмедова жавоб берди.

    — Албатта бу савол бугун кўпчилик ота-оналарни қизиқтиради, — дейди мутахассис. — Биласизми, бобо-бувиси билан бирга яшайдиган аксарият болажонларни кузатсак, улар тенгдошларига нисбатан анча ақлли ва зийрак бўлади. Ҳатто, айрим олти ёшдаги болаларнинг етти ёшли ўғил-қизларга нисбатан бирмунча уқувли эканига ҳам гувоҳ бўламиз.

    Шу боис кўпчилик ота-оналар етти ёшга тўлмаса ҳам "фарзандим мактабга борсин" дейди. Ваҳоланки, олти ёшда бола ҳар қанча ақлли бўлмасин, уларда фикрлаш қобилияти тўлиқ шаклланиб улгурмайди.

    Чунки етти ёшгача унинг мияси ўсиш жараёнида бўлиб, айни шу ёшдан кейин такомиллашади. Яъни, бу физиологик ҳолат ҳисобланади.

    Қолаверса, бола ҳаётининг еттинчи йилида ундаги ҳаракатлар кўлами кенгайиб, аниқлашади ва ўзаро мослашув бошланади. Улар ўзини идора этиш, ҳаракатларини назорат қилиш қобилиятига эга бўлади. Етти ёшда диққатни жамлаш, вазиятни баҳолаш ва қийинчиликларга дуч келганда тўғри қарор қабул қилишни ўрганади.

    Шунингдек, бу ёшда бола ҳам жисмонан, ҳам руҳан чиниқади, қизиқувчанлиги ортади. Унинг идрок кучи ва тафаккури жадал ривожланади. Моддий борлиқни англашга интилади. Шунингдек, бу ёшда уларда гигиеник малакалар шаклланади.

    Шу боис Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонунида ҳам умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланган.

    Бир сўз билан айтганда, ўғил-қизларнинг мактабга етти ёшдан бориши нафақат уларнинг шахсий ривожланиши, балки келажаги учун ҳам муҳимдир.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates