Бўлажак шифокорлар катта ҳаёт сари йўл олмоқда

    Шу йилнинг 14 июнь куни пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги“ санъат саройида Тошкент давлат тиббиёт университетининг “Битирувчи – 2025” тантанали маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов ҳам иштирок этиб, битирувчиларнинг кейинги фаолиятига муваффақият тилади.

    Битирув оқшомида Тошкент тиббиёт университетидан 13 та, САМПИдан 6 та, Стоматология институтидан 4 та таълим йўналиши бўйича 4 минг нафар бўлажак шифокорлар 37 миллион аҳолининг корига яраймиз, дардини оламиз дея бир овоздан қасамёд қабул қилди.

    — Бугун сизлар учун унутилмас, ҳаётингиздаги муҳим бурилиш нуқтаси. Йиллар давомидаги изланишлар, тунлар билан ёр-ўртоқ бўлган ўқишлар, амалиётлар ва синовлар ортда қолди, — дейди университет ректори Шуҳрат Боймуродов. — Сиз энди фақат талабагина эмас, балки инсон ҳаёти учун жавобгар бўлган ҳақиқий шифокор сифатида йўлга чиқяпсиз. Сиз танлаган касб фақат билим эмас, меҳр, сабр ва фидойилик талаб қиладиган улуғ йўлдир. Инсоннинг оғриғини енгил қилиш, умидсиз кўзларга нур улашиш, ҳаёт учун курашиш — бу ҳар бир шифокорнинг муқаддас бурчидир. Ишончим комилки, қандай шароитда бўлманг, қандай синовлар келмасин, қалбингиздаги қасамга содиқ қоласиз. Илм, инсонпарварлик ва ҳалоллик сизнинг асосий йўлдошингиз бўлади. Бугун сизлар нафақат диплом, балки бутун жамиятнинг ишончини ҳам олдингиз. Ана шу ишончни оқлашда омад, куч ва соғлик ҳамиша йўлдошингиз бўлсин.

    Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 апрелдаги 149-сонли Қарорига асосан Тошкент давлат тиббиёт университетининг ташкил этилиши барча учун муҳим янгилик бўлди. Бугунги кунда Тошкент давлат тиббиёт университети таркибида 2 та филиал: Термиз ва Чирчиқ филиаллари тиббиёт кадрларини тайёрламоқдалар. 100 ёшни қаршилаган Тошкент давлат тиббиёт университети бугунга қадар мамлакатимизга 100 мингдан зиёд малакали шифокорлар тайёрлаб берган ва бермоқда.

    Бугун Тошкент давлат тиббиёт университети тарихида янги саҳифа очилди. Шу ондан бошлаб, бутун билимим ва куч-ғайратимни инсон ҳаётини сақлаш ва саломатлигини тиклашдек муқаддас ишга бағишлашга қасамёд қилдим. Ҳар доим тиббиёт олий қадриятларига содиқ қолиб, беморларга меҳрибон, ҳалол ва виждон билан хизмат қиламан, — дейди битирувчилардан бири.

    Ҳа, ҳар бир лаҳза – хотира, ҳар бир сурат – тарих деганларидек, ушбу лаҳзадан шифокорлар сафини тўлдирган ёшлар қалбида фақат бир ҳис — масъулият ҳисси билан йўлга чиқмоқда.

    Масъулият — бемор кўзидаги умидга жавобгарлик, ҳар бир қўйилган ташхис, ёзилган даво ва айтилган сўз учун жавобгарлик. Энди уларнинг ҳар куни инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Бу йўлда меҳр, сабр ва билими билан халқ хизматида бўлиш, ватанга садоқат ва инсонпарварликнинг ҳақиқий намунасини кўрсатиш – улар учун энди шарафли бурчдир.


    Ҳамкорлик материали