Болалик дунёсида эзгулик уйғотиб ёхуд қўғирчоқ театридан катта театр сари

    Табиийки, ҳалигина кулиб, ўйнаб турган бола ҳам илк бор театрга келганида инжиқлик қилиши, қоронғу саҳнадан, ёввойи ҳайвонлар, айниқса, бўридан қўрқиши мумкин.

    Очиғи, қўғирчоқ театрига аксарият катталар унчалик менсимай қараши бор гап. Аслида жуда қадим ва жонли ижро этиладиган томошалар болаларимиз руҳиятига ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатишини унутгандекмиз.

    Ҳар лаҳзада кичкинтойларда ижобий ҳиссиётлар, ҳаяжон ва ҳайратлар уйғота олишга қодир бундай жонли ижрони бошқа жойда учрата олмайсиз. Энг муҳими, бу томошалар болалар қалбида яхшилик, дўстлик, жасурлик, қийин пайтларда ўзгаларга ёрдам каби кўплаб фазилатлар муҳрланишга жонли таъсир кўрсата олади. Ота-оналарнинг ўгитлари, насиҳатлари қанчалар тўғри эканлигига уларда катта ишонч уйғотади.

    ***

    Саховатли куз зар поёндозини тўшаган йўлак бўйлаб борар эканман, хаёлимни икки аёлнинг ўзаро суҳбати бўлди:

    — Таътилда болаларни қаерларга олиб бормоқчисиз?

    — Биринчи ўринда ҳайвонот боғига.

    — Ҳаво совиб кетадиган бўлса, театрдан яхшиси йўқ, менимча.

    — Э, қачондир опкеганимда роса совуқ эди театр. Ўшанда ҳам кузги таътил эдиёв адашмасам. Тағин билмадим-у, лекин таъмирланди, дейишди. Бир келиб кўриш керак. Яхши спектакллари бормикин?...

    ***

    Яхши спектакллар бор. Фақат мустақил қўғирчоқ труппаси тузиб олиб, боғча ва мактабларда 2–3 та қўғирчоқ билан тирикчилик қилаётган айрим “ҳаваскор”лар туфайли ота-оналарда қўғирчоқ театри ҳақида салбий фикрлар пайдо бўлгани рост.

    Гарчи, ҳаво совиб кетсагина фарзандини театрга олиб келиши мумкин бўлган, театр залининг совуқлигини тахмин қилган ҳар икка онанинг гапларига қўшилдим. Аслида, кейинги пайтда аксарият ота-оналар болаларини театрга олиб бориш ҳақида ўйламай ҳам қўйишган. Яхшиямки, аҳён-аҳён мактабда қўғирчоқ театрига деб чипта бериб қолишади. Боласининг ўқитувчи назоратида эканидан кўнгли тўқ бўлган кўплаб ота-оналар жилла қурса унинг театрга қандай бориб-келганию, таассуротлари ҳақида сўрашга ҳам вақт топмайди.

    Тўғри, болалар ҳайвонот боғига ҳам бориши керак, лекин фарзандларимизда театрга бориш маданиятини қачон шакллантирамиз? Таълимнинг пойдевори — болалар боғчаси. Катта театрга меҳрни болаликдан, аниқроғи қўғирчоқ театри томошаларидан уйғотиш кераклигини, бу эса биз, ота-оналарга боғлиқлигини ҳар биримиз жиддийроқ ўйлаб кўрсак бўларди. Қўғирчоқ театрига борган бола “Ёш томошабинлар театри”га ҳам боради. Чунки у театрдан энг яхши маънавий озуқа олиш мумкинлиги, унда чинакам ҳаёт акс этиши, спектакль берадиган таассуротни ҳеч қайси техника воситасидан олиб бўлмаслигини яхши ҳис эта олади.

    Бола тарбиясида муҳим ўрин тутадиган шу каби жиҳатлар, қолаверса, капитал таъмирдан чиқиб, янги қиёфа касб этган Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри фаолияти ҳақида мақола ёзишни дилга туккандик аслида. Бинобарин, юртимизда дунё мамлакатлари эътироф этган, ўзбек қўғирчоқбозлигини оламга танитган бу даргоҳ борлигидан фахрланишимиз, унинг тарихи ва бугунини фарзандларимиз ҳам яхши билиши фойдадан ҳоли эмас. Мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 май куни қабул қилган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан театрга Миллий қўғирчоқ театри номи берилди.

    Кичкинтойлар театрида катта тажриба бор

    1939 йил Тошкент шаҳрида давлат қарори билан ўзбек ва рус труппалари асосида ягона – республика қўғирчоқ театри ташкил этилган бўлиб, унда машҳур санъаткорлар Пўлатжон Дониёров, Зулайҳо Исҳоқова, Елена Подгурскаялар фаол иштирок этишган. Театр фаолиятининг бошланиши иккинчи жаҳон урушига тўғри келди. Суронли йилларда театр жамоасига фидойи, ўз ишининг моҳир устаси Р.Ананьева раҳбарлик қилиб, ўша замоннинг руҳи ва талабига мос спектакль ва концертларни томошабинларга тақдим этган ва бу ишни аъло даражада бажарган.

    Урушдан кейин театр жамоаси жаҳон мумтоз асарларига, шу билан бирга, ўз миллий саҳна драматургиясини яратиш йўлида тинмай иш олиб борди. Катта ёшдаги томошабинлар ҳамда ёш болажонларимиз учун кўплаб спектакллар саҳналаштирилди. Жумладан, А.Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, Ҳ.Олимжоннинг “Семурғ”, “Ойгул ва Баҳтиёр” достонлари инсценировка қилинди. Н.Ҳабибуллаевнинг “Фотиманинг саргузаштлари”, А.Қобуловнинг “Раҳим ва қўнғиз”, Р.Фарҳодийнинг “Ўткир шохли буқача”, “Ким ойни ўғирлади?” каби саҳна асарлари дунёга келди.

    Чорак аср давомида бу театрда Республикамиз санъат арбоблари И.Яқубов ҳамда В.Акудин ижодий ҳамкорликда энг сара асарларни саҳналаштириб, унинг нуфузини оширишга катта хизмат қилди. Театр 80 йиллик ижодий фаолияти мобайнида Республика ва халқаро миқёсдаги турли фестивалларда иштирок этиб, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Бирма, Афғонистон, Ҳиндистон, Болгария, Франция, Германия, Миср, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ давлатларида ижодий сафарларда бўлди, ўзбек миллий қўғирчоқ санътини дунёга танитди.

    Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, республикамиз пойтахтининг қоқ марказидан ўрин олган қўғирчоқ театрининг барпо этилишида Шароф Рашидовнинг катта ҳиссаси бор. Дунёнинг жуда кам мамлакатларида бўлган бундай бино айнан унинг ташаббуси билан қад ростлаган. Театрнинг 80 йиллиги муносабати билан Ш.Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” асари асосида саҳналаштирилган “Кашмир афсонаси” спектакли театр репертуардан ўрин олди.

    Мустақилликнинг дастлабки даврида режиссёрлар, мусаввирлар, бастакор ва актёрлар ўз кучларини катта иштиёқ билан театр саҳнасида синаб кўрдилар. Хусусан, режиссёрлардан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ш.Юсупов, Д.Юлдашева, Э.Орипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар М. Эгамназарова, Ф.Хўжаев, К.Жабборовалар, актёрлар А.Мирзағиёсов, Ш.Жаббаров, Ю.Шибков, мусаввирлар С.Седухин, М.Рўзметова, бастакорлар Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби А.Икромов, А.Ким, Л.Угай самарали ижод қилдилар. Охирги йилларда Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрида нафақат болалар учун, шунингдек катта ёшдаги томошабинлар учун ҳам асарлар намойиш этиляпти. Режиссёр Ш.Юсуповнинг “Юрт тумори”, “Тўмарис”, Д.Юлдашеванинг “Яна Андерсен”, “Қарсилдоқ”, “Юлдузли бола”, “Оҳ, бу Хўжа Насриддин”, “Соя” спектакллари, Ф.Хўжаевнинг “Чўп қўғирчоқ” спектакллари театрнинг ижро мундарижасидан ўрин олган.

    Мақолани тайёрлаш жараёнида театр бош режиссёри Шомурод Юсуповнинг ижтимоий тармоқлардан бирида келтирилган ушбу фикрлари эътиборимни тортди. “Миллий қўғирчоқ театри номи берилиши миллий асарларнинг кўпа­йишини талаб этади, албатта. Шунингдек, қўғирчоқларга миллий либос кийдириш билан ҳам миллийликка эришиб қолинмайди. Миллийлик спектаклнинг ғоя­сида акс этиши керак. Аммо бу жаҳон драматургиясидан воз кечиш керак, дегани эмас. Жаҳон таж­рибасидан ўтган асарлар, албатта, репертуарда бўлиши лозим. Биз ҳам театримизда ушбу тажрибани қўллашни мақсад қилганмиз. Шу мақсад йўлида “Тўмарис” спектаклини саҳналаштириб, илк қадамни ташладик”, дейди режиссёр.

    Бугунги Қўғирчоқ театри кечаги эмас

    2014 йилда Республика қўғирчоқ театрини капитал таъмирлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Аммо мазкур қарор ижросига 2019 йилда киришилди. 11 миллиллиард сўмлик маблағ эвазига таъмирдан чиққан театр биноси бугун бутунлай ўзгача кўринишга эга бўлди.

    — Ёзда иссиқ, қишда совуқдан қийналар эдик. Ота-оналардан жуда кўп шикоятлар бўларди, — дейди биз билан суҳбатда театрнинг адабий бўлим мудири Икромжон Эрқулов. — Уларнинг “Спектаклни маза қилиб томоша қилдик, лекин болаларимиз совуқ қотиб қолди, қишда совуқ ёки ёзда иссиқда ўтириб бўлмади, ҳаво йўқ” каби эътирозлари албатта ўринли эди. Шунингдек, ёритқичлар, овоз кучайтиргичлар билан боғлиқ муаммолар ҳам талайгина бўлган. Ҳайриятки, ҳозир бу муаммолар барҳам топди. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Ҳукуматимизга катта раҳмат. Театримиз жуда чиройли ҳолатга келди. Болалар спектакль билан бирга янги бинони томоша қилиб ҳам маза қилишяпти. Италянча ҳовли, бу ердаги ўзига хос табиат манзараси кичкинтойларда ёрқин таассурот қолдираётганига шубҳа йўқ.

    Болангиз қайсар бўлса ҳам...

    Вилоятларимиздаги қўғирчоқ театрларида кадрлар етишмаслиги муаммоси ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг Қўғирчоқ театри режиссураси ва актёрлиги факультети вилоят театрларига ҳам етарлича кадрлар тайёрлайди, аслида. Лекин ушбу факультетни битирса-да, телевидение, радио ва бошқа соҳаларга кетиб қоладиган мутахассислар эвазига жойларда кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда. Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрида айнан кадрлар масаласи ҳам алоҳида танлов асосида ҳал қилиниб, энг иқтидорлилар танлаб олинади. Шунинг учун кадрлар салоҳияти бу ерда анчагина юқори. Улар албатта, ўзбек ва рус тилларини мукаммал билишади. Икром аканинг айтишича, аксарият ота-оналар репертуар билан алоҳида қизиқишади. Қайси спектаклда нима илгари сурилади, неча ёшли болаларга мўлжалланган, хуллас ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олгачгина фарзандларини олиб келишади.

    С.Образцов номидаги Халқаро фестивалда Россия оммавий ахборот воситалари ходимлари бизнинг актёрларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг рус тилидаги талаффузига қойил қолишган. Яна бир жиҳат. Бу ерда педагог тарбиячи штати ҳам мавжуд. Театрда ҳам педагог штати бўладими, дея ажабланишингиз мумкин. Бир ўйлаб кўринг, катта театрларга ёш болалиларни нега киргизишмайди? Қўғирчоқ театрига 2–3 ёшли болаларни ҳам олиб келишади. Табиийки, ҳалигина кулиб, ўйнаб турган бола ҳам илк бор театрга келганида инжиқлик қилиши, қоронғу саҳнадан, ёввойи ҳайвонлар, айниқса, бўридан қўрқиши мумкин. Айни вазиятда педагог тарбиячилар бола билан адаптация ишларини олиб боришади. Ташқарига олиб чиқишади, спектаклдан олдин ҳам кичкинтойларда эртакнинг нима ҳақида экани, унда қайси персонажлар иштирок этиши, умуман, олдинда болани кутаётган воқеликлардан уларни хабардор этиш баробарида кўникма ҳам ҳосил қилишади. Шунга қарамай, юқоридаги ҳолатлар кузатилган тақдирда ҳам улар боланинг кўнглига йўл топишади.

    Аммо ютуқ бор жойда албатта камчилик ҳам бўлганидек, қўғирчоқ театрида ҳам драматургия борасида бошқа театрлардаги каби муаммолар бор. Айни пайтда шу муаммолар ечими устида ҳам иш олиб бориляпти.

    Истиқболи порлоқ даргоҳ

    — АҚШнинг Сиэтл шаҳри билан ҳамкорлигимиз яхши. Жамоамиз қайси давлатга гастрол сафарига чиқадиган бўлса, спектаклни ўша давлат тилида ўйнашга ҳаракат қилади. Бир неча йил аввал америкаликлар театримизга ташриф буюрганида “Яна Андерсен” спектаклини инглиз тилида намойиш қилиб бердик, — дейди Икром ака.

    Пандемия сабабли театрнинг гастрол сафарлари бироз чекланган бўлса-да, ижодий жамоа изланишдан бир кун ҳам тўхтаётгани йўқ. Репертуар хилма-хил. Унинг мундарижасида катталар ва болажонлар учун мўлжалланган “Юрт тумори”, Тўмарис”, “Широқ”, Навоийнинг “Саббаи сайёр” асари асосида “Баҳром ва Дилором” “Бу, ўша Хўжа Насриддин” “Семурғ” “Соя” , “Яна Анденсен” “Юлдузли бола”, “Маша буви ёпган бўғирсоқ” ва яна кўплаб саҳна асарлари бор.

    Дарвоқе, театрга яқиндагина Швейцариядан 20 нафар ёш архитекторлар ташриф буюрди. Уларни театр биноси, фаолияти билан таништирган театр ходимлари ўзлари ишлаётган муқаддас даргоҳга янада чуқурроқ меҳр қўйгани аниқ. Боиси, сайёҳлар давлатимизнинг Қўғирчоқ театрига бўлган эътиборини алоҳида эътироф этишди. “Бизда хусусий театрлар бор. Нари борса, 40–50 нафар бола сиғиши мумкин. Давлат тасарруфидаги бунақа театрларимиз йўқ. Сизларнинг давлатингиз болалар маънавиятига катта эътибор берар экан”.

    Шунингдек ёш архитекторлар театр биноси дизайни, катталар учун алоҳида, болалар учун кўтариладиган ўриндиқларни кўриб янада ажабланишди. Бир талабанинг “Одам сеҳрга дуч келса, ҳайратланади, театрингизга кираверишдан ҳайратга тушдик. Биз бу борада бошқача тасаввурда эдик, бутунлай фикримиз ўзгарди”, дегани қувонарли. Дарҳақиқат бола спектаклни яхши кўра олиши учун кўтарилишга мосланган ўриндиқлар Венгриядан 1979 йилда келтирилган бўлиб, таъмирлаш натижасида улар ҳам яна янги ҳолга келтирилди. Яхшиси, минг марта эшитгандан кўра, бир бор театрга ташриф буюрсангиз, бу гаплар шунчаки баландпарвозлик эмаслиги, бу ёғига театрнинг истиқболи порлоқ эканига ўзингиз гувоҳ бўласиз.

    ***

    Дарвоқе, айни пайтда театр ижодий жамоаси Л.Лопейская ва Г.Крчуловаларнинг “Лайлакча ва қўриқчи” эртагига асосланган янги спектакль устида иш олиб боряпти. Машҳур саҳна асарини режиссёр Динара Юлдашева саҳналаштирмоқда. Спектаклнинг саҳналаштирувчи рассом — Н.Фахрутдинова, бастакор — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби А.Икромов. Актёрлар Ш.Эшмуҳамедова С.Ваҳобова А.Мирзағиёсов, О.Исаков ва Л.Азимоваларнинг қўғирчоқлар билан илк танишув онлари ҳис-хаяжонга тўлиқ бўлиб, олдинда уларни қизиқарли ижодий жараёнлар, топилмалар, илҳом қувончлари, машаққатли изланишлар, болажонларни эса “Уч қувноқ дўмбоқча”, “Фотиманинг саргузаштлари”, “Қизил қалпоқча”, “Майна китоби ёки вақт ҳақида ҳикоя”, “Ўжар қуёнча” каби бир-биридан қизиқарли спектакллар намойиши кутяпти.

    Бугунги қўғирчоқ томошалари янада қизиқарли, янада жонли шаклларда ижро этилмоқда. Энг муҳими, бундай жонли ижро болаларни ушбу воқеалар иштирокичисига айлантиради. Болаларнинг томошаларни турли техник воситалар орқали эмас, жонли саҳнада кузатиши, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга кучли ҳиссиёт, муносабат уйғота олади. Шу орқали ижодий дунёсини бойитади, шахс сифатида шаклланишига кучли ижобий таъсир кўрсатади. Биз катталарни эса кичкинтойларнинг катта дунёсига ҳурмат ва ғамхўрлик билан қарашга ундайверади.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири