Жадидлар ҳақида янги спектакль саҳналаштирилди

    Спектакл намойишидан кўзланган мақсад ҳам ҳар бир ватандошимиз қалбида жадид боболаримиздаги шиддатни уйғотиш, уларни миллат бирлиги ва тараққиёти йўлида ягона мақсад сари оғишмасдан якдилликда ҳаракат қилишга ундашдир.

    Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифатга чорлаб, том маънода миллатни уйғотиш умидида яшаган жадид боболаримиз ҳаётига бағишланган «Жадидлар орзуси» спектакли саҳналаштирилди.

    Жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Касаба уюшмаларида федерацияси саройида ушбу саҳна асарининг премьераси бўлиб ўтади.

    «Жадидлар орзуси» спектакли Туркистонда бир неча мактаблар очилишига сабабчи бўлган, биринчи ўзбек драматурги Маҳмудхўжа Беҳбудий, ўзининг «Жамияти хайрия» фонди туфайли етим болаларни чет элларда ўқишига беминнат ҳисса қўшган Абдулла Авлоний ва миллий уйғониш ҳаракатининг яна бир намояндаси Абдулҳамид Чўлпон ҳаётига бағишланади.

    Унда ўз даврида боболаримиз ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ватан равнақи, юрт осойишталиги ва энг муҳими халқимиз эрк тушунчасини ҳис қилиши учун толиби илмлар сафи кенгайишида кўрсатган беҳисоб хизматлари тилга олинади.

    Спектакль намойишидан кўзланган мақсад ҳам ҳар бир ватандошимиз қалбида жадид боболаримиздаги шиддатни уйғотиш, уларни миллат бирлиги ва тараққиёти йўлида ягона мақсад сари оғишмасдан якдилликда ҳаракат қилишга ундашдир.

    Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир».