Бўлғуси стоматологлар соҳага доир янги билим ва тажрибалардан хабардор бўлади

    Шу йилнинг 30 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбия эканини таъкидлади. Бу борада, аввало, мактабларда ўқув юкламаси ва фанлар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигига алоҳида урғу берди.

    Мамлакатимизда ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш, хусусан, мактаб таълимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар кун сайин қизғин паллага кирмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Президентимиз раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида берилаётган кўрсатма ва топшириқлар, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкам асосга эга бўлаётир.

    Шу йилнинг 30 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбия эканини таъкидлади. Бу борада, аввало, мактабларда ўқув юкламаси ва фанлар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигига алоҳида урғу берди.

    Йиғилишда Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Бу мамлакат умумтаълим фанларини ўқитиш билан бирга, олий таълимда ҳам салмоқли ютуқларга эришяпти. Шу боис, Тошкент давлат стоматология институти Финляндия давлатининг JAMK университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Яқинда магистрлар учун қўшма таълим дастурини йўлга қўйдик. Шунингдек, ҳамкорликда “Тиббиёт ва инновация” журнали ташкил этилди. Ушбу нашрда таълим ва илмий-амалий муассасалар докторантлари ва мустақил изланувчиларининг изланишлари натижаларига доир мақолалар, тиббиёт соҳасининг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган олимларнинг минтақа ва жаҳондаги долзарб муаммолар тадқиқотига бағишланган илмий материаллари мунтазам бериб борилади.

    Таълим сифатини ошириш борасида институтимиз бошқа чет давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳам самарали мулоқот ўрнатган. Жумладан, Москва давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда стоматология факультети очилди. Оренбург давлат тиббиёт университети билан биргаликда “Клиник психология”, Приволжск тиббий тадқиқот университети билан “Даволаш иши”, Украинанинг Горбачевский номидаги Тернополь миллий тиббиёт университети билан “Олий малакали ҳамшира” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилди. Беларусь давлат тиббиёт университети билан олтита магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастури, Россия Халқлар дўстлиги университети билан “Дерматовенерология”, Беларусь олий таълимдан кейинги таълим бўйича тиббиёт академияси билан “Офтальмология” ва “Эндокринология” йўналишларида клиник ординатура мутахассисликлари ташкил этилди.

    Бундан ташқари, институтимиздаги таълим жараёнига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳам келишувга эришдик. “Соғлиқни сақлаш менеджменти ва бошқаруви” фанидан JAMK амалий фанлар университети профессори Аннина Кангас-Ниеми, мазкур университет доценти Сари Ярвинен, “Дентал имплантология” фанидан Милан университети профессори Диего Лопс маъруза ва амалий фанларни ўқитишга розилик билдирди.

    Давлатимиз раҳбари берган топшириқлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасамиз жамоаси ҳам мактаблар билан ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш бўйича вазифаларни белгилаб олди. Шунга асосан, Тошкент давлат стоматология институти томонидан пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги мактабларга физика, кимё ва биология фанлари бўйича малакали ўқитувчиларимиз, фан докторлари юборилади. Уларнинг машғулотлари ўқувчиларда тиббиёт соҳасига ва умуман билим олишга интилишни янада оширса, ажаб эмас. Зеро, уларнинг орасида бизнинг бўлғуси талабаларимиз нигоҳи порлаб, янги билимларни интизорлик билан кутяпти.

    Айни пайтда юртимизда тиббиёт ва педагогика соҳаси ходимларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қабул квоталарининг оширилиши, янги олий таълим муассасаларининг ташкил қилиниши, қўшма факультетларнинг ташкил қилиниши, талабаларнинг таълимга эҳтиёжини таъминлаяпти. Бу эътибор, айниқса, тиббиёт ходимлари тайёрлаётган олий таълим муассасалари зиммасига улкан масъулият юклайди. Чунки тиббиёт ходимлари — саломатлик посбонларидир. Уларнинг фаолияти бевосита инсон ҳаёти билан боғлиқ. Бу эса, шубҳасиз, малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини замон талабларига мос тарзда мунтазам ислоҳ қилиб боришни тақозо этади.

    Фидойи, халқимизни рози қилиб ишлайдиган тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш борасида олдимизга бир қатор вазифаларни қўйганмиз. Янги ўқув йилида талабалар учун ахборот-ресурс маркази фаолиятини такомиллаштириш, шарт-шароитини яхшилаш, ўқув адабиётларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Ўқув йилининг биринчи семестри онлайн олиб борилаётгани сабабли электрон дарсликлар, фанларни ўқитишда компьютер дастурларига эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, институт профессор-ўқитувчилари томонидан ушбу йўналишда фаол ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Офтальмология” ва “Амалий физиология” фанларидан яратилган электрон мультимедиали дарсликларни мисол келтириш мумкин.

    Нодир ҲАЙДАРОВ,

    Тошкент давлат стоматология институти ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates