Бозор тамойиллари ғаллачиликда улгуржи нархларни пасайтирди

    Ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар улгуржи нархларнинг тушишига олиб келди.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг BUNNI индекси: ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар улгуржи нархларнинг тушишига олиб келди, кейинги босқич - таъминот занжирида рақобатни кучайтириш.

    Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги қарорига асосан 2022 йилнинг 1 июнидан ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларига ўтилди ва “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан буғдой уни очиқ биржа савдоларига қўйилди ва сотила бошланди.

    Мазкур ислоҳотлар самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш мақсадида институт томонидан Буғдой уни улгуржи нархлари индекси (BUNNI индекси) ишлаб чиқилди. Буғдой уни улгуржи нархларидаги тебранишлар якуний истеъмол товарлари нархига ва умумий инфляция даражасига таъсир қилади.

    Улгуржи нархлар ўзгаришининг чакана бозор нархларига бироз кечикиш билан таъсир қилиши ва истеъмол нархлари тўғрисида маълумот тўплаш маълум вақт талаб этиши инобатга олинса, BUNNI индекси инфляцияни жиловлашда етакчи индикатор (leading indicator ) ва эрта огоҳлантириш тизими (early warning system ) сифатида хизмат қилади.

    Маҳаллий буғдой уни учун BUNNI индекси 2022 йилнинг август ойида ўртача 107,4 ни ташкил этди (01.06.2022 = 100). Август ойи охирига келиб, ғалла нархини эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг самара бера бошлаши, 2022 йил ҳосилининг бозорга катта ҳажмда кириб келиши ҳамда буғдой импорти бўйича имкониятларнинг кенгайиши буғдой уни учун биржа нархларининг пасайишида ўз аксини топди. Натижада, BUNNI индекси 2022 йилнинг сентябрь ойида 106,62 гача, декабрь ойида 105,07 гача камайди.

    2023 йилнинг март-апрель ойларида маҳаллий буғдой уни нархининг пасайиши тезлашди ва бу даврда BUNNI индекси мос равишда ўртача 102,13 ва 99,24 ни ташкил этди. Умуман олганда, 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг апрель ойигача бўлган оралиқда маҳаллий ун нархи 7,6 фоизга арзонлашди.

    2022 йилнинг февраль ойида дунёнинг энг йирик буғдой етиштирувчи мамлакатлари бўлган Россия ва Украина можаросининг бошланиши оқибатида жаҳон бозорида буғдой ва ун нархи сезиларли даражада ошди. 2022 йилнинг февраль ойида импорт буғдой уни учун ҳисобланган BUNNI индекси ўртача 88,6 ни ташкил этган бўлса, июль ойида 107,75 гача (+21.6%) кўтарилди.

    2022 йилнинг август ойидан бошлаб, жаҳон бозорида буғдой нархининг мувозанатга келиши ва Қозоғистон томонидан буғдой ва ун экспортига қўйилган квоталар муддатининг тугаши натижасида импорт ун нархида ҳам сезиларли пасайиш кузатилди. 2022 йилнинг декабрь ойига келиб, импорт буғдой уни учун BUNNI индекси 98,3 гача тушган бўлса, 2023 йилнинг апрель ойида 91,22 ни ташкил этди. Бу эса импорт буғдой уни ўртача нархи 2023 йилнинг апрель ойида 2022 йилнинг июль ойидагига нисбатан 15,3 фоиз арзонлашганидан далолат беради.

    Маълумот учун: 2022 йил Россия-Украина можароси ортидан буғдой нархи кўтарилиши сабабли буғдой ва ун импорти бўйича асосий савдо ҳамкоримиз Қозоғистон 2022 йилнинг 15 апрелидан 15 июнигача буғдой (1 млн. тонна) ва ун (300 минг тонна) экспорти учун квота белгилаган эди.

    Мамлакатимиз ун бозорида буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархларнинг ўзгаришигафақат бир томонлама таъсир кўрсатмоқда, яъни, буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархлар кўтарилганда кўтарилаяпти, лекин улгуржи нархлар пасайиши чакана нархларда намоён бўлмаяпти. Масалан, 2022 йилнинг июль ойидан 2023 йилнинг март ойигача бўлган даврда биржада олий навли импорт уннинг ўртача нархи 11,4 фоизга, маҳаллий олий навли уннинг ўртача нархи 13,7 фоиз тушганига қарамасдан, деҳқон бозорлари ва дўконларда олий навли уннинг ўртача нархи 28,3 фоиз ошган.

    Ушбу рақамлар буғдой унининг биржадан ташқари таъминот занжирида рақобатни кучайтириш имконияти борлигини кўрсатади. Хусусан, улгуржи харидорлар ўртасида рақобат даражасининг пастлиги, фойда маржасининг юқорилиги, чакана савдо билан шуғулланувчиларнинг инфляцион кутилмалари юқорилиги, транспорт харажатларининг қимматлиги чакана нархларнинг ошиб боришига сабаб бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates