Британиянинг олий таълим феномени: Ўзбекистон учун трансформацион ечимлар

    Таълим 24 феврал 2025 2597

    Бугунги глобал рақобат шароитида олий таълим сифати ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Британия университетлари асрлар давомида шаклланган сифат стандартлари билан дунё олий таълим тизимида ўз ўрнини мустаҳкам сақлаб келмоқда.

    Айнан нима Британия олий таълимини бундай юксак даражага олиб чиққан?

    Британия олий таълимини юксак даражага олиб чиққан бош омил - бу университетларга берилган тўлиқ академик ва молиявий мустақилликдир. Университетлар ўқув дастурларини халқаро тенденциялардан келиб чиқиб мустақил шакллантиради, профессор-ўқитувчиларни танлаш ва уларнинг маошини белгилашда эркин, илмий-тадқиқот йўналишларини бозор талабига қараб мослайди. Улар ўз стратегиясини глобал рақобат шароитидан келиб чиқиб ишлаб чиқади, ўз маблағларини тасарруф этади ва фойда келтирадиган лойиҳаларни амалга оширади - бундай эркинлик эса олий таълим сифатини тубдан оширади.

    Британия олий таълим тизимининг яна бир муҳим жиҳати– талабага индивидуал ёндашув ва сифат назоратининг самарали тизимидир. Бу тизимда талабаларга нафақат билим берилади, балки ҳар бир талабанинг танқидий фикрлаш, илмий-таҳлилий кўникмалари ривожлантирилади. Ўқитувчилар ҳар бир талабанинг қобилияти ва хоҳишини ҳисобга олган ҳолда улар учун индивидуал ривожланиш йўналишини шакллантиради. Талаба ўзига керакли фанларни танлаш, ўқиш тезлигини белгилаш, илмий тадқиқот йўналишини аниқлаш имкониятига эга. Бу эса талабанинг потенциалини тўлиқ очиб бериш, унинг рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишини таъминлайди.

    Британия олий таълим тизимининг муваффақияти кўп йиллик тажриба, инновацион ёндашувлар, сифат назорати, илм-фан ва таълим уйғунлиги, амалиёт билан боғлиқлик ҳамда талабаларга йўналтирилган ёндашувнинг натижасидир. Оксфорд, Кембридж каби университетларнинг муваффақияти тасодифий эмас - бу узоқ йиллик тажриба ва инновацион ёндашувлар натижасидир. Бу тажрибани ўрганиш ва миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда жорий этиш Ўзбекистон олий таълим тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Британия олий таълим тизими дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Times Higher Education World University Rankings 2025 рейтингида Британиянинг 11 та университети дунёнинг энг яхши 100 та университетлари қаторига киради, улардан Оксфорд университети 1-ўринни эгаллайди. Бу ютуқларнинг асосий омилларидан бири - бу сифатни таъминлаш бўйича мукаммал тизимнинг мавжудлигидир. Бу эса бежиз эмас – Британия олий таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари ва сифатни таъминлаш механизмлари уни дунёнинг энг илғор таълим тизимларидан бирига айлантирган.

    Британия олий таълим тизимида сифатни таъминлаш Олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) томонидан мувофиқлаштирилади. QAA университетларни аккредитациядан ўтказиш, сифат стандартларини ишлаб чиқиш ва методик ёрдам кўрсатиш орқали олий таълим сифатини кафолатлайди.

    Британия олий таълим тизимидаги сифатни таъминлаш тизими ўзининг самарадорлиги билан ажралиб туради. Британиянинг олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) томонидан ишлаб чиқилган Британия Олий таълим сифат кодекси (UK Quality Code for Higher Education 2024) сифатни таъминлашнинг асосий стандартларини белгилайди. Мазкур ҳужжат икки йўналишда - олий таълим стандартлари ва сифат стандартларини ўз ичига олади.

    Британиянинг олий таълим тизимида сифатни таъминлаш тизими ўзининг инновацион ёндашуви ва натижадорлиги билан эътироф этилади.

    Биринчидан, Британия Олий таълим сифат кодекси (UK Quality Code for Higher Education 2024) доирасида академик стандартлар ва сифат кўрсаткичлари белгиланган. Бунда университетлар фаолиятини баҳолашнинг 7 та асосий йўналиши мавжуд: таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ўқитиш сифати, талабаларни баҳолаш, талабаларни қўллаб-қувватлаш, ўқув ресурлари, илмий-тадқиқот фаолияти ва бошқарув тизими самарадорлиги.

    Иккинчидан, QAA томонидан ишлаб чиқилган таълим дастури (Subject Benchmark Statements) ҳар бир таълим йўналиши бўйича битирувчилар эгаллаши лозим бўлган билим ва кўникмаларни аниқ белгилайди. Масалан, юридик таълим бўйича стандартлар ҳуқуқий таҳлил, танқидий фикрлаш, касбий этика ва амалий кўникмаларни ўз ичига олади.

    Учинчидан, Британиянинг олий таълим муассасаларида сифатни таъминлашнинг “PDCA” (Plan-Do-Check-Act) цикли самарали қўлланилади. Бу ёндашув орқали таълим дастурлари ҳар йили мониторинг қилинади, профессор-ўқитувчилар фаолияти доимий баҳоланади, талабалар фикри мунтазам ўрганилади, йиллик ва даврий ҳисоботлар асосида такомиллаштириш чоралари кўрилади

    Тўртинчидан, талабаларнинг сифатни таъминлаш жараёнидаги иштироки алоҳида эътиборга молик. талабаларини сифатни таъминлаш жараёнига жалб этиш (Student Engagement Framework) асосида талабалар таълим дастурларини баҳолашда, сифат бўйича қўмиталар фаолиятида, университет бошқарувида, профессор-ўқитувчиларни баҳолашда фаол иштирок этади.

    Талабаларнинг таълим сифатини баҳолашдаги иштироки ҳам кучайтирилиши лозим. Британия тажрибаси кўрсатадики, талабалар таълим сифатини баҳолаш жараёнларида фаол иштирок этиб, ўз фикрларини айта олишлари, университет ва факультет қўмиталарида қатнашишлари таълим жараёнини такомиллаштиришда ҳизмат қилмоқда.

    Бешинчидан, Ташқи текширув тизими (External Examining System) орқали ташқи экспертларнинг холис баҳоси таъминланади. Бу тизим доирасида бошқа университетларнинг етакчи профессорлари имтиҳон материалларини экспертизадан ўтказади, баҳолаш тизимини таҳлил қилади, битирувчиларнинг якуний малакасини баҳолайди, таълим дастурлари сифати бўйича тавсиялар беради

    Олтинчидан, QAA томонидан ўтказиладиган халқаро аккредитация жараёни шаффоф ва холис мезонларга асосланади. Аккредитация натижалари очиқ эълон қилиниб, университетларнинг рейтингига бевосита таъсир кўрсатади.

    QAA ҳар 5 йилда университетларни халқаро аккредитациядан ўтказади. Бу жараёнда тўрт йўналишдаги (Таълим дастурларини ишлаб чиқишда маслаҳатлашиш, амалиёт ўташни ташкил этиш, битирувчиларнинг компетенцияларини баҳолаш, меҳнат бозори талабларини инобатга олиш) фаолият комплекс баҳоланади. Аккредитация натижалари очиқ эълон қилинади ва университетлар рейтингига таъсир кўрсатади.

    Тошкент давлат юридик университети Британия тажрибасини жорий этишда сезиларли қадамларни қўймоқда ҳамда Буюк Британиянинг олий таълим тизимидаги сифатни таъминлаш стандартлари асосида трансформация қилинмоқда.

    ТДЮУ Буюк Британиянинг Олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) стандартларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

    Бугунги кунда ТДЮУда сифатни таъминлаш бўйича ишончли механизмлар яратилмоқда. Булар қаторига таълим дастурларини мониторинг қилиш ва қайта кўриб чиқиш, талабаларни сифатни таъминлаш жараёнига жалб этиш, профессор-ўқитувчиларнинг дарсларини ўзаро кузатиш, таълим натижаларига йўналтирилган баҳолаш стратегиялари киради.

    Хусусан, ТДЮУда сифатни таъминлаш ҳақидаги низом Британиянинг Олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) стандартлари ва Европа олий таълим маконидаги сифат кафолати бўйича стандартларга (ESG) асосланиб, сифатни таъминлашнинг аниқ механизмлари, масъул тузилмалар ва мониторинг тизимини белгилайди. Шунингдек, Профессор-ўқитувчиларнинг дарсларни ўзаро кузатиши тўғрисидаги низом орқали ўқитиш сифатини ошириш ва тажриба алмашиш тизими, Талабаларни сифатни таъминлаш жараёнига жалб этиш ҳақидаги низом орқали талабаларнинг таълим сифатини яхшилашдаги иштироки таъминланган.

    Бунда ўқитиш сифати ва академик стандартларга, талабага йўналтирилган таълим ёндашувларига ҳамда илмий тадқиқотларга асосланган таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    ТДЮУда таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Британиялик экспертлар билан ҳамкорликда бакалавр ва магистратура мутахассисликлари учун жами 19 та Study Program Specifications (таълим дастурлари профиллари) яратилди. Бу жараёнда Cambridge, Queen Mary, Reading, York, the University of Westminister, the University of London каби Top-300 таликка кирган Британия университетларининг тажрибаси инобатга олинди.

    Таълим дастурлари профилларида кутилаётган натижалар аниқлаштирилди, модуль силлабуслари такомиллаштирилди, баҳолаш мезонлари қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, талабалар томонидан ҳар семестр якунида модулларни, ҳар ўқув йили якунида эса таълим дастурини баҳолаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса ТДЮУда таълим дастурларини нафақат шаклан, балки мазмунан ҳам халқаро стандартлар даражасида такомиллаштириш имконини бермоқда.

    Буюк Британия таълим тизими таъсири таълим дастури профиллари, ташқи баҳоловчилар тизими, талабаларнинг вакиллик тизими ва дарсларни кузатиш схемаларида яққол кўзга ташланади. Бунда сифатни назорат қилишдан кўра уни оширишга урғу берилади. Бу эса ТДЮУда Британия тажрибаси асосида комплекс ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўрсатади. ТДЮУнинг стратегик ҳужжатларида Буюк Британия сифатни таъминлаш тизимига бевосита ҳавола қилиниши ва жорий этилаётган унинг QAA халқаро аккредитациясига тайёргарлик кўриш жараёнида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    ТДЮУ Буюк Британиянинг олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. 2024 йил 20 март куни ТДЮУ ва QAA ўртасида ҳамкорлик шартнома имзоланди. Бу шартнома асосида 2024 йил 23-27 апрель кунлари QAA экспертлари Jennifer Taylor (QAA баҳолаш хизматлари раҳбари) ва Dr. Yue Song (Олий таълим сифати бўйича мутахассис) томонидан университетнинг 30 нафар раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари учун махсус тренинг ўтказилди. Тренингда олий таълимда сифат кафолати, халқаро аккредитация жараёнлари ва Европа олий таълим маконида сифат стандартлари (ESG) чуқур таҳлил этилди.

    ТДЮУ ҳозирда QAA ташкилотининг тўлиқ бўлмаган аъзоси (Associate Member) ҳисобланади ва 2024-2025 ўқув йилида ҳам аъзолик бадалини тўлаш орқали ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирмоқда. Университет 2026 йилда QAA томонидан институционал аккредитациядан ўтишни мақсад қилган.

    Бундан ташқари, ТДЮУ Британия университетлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. 2024 йил ноябрь ойида Британиянинг SOAS (University of London) билан биргаликда Инглиз ҳуқуқи ва Европа Иттифоқи ҳуқуқи кафедраси ташкил этилди. Британиянинг Global Legal English компанияси билан TOLES (юридик инглиз тили имтиҳони) лойиҳаси йўлга қўйилган. Университет 2024 йилда Erasmus+, DAAD, Fulbright каби нуфузли дастурлар доирасида умумий қиймати 174 минг АҚШ доллари миқдорида грантлар жалб қилди.

    Британия олий таълим тизими тажрибасини Ўзбекистон олий таълим тизимига самарали жорий этиш учун қуйидаги трансформацион ечимларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

    Британия тажрибасини Ўзбекистон олий таълим тизимига кенг жорий этиш учун қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

    Биринчидан, Британия олий таълим тизимининг етакчи тажрибаларини жорий этишда университетларнинг халқаро интеграциясига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда Британиянинг Олий таълимда сифат кафолати агентлиги (QAA) билан ҳамкорликни кучайтириш, QS ва THE каби нуфузли халқаро рейтингларга кириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек Европа олий таълим маконидаги сифат стандартларини (ESG) босқичма-босқич жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

    Иккинчидан, таълим жараёнини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш зарур. Бунда кейс-стади методологияси, Legal Project Management каби инновацион педагогик технологияларни жорий этиш, “Soft skills”, “Meta skills” ва “digital skills” каби замонавий кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш, LegalTech воситалари ва сунъий интеллект тизимларини ўқув жараёнига интеграция қилиш лозим.

    LegalTech воситалари ва сунъий интеллект тизимларини ўқув жараёнига тизимли равишда интеграция қилиш лозим. Бу борада Ўзбекистон олий таълим муассасаларида LegalTech технологияларини қўллаш бўйича алоҳида ўқув курсларини жорий этиш, сунъий интеллект тизимларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш муҳим.

    Учинчидан, университетларга кенг академик ва молиявий мустақиллик бериш орқали уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятини яратиш керак. Бу эса таълим муассасаларига ўз таълим дастурларини мустақил шакллантириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий мустақиллигини таъминлаш ва глобал рақобат шароитида ўз стратегиясини мустақил белгилаш имконини беради.

    Тўртинчидан, сифатни таъминлаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш лозим. Бунда талабаларни сифатни таъминлаш жараёнига фаол жалб этиш, ташқи экспертиза механизмларини жорий этиш ва сифат назоратининг самарали тизимини яратиш зарур.

    Бешинчидан, замонавий электрон таълим платформасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, илмий-техник маълумотлар базасини (Big Data) шакллантириш ва масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш орқали инновацион инфратузилмани яратиш муҳим.

    Олтинчидан, Британия тажрибасини жорий этишда миллий хусусиятларни инобатга олиш, трансформация жараёнини босқичма-босқич амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш лозим. Бу борада Тошкент давлат юридик университетининг QAA билан ҳамкорлиги, халқаро аккредитацияга тайёргарлик кўриши ва таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги тажрибасини бошқа олий таълим муассасаларида ҳам қўллаш мақсадга мувофиқ.

    Еттинчидан, олий таълим муассасаларида таълим дастурларини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш ва модернизация қилиш лозим. Бунда ҳар бир таълим йўналиши бўйича Study Program Specifications (таълим дастурлари профиллари)ни ишлаб чиқиш ва уларни етакчи хорижий университетлар тажрибаси асосида такомиллаштириш керак.

    Саккизинчидан, талабаларнинг амалиёт ўташ тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарур. Бунда иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш, амалиёт дастурларини такомиллаштириш ва талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

    Тўққизинчидан, Британия олий таълимида ишлаб чиқариш ва таълим ҳамкорлиги стратегик аҳамият касб этиб, 2021-2026 йиллар давомида университетлар томонидан кичик бизнес, корхоналар ва нотижорат ташкилотларига 11,6 миллиард фунт стерлингдан ортиқ қўллаб-қувватлаш ва хизматлар кўрсатилиши режалаштирилган - бу ҳамкорлик технологияларни тижоратлаштириш, биргаликдаги тадқиқотлар, ходимларни қайта тайёрлаш, “саноат профессорлари” институти, стартап-инкубаторлар орқали амалга оширилиб, Ўзбекистон учун ҳам бу тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш, технопарклар ташкил этиш, “икки томонлама лавозимлар” амалиётини жорий қилиш, талабаларни реал лойиҳаларга жалб этиш ва университет-саноат-давлат ҳамкорлиги (Triple Helix Model) моделини рағбатлантириш орқали таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш зарур.

    Ўнинчидан, Даврий текширувлар (periodic touchpoint) тизими Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Бунда таълим муассасалари маълум вақт оралиғида мустақил баҳоланиб, натижалар шаффоф равишда эълон қилиниши керак. Бу эса ҳам ички, ҳам халқаро ҳамкорлар ишончини қозонишга ёрдам беради.

    Ўн биринчидан, Британия олий таълим сектори иқтисодий қийматини баҳолаш тажрибаси Ўзбекистонда ҳам қўлланилиши мумкин. 2021/22 ўқув йилида Британияда олий таълим сектори иқтисодиётга тахминан 130 миллиард фунт стерлинг ҳисса қўшди. Ўзбекистонда ҳам олий таълимнинг иқтисодиётга қўшадиган ҳиссасини аниқлаш ва шу асосда стратегик қарорлар қабул қилиш зарур.

    Ўн иккинчидан, Британия тажрибаси шуни кўрсатадики, таълим сифатини баҳолашда мустақил ташкилотлар иштироки муҳим. Ўзбекистонда ҳам олий таълим муассасаларини баҳолаш жараёнини тартибга солувчи орган фаолиятидан ажратиб, мустақил экспертлар иштирокидаги баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистон учун таълим сифатини яхшилаш жараёнини расмий тан олиш ва уни мустақил ташкилот томонидан қўллаб-қувватлаш зарур. Бу олий таълим муассасаларини доимий равишда ўз-ўзини такомиллаштиришга рағбатлантиради.

    Юқоридаги таклифларнинг тизимли равишда амалга оширилиши Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва глобал таълим маконига интеграциялашувини таъминлаш имконини беради.

    Британия олий таълим тизими стандартларини жорий этиш Ўзбекистон олий таълим тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараённи босқичма-босқич амалга ошириш ва миллий хусусиятларни ҳисобга олиш зарур. QAA стандартларини тўлиқ жорий этиш ва халқаро аккредитациядан ўтиш Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро даражага олиб чиқишнинг муҳим қадами бўлади.

    Эргашев Икрoм,

    Тошкент давлат юридик университети

    Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи,

    юридик фанлари дoктoри, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates