Бронжилет остидаги юракдан…

    Ҳарбий 15 январ 2021 3167

    Ҳар бир инсон Ватан посбони. Юрагида халқ фаровонлиги, жамият барқарорлиги, юрт тинчлиги йўлида шахсий масъулиятни ҳис қилган фуқаро борки ҳимоячи саналади. Эгнида бронжилет бўлса-да, юраги очиқ, самимий ҳарбий юртдошларимизнинг дилсўзларига қулоқ тутдик….

    Янтоққа чўли азиз

    Буюк мутафаккир Алишер Навоий таъкидлаганидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Йигит киши учун оиласининг, юртининг тинчлиги, хотиржамлигини таъминлашдан муҳимроқ иш бўлмаса керак, назаримизда. Айтишадику, янтоққа чўли азиз. У шу қумлоқларни кўзининг қорачиғидай асраб-авайлайди. Шу сабаб ҳарбий бўлишни ҳар бир йигит болаликдан орзу қилади. Шундай эмасми?

    Тошкент шахрида жойлашган Давлат ҳокимяти ва бошқарув органлари обьектларини Қўриқлаш бўйича алоҳида батальён 4-отряд 1-гуруҳ командири, катта сержант Акромхон Юнусалиев:

    – Ҳар бир инсон учун Ватани ҳамма нарсадан азиз. Уйига қандай соғинч билан талпинса одам юртига ҳам ана шундай талпинади. Унга хизмат қилиш, корига яраш эса ҳар бир инсоннинг, айниқса, ҳар бир йигит кишининг азалий орзуси. Мен ҳам бу соҳани барча йигитлар каби ёшликдан орзу қилганман. Мана ўн икки йилдирки, ўзим ният қилган соҳада фаолият кўрсатиб келаяпман. Ва бугунги кунда Миллий гвардия тизимида хизмат қилмоқдаман. Ўтган 2020 йил бутун инсоният, инчунун, ҳамюртларимиз учун ҳам осон кечмади. Пандемия барчани аввалгидан-да огоҳликка ва янада жипслашишга, сергак бўлишга ундади. Ҳамкасбларим ҳам бу даврда зиммаларидаги ушбу вазифани доимгиданда фидокорлик билан адо этишмоқда.

    Қўшиқларда ватанпарварлик руҳи бўлсин!

    Ватан ҳақидаги қўшиқларни яратиш энг мураккаб ижод аслида. Аммо юртини чинакамига севган ижодкор учун юксак руҳдаги қўшиқларни яратиш мураккаблик туғдирмайди. Қачонки, ижодкорнинг кўнглида Ватанга бўлган самимий муҳаббат пайдо бўлсагина, Яратганнинг ўзи илоҳий сўз ва куйни юракка жойлайди. Бу ҳақда ҳарбийларимиз нима дейди?

    Шахриёр Остонбеков, Мудофаа Вазирлиги Тошкент ҳарбий округининг Маданият маркази бошлиғи:

    – Бугун Ватан хизматида юрган йигитларимиз учун “Aртиллерия”, “Мудофаа”, “Тошкент ҳарбий округи”, “Бронежилет остида ҳам юрак бор” ва бир қанча ҳарбий мадҳия қўшиқларини яратганмиз. Барибир инсонга маданий руҳ ва шукуҳ куч бағишлайди. Мудофаа вазирлигида ҳар ҳафтанинг жума куни Маънавий юксалиш куни ҳисобланади. Шу куни ҳарбий хизматчилар учун маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Биз айнан ҳарбий - ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни ижро этадиган “Навқирон” гуруҳига асос солганмиз. Тан олиш керак, ижод оламига эндигина кириб келаётган ҳонандаларда ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар деярли йўқ. Шу боис келгусида ҳарбийлар учун “Навқирон” гуриҳи билан махсус концерт дастурларини ўтказишни режалаштиряпмиз.

    Мақсадимиз – халққа хизмат қилиш

    Халққа хизмат – олий ҳиммат, дейди одамлар. Албатта, эл орасида мақолга айланган ҳар бир ҳикматда бир олам ҳақиқат ётади. Маълум, ҳарбийлар учун дам олиш кунларида, байрам-тантаналарда ҳам иш ҳозиру нозир. Демак, олий ҳиммат эгалари ҳамиша эътибор ва эътирофга муносиб.

    Олмазор тумани 6-сонли ИИБ ХПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Аббос Абдуғаффоров:

    - Карантин даври хизматдагилар вазифаси, сергаклигини икки карра оширди, десам муболаға бўлмайди. Мен назорат қиладиган маҳалладан мисол қилиб айтадиган бўлсам, карантин даврида пластик карталари бўйича ўғрилик ва турли ҳилдаги фирибгарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар кўп кузатилди. Содда халқимиз бирор нарсани арзонроққа олай, тежай, кел, шунга ҳам ишонай дейдида алданиб қолади аксарият ҳолларда. Мана шундай чигал вазиятларда одамларга сидқидилдан ёрдам беришга ҳаракат қилдик барчамиз. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда суриштирув ишлари олиб бориб, алданган одамларга ҳақларини қайтариб олишига кўмак бердик. Қолаверса, бугунга қадар “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” шаффофлиги ҳамиша назоратимиз остида. Бирдамлик бор экан ишларимиз унумдор бўлиши шубҳасиз. Зеро, ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – халққа хизмат қилиш.

    Юлдуз Ўрмонова ёзиб олди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates