Бугун матбуотда нималар чоп этиляпти?

    Бўш вақтда 19 июн 2020 2130

    Журналистикада жанрлар кўп. Мақола, хабар, шарҳ, репортаж, интервью, хат, ҳисобот, очерк, эссе, фельетон... Уларнинг ҳар бири шакл-шамойилию мазмун-мундарижасигача бир-биридан фарқланади. Аммо бугунги гобалллашув даврида интернет фойдаланувчиларига асосан тезкор ахборотлар етказиб бериш учун рақобат кетмоқда. Шу боис, юқорида саналган жанрлардаги материалларни телеграм каналларию ижтимоий тармоқларда деярли учратмаймиз? Матбуот саҳифаларида-чи? Босма нашрларимиз саҳифаларида бугун қандай материаллар эълон қилинган?

    Янги Ўзбекистон газетаси ўз саҳифаларини “Оқ кема” — оппоқ орзулар рўёби” сарлавҳали бош мақола билан бошлаган. “...Туз уюмлари дастидан ҳаммаёқ худди қиров тушгандек оппоқ, дов-дарахтлар қуриган, гуллар ва ўт-ўланлар қовжираб ётарди, — деб ёзади муаллиф, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ботир Эргашев. — Сувсизликдан халқнинг тинка-мадори қуриб, она табиат аста-секин тузга ботиб борар, уйлар, ҳовлилар атрофини ўраб турган деворлар, асфальт йўллар, кўчаларнинг икки томонида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, қўйингки, у ердаги барча бино-иншоотлар нураб, тўкилиб тушишига яқин қолганди... Ана шу воқеаларга бугун сал кам тўрт йил бўляпти. Шу вақт ичида Мўйноқнинг қиёфаси тубдан ўзгарди, йиллар давомида кутилган қувонч шабадалари эса бошлади, халқнинг елкасига офтоб тегди. Куни кеча мамлакатимизнинг турли соҳа вакилларидан иборат гуруҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Мўйноқ тумани “Бўзатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиш маросимига борганимизда бунга гувоҳ бўлдик...”

    Бугун коронавирус пандемияси нафақат инсониятнинг ҳаёти ва саломатлиги, балки дунё иқтисодиёти учун ҳам глобал таҳдидга айланди. Оқибатда жорий йилда жаҳон иқтисодиёти 5,2 фоизга пасайиши мумкин. Бу кўрсаткич АҚШда 6,1, Россияда 6, Европа Иттифоқида 9,1 фоиз бўлиши башорат қилинмоқда. Хитойда эса иқтисодий ўсиш 1 фоизга тушади. Хўш, Ўзбекистонда-чи? Тождор вируснинг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсири нималарда намоён бўлади? Бу саволлар жавобини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилчиси Виктор Абатуровнинг Правда Востокагазетасида эълон қилинган “Восстановление экономики принимает стратегический характер” (“Иқтисодиётни тиклаш стратегик характер касб этади”) сарлавҳали мақоласидан топишингиз мумкин.

    Халқ сўзи газетасида эълон қилинган “Улуғ Навоийга ҳурмат-эҳтиромнинг янги босқичга кўтарилгани ифодаси” номли материалда филология фанлари номзоди Буробия Ражабова “Адиблар хиёбонидан ҳайкали жой олган Огаҳийни улуғ Навоийга қайси жиҳатлар боғлаб туради?” деган саволни ўртага ташлайди ва буни изоҳлашга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, Қўқон адабий муҳитининг моҳир шоири Фурқат ҳаёти ва ижодига ҳам боқий Навоий шахси ҳамда асарлари таъсир қилгани ҳақида сўз юритилади. Бинобарин, мақолада Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилган таниқли шоир, таржимон, драматург Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоийга меҳри ва ҳурмати бўлакча бўлгани, у улуғ Навоий ҳаёти ва ижодидан ҳайратланиб, уни тадқиқ қилиб илмий характердаги ўттизта мақола битгани, Буюк шоирни “Ғазал мулкининг султони” дея шарафлагани айтиб ўтилган.

    “Вақтлар бўлдики, қон-қардош, қуда-анда халқлар орасига сунъий “девор” қўйилди, — дейилади Народное слово газетасида эълон қилинган “Растаял лед в отношениях Узбекистана и Таджикистана” (“Ўзбекистон — Тожикистон орасидаги музлар қандай эриди?)” сарлавҳали материалда. — Ўзаро борди-келди ушалмас орзуга айланди. Икки томонлама муносабатлар эса турли геосиёсий ва айримлар фикрича, шахсий сабаблар боис ўтган йиллар давомида таранглашиб кетган эди.

    Мақола муаллифи — Тожикистон миллий университети ректори Қобилжон Хушвақтзоданинг ёзишича, Президентлар Эмомали Раҳмон ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сиёсий иродалари туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, ўзаро дўстлигимиз мустаҳкамланди. Марказий Осиё бирдамлиги бугун муҳим бир босқичга кирди.

    Қадимдан халқимизда “Кўпчилик озчиликка, бой камбағалга, отлиқ пиёдага салом беради”, деган нақл бўлган. Бу оддийгина ҳикматда ҳам ҳайдовчига масъулият тиркаб ўтилганини замонамиз “отлиқ”лари англаб етсалар, айни муддао бўлар эди. “Адолат” газетасида эълон қилинган Дурдона Алимованинг “Қўлингизда фақат руль эмас, инсон ҳаёти турибди” сарлавҳали мақолада шундай мулоҳазаларни ўқийсиз. Фарғоналик журналист Хуршид Султоновнинг ҳуқуқий мавзудаги «Қилмишимдан пушаймонман» сарлавҳали материалида эса қуйидаги хулоса келтирилган: “Агар жиноят иши материалларига назар ташланса, “қаҳрамон”ларимизнинг ҳаммаси муқаддам судланганлигини кўриш мумкин. Лекин уларнинг ҳеч бири аввалги қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқармай, такроран жиноятга қўл урган. Суд томонидан ўзларига сўз берилганда эса “Қилмишимдан пушаймонман, енгиллик беришингизни сўрайман” дея таъкидлашган. Аслида аксарият жиноятчиларнинг судда айтар сўзи шу. Аммо озодликка чиққач, ўтмишини эсдан чиқаришига нима дейсиз?

    “...Ҳаёт катта сабоқ мактаби, кимнинг аслида ким эканини бир пасда кўрсатади, оқни — оққа, қорани — қорага, сарагини — саракка, пучагини — пучакка ҳам бир зумда ажратади. Ўтган йилнинг 20 октябрь куни Одамбоевлар хонадонида рўй берган мудҳиш воқеадан сўнг одамлар ҳаётнинг бу ҳақиқатига яна бир марта гувоҳ бўлишди, — дейилади Куч — адолатда газетасида босилган “Бугуннинг кемтиги ёхуд эркатойликдан падаркушликка сабаб бўлган қотиллик ҳақида” сарлавҳали суд очеркида. — ... Қилмиш, шубҳасиз, қидирмиш ва муқаррар жазога етаклади. Буни аслида тан жазоси, десак, тўғри бўлади. Аммо кишига руҳан ва маънан азоб берадиган оғирроқ жазо ҳам бор. Бу — ўзини билган, англаган киши учун виждон азоби. Бу — бир умрлик жазо...”

    O‘zbekiston bunyodkoriгазетасида эълон қилинган “Самарқанд осмонга бўйлаяпти” сарлавҳали мақолада келтирилишича, илгари кўп қаватли уй қуриш учун ер қазилиб, бир йил пойдевор қўйишга ҳозирланган. Кейин яна бир неча йил қурилиш давом этган. Бугун эса қурилиш технологиялари ўзгарди. Уй барпо этиш учун бир неча йил кутиш шарт эмас. Айни пайтда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида қурилаётган кўп қаватли уйларни бунёд этиш учун биринчи навбатда, ҳудуднинг кейинги 50 йиллик сейсмик ҳолати ўрганилади. Шу асосда пойдевор қўйилади. Мана шу уйлар 8-8,5 балли зилзилага бардошли қилиб, қуйма темир бетон конструкциялар ва газоблокдан қурилган. Деворлар хонадонда қишда иссиқ ва ёзда салқин сақлайдиган қурилиш материаллари билан қопланган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш тизимига эга. Табиий газ таъминоти мавжуд...

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates