Бугун Самарқандда маҳалла бўйича тадбир бошланди

    Шу йил 2-5 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади.

    Маҳалла ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, дўстлик, ҳамкорлик ришталарини қарор топтириш, инсон камолоти ва жамият ривожини таъминлашга хизмат қиладиган маскандир. Шу боис, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган ушбу тузилманинг жамиятимиздаги нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатини кенгайтириш борасида улкан ишлар бажарилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳалла институтининг мақоми мустаҳкамланди. Барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.

    Охирги йилларда тизимни такомиллаштиришга доир юзга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, “маҳалла еттилиги”дан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилди.

    Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи мустақил ва халқчил тузилмага айлантириш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммолар ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ҳамда ташкилотларининг маҳаллалардаги вакиллари саъй-ҳаракатини бирлаштириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

    Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида бу йўналишда изчил иш қилинди. Жумладан, маҳаллалар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги бўйича услубий қўлланмалар тайёрланиб, маҳаллаларга етказилди.

    Маҳаллада қоғоз шаклидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши бекор қилиниб, “еттилик” томонидан алоҳида юритилаётган тарқоқ платформалар ўрнига “Рақамли маҳалла” ягона электрон платформаси ишга туширилди. Аҳоли муаммолари билан ишлаш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича узлуксиз ишлайдиган “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир маҳалланинг демографик, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича маҳаллабай харитаси ишлаб чиқилди.

    Аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича қилинаётган тизимли ишлар натижасида маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланмоқда. Жойларда электр, газ, ичимлик сув тармоқлари реконструкция қилиняпти, янги тармоқлар тортилмоқда. Хонадонларни обод қилиш, эскирган турар жойларни таъмирлаш, уй-жойларга кадастр ҳужжати расмийлаштиришда аҳолига кўмаклашиляпти.

    Маҳаллаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш борасида жорий йилнинг 5 ойида 189 та маҳаллада янги бино қурилди, 97 таси жорий, 40 таси капитал таъмирланди, 87 таси реконструкция қилинди. Шунингдек, маҳаллаларга келиб тушаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми маҳалланинг ўзида ҳал қилиняпти. Буларнинг барчаси маҳалла институтининг ҳаётимиздаги ўрни юксалаётганини, халқимизнинг таянчи ва суянчига айланиб бораётганини яққол ифода этади.

    Айни пайтда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш, бу йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш борасида муайян ишлар қилиняпти. Хусусан, дунёнинг нуфузли тузилмалари билан алоқалар йўлга қўйилди. Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистонга хизмат сафарлари уюштирилди.

    Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда маҳалла институти ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини хорижда кенг тарғиб этиш, бу борада чет давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган.

    Мазкур халқаро тадбир дунёнинг кўплаб нуфузли тузилмалари ҳамда етмишдан ортиқ мамлакат экспертларини ягона платформада бирлаштиради. Жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, UNICEF, UNDP, UNODC, UNFPA, USAID каби халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, ўзбекистонлик соҳа мутахассислари, олимлар, маҳалла фаоллари иштирок этади.

    Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан тайёрланган миллий маҳалла тизими фаолиятини акс эттирувчи махсус ҳужжатли фильм намойиш этилади. Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг Самарқанд шаҳридаги қатор маҳаллалар ва маҳалла сервис компанияларига, тарихий қадамжоларга ташрифи ҳам режалаштирилган.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates