баннер
6 апр 2025
11:04

    «Маҳалла-кўй нима дейди?» ёхуд инсоний ва маънавий сарҳадларнинг ишончли ҳимоячиси

    «Маҳалла-кўй нима дейди?». Бу сўроқнинг замирида асосан, тарбия ва маънавият мужассам.

    Ўзбек оиласи борки, ҳар бир иш, тадбир, қадам, тўй-маърака жараёнида ана шу савол янграйди: «Маҳалла-кўй нима дейди?». Бу сўроқнинг замирида асосан, тарбия ва маънавият мужассам. Масалан, бу гап катта ёшдагилар томонидан қадам олиши сал ўзгарган ўспирин, рўзғоридаги жанжал туфайли ота уйига келган қиз, босар-тусарини билмай, «кўрмаганнинг кўргани қурсин» қабилида иш тутаётган кишиларга қарата айтилади. Ва бу одамларни кўплаб нотўғри ишлардан тийиб туради. Ҳар ҳолда, биз мана шу назоратли сўроқ остида улғайганмиз, тарбия топганмиз.

    Ўзини замонавий демократия ва эркинликка мансуб деб биладиганлар эътироз қилади: бу инсон ҳуқуқларини камситиш, дунёвий давлатлар тамойилларига зид, жамиятимиз эркин ва барча ўзи истагандек ҳаёт кечиришга ҳақли деб. Тўғри гап, лекин «Маҳалла-кўй нима дейди?» деган саволга вақти-вақти билан жавоб изламас эканмиз, инсонийлик меъёри, маънавият сарҳадларига путур етади. Зеро, жамиятнинг асосий бўғини — маҳалланинг вазифаси, назаримизда, одамларни назорат қилиш эмас, тўғри бошқариш, тўғри ўзанга солишдир.

    Ўзини ўзи бошқаришнинг муҳим институти бўлмиш маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асос­ларини такомиллаштириш масаласи давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган вазифа сифатида баҳоланиб, алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани бежиз эмас. Қолаверса, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун қатор ҳуқуқлар назарда тутилди. Энди маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, тарбия ва соғлом муҳитни таъминлаш лойиҳаларини тасарруф қилиш, моддий ёрдам ва кредитлар масаласини ҳал этиш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш, маҳалла раисининг ваколатлари кенгайиши каби жиҳатларга эътибор қаратилди.

    «Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз десак, бизнинг ягона йўлимиз — маҳалла, маҳалла, маҳалла ва яна бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўсини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар ­биздан рози бўлади». Давлатимиз раҳбарининг ушбу гаплари бугун ўз исботини топганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

    Маърифий сиёсат муждалари

    Бугун қадриятлар бешиги, тарбия ошёни бўлган маҳалла билан маънавият ва маърифат вакилларининг тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлигидан мақсад нима? Мазкур иттифоқ бераётган ва ундан кутилаётган самара қандай? Нима учун энди бу таркибга ҳаж зиёратини адо этган минглаб ҳожиларимиз ҳам қўшилди?

    Республикамизда маҳалла, маънавият ва маърифат вакиллари ҳожилар билан биргаликда тарғибот тадбирларини ўтказишининг механизмлари, усуллари такомиллаштирилгани бежиз эмас. Такрор бўлса ҳам айтиш керак, маънавият, аввало, оиладан, маърифат эса маҳалладан бош­ланади. Комил тарбия, қадриятлар қадрини ошириш, анъаналарни сақлашни мақсад қилган эканмиз, маҳалла тарғибот масканига, хонадонлар асосий иш жойига, ҳар бир фарзанд келажаги фаоллар мақсадига айланиши шарт.

    Давлатимиз раҳбари раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида бу борада қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Ундан аввалроқ, яъни 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги тўртта секторга қўшимча бешинчи — маънавият секторини ташкил қилиш бўйича таклиф билдирган эди. Секторнинг «Сурхондарё тажрибаси»ни яратиш вазифаси белгилаб берилгани маҳаллани жамиятнинг маънавий қиёфасига айлантириш бўйича янги кучларни ҳаракатга келтирди.

    Маънавият секторига ташкилот ва корхоналарнинг масъул раҳбарлари, зиёлилар бириктирилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий харитаси яратилди. Сектор жамиятдаги муаммоларга тизимли ёндашиб, қилинаётган ишларни мувофиқлаштиряпти. Маънавият секторини ташкил қилиш орқали ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, аҳоли кенг қатламини китобхонликка жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданият ва санъатга ошно қилиш, унутилиб кетаётган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни оммалаштириш ҳамда халқимиз орасида меҳр-оқибатни кучайтириш каби қатор муҳим вазифалар ижроси таъминланмоқда.

    Мусулмон оламида ҳожиликка улуғ мақом сифатида қаралган. Бу мақом эгалари соғлом эътиқоди, маънавияти, инсонийлиги, эзгу амаллари, қолаверса, атрофдагилар орасида ҳам ушбу сифатларни тарғиб этиши билан бош­қаларга намуна бўлган.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йили Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида «Умид қиламизки, ҳожиларимиз ватанимизга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ҳамда оилалар тотувлигини кучайтиришда ибрат ва намуна кўрсатадилар», дея юксак ишонч билдирганди.

    Бу чақириқ ҳаж зиёратини адо этаётган юртдошларимиз томонидан ҳам мамнуният билан қабул қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари эзгу даъват ўрнидаги якдил мурожаат билан Президентимиз чақириғига «лаббай» деб жавоб қайтарди.

    — Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни янги талаблар асосида ташкил этиш лозим, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳри бўлими раҳбари Муҳайё Исмоилова. — Ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онг­ли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-­осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил курашишда шахсан давлатимиз раҳбари томонидан ҳожиларимизнинг маънавият тарғиботчиси сифатида сафимизга таклиф қилиниши келгусидаги ишларимизнинг натижадорлиги, узвийлиги ҳамда сифатини кафолатлади.

    Еттита ота-онаси бор болалар

    Халқимизда «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган мақол бор. Бугун ушбу мақол янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу замон талаби, албатта. Шу ўринда бир ҳаётий мисол келтирсак.

    Болаликдан бирга ўсган тенгқур маҳалладошим бор. Исми сир бўла қолсин. Ўзига тўқ оилада ўсди. Ота-онаси ҳеч нарсадан кам қилмади. Ўспиринлик даврида қўл урмаган номаъқулчилиги йўқ эди: мактаб дарсларини ташлаб қўйди, ичкилик ва кашандаликка берилди, саёқ юрадиган бўлди, ўғрилик ва киссавурлик ҳавосини олди. Ичкилик, кашандалик, саёқ юриши етмагандай, ўғрилик ва киссавурликни касб қилганига барчамиз ҳайрон эдик. Чунки унинг бунга умуман эҳтиёжи, муҳтожлиги йўқ эди. Ота-онаси чўнтагини пулга тўлдириб қўйганди. Назаримда, ўша 1990 йиллардаги беқарор ёки «кўча» муҳитига мойил ёшларнинг акса­рияти шунақа эди.

    Хуллас, шу йигит маҳалладаги хонадонларга ўғриликка тушиш, хилват жойларда йўловчиларни тунаш, жамоат транспортида бегона ҳамёнларни кавлаш, автомобилларни олиб қочиш билан шуғулланадиган кўчабезорига айланди. Шу тоифа ёшлар гуруҳига ўралашиб қолди. Ота-онаси, ака-укаларини иснодга қўйди. Натижада қамалиб, узоқ муддат жазо ўтади. Ҳозир инсоф кирган, барча ёмон одатини ташлаб, қилмишларидан пушаймон. Пойтахт­даги тамаддихоналардан бирида ошпазлик қилади. Яқинда кўчада кўриб қолиб, тўхтадим. Машинада суҳбатлашиб кетдик, манзилга етганимиздан кейин ҳам гурунгимиз анча вақт давом этди. Ёши элликдан ўтган маҳалладошим анча босиқ, мулоҳазали бўлиб қолган эди.

    — Аҳмоқ бўлганман, биласан, — деди кўзимга қарамасликка ҳаракат қилиб. — Ҳаё­тимни ўзим барбод қилдим, кучга тўлган, ота-онамнинг хизматини қиладиган палламни бой бердим. Ўз вақтида ҳеч кимнинг панд-насиҳатини қулоққа олмадим. Жигарларим, қўшнилар, маҳалла-кўй, дўстларим гапирганда қулоғим кар, кўзим кўр экан. Ота-онамнинг «Маҳалла-кўй нима дейди энди?» дея куйинишлари ҳам муз қалбимга тариқча таъсир қилмади. Биласанми, шунақа пайтда жаҳлим чиқарди. «Буларнинг мен билан нима иши бора?» деб аччиқланардим, жеркиб ташлардим. Безорилигимдан, қўлимдан ҳар не ёмон иш келишидан кўпчилик мендан ҳадиксираб ҳам гапиролмасди. Гўё барча менга душман эди. Аслида, улар ҳақиқий дўстларим эканини, менга жони ачиётганини кеч англадим.

    Бу гаплардаги таассуф, армон ва надомат чин дилдан эканига амин бўлдим. Лекин ке­йинги айтганларидан унинг ҳам, менинг ҳам кўнглимиз ёришди:

    — Энди мени ҳаяжонга солган жиҳатни айтаман. Жазони ўташ жараёнида ўтмишимни таҳлил қилдим, хатоларимни тушундим, хулосалар чиқардим. Бир нарсадан қўрқдим: уйга қайтгач, қачонлардир мендан озор кўрган яқинларим, одамлар, маҳаллам, қўшниларим мени қабул қилармикан? Ишонасанми, қабул қилишди. Бугина эмас, яна оёққа туришимга, ўз ўрнимни топишимга астойдил ёрдам беришди. Хабаринг бор, бир неча йил аввал ота-онам ўтиб кетди. Мен қамалганимда маҳалламиздаги Аброр аканинг ўғли Иброҳим ёш йигит эди, ҳозир раис бўлибди. Уйимга келиб, маслаҳат берди. Барака топсин, ёнидаги ёрдамчиларини ишга солиб, кам-кўстимни тўғрилашга бош-қош бўлди, ҳозирги ишимга жойлаб қўйди. Бир ярим йил бўлди, гоҳ Иброҳим, гоҳ профилактика инспектори, яна бошқа фаоллар қўнғироқ қилиб туради. «Нима муаммо, қандай камчилик бор?» деб сўрайди. Мана, бугун сен узоғимни яқин қилиб, уйимга олиб келиб қўйдинг. Ҳаётга қайтганим шу бўлса керакда!..

    Танаффуссиз жараён

    Маҳалла — маънавият ва улуғ қадриятлар бешиги, деймиз. Бу бешикни эса, шубҳасиз, нуронийларимиз тебратади. Бугун юртимизда 3 миллиондан ортиқ кекса умргузаронлик қилади. Улар иштирокисиз ёшлар тарбияси ва маънавиятига эътибордан натижа кутиш мумкин эмас. Таълим-тарбияда танаффус бўлмайди. Шу маънода, ёш авлод билан ишлашда, маънавий-маърифий соҳада кексалар ёрдамидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга.

    Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги «Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижти­моий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-­тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оқилона фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда.

    Мазкур қарор ижроси доирасида мамлакатимиз бўйлаб «Бир нуроний — ўн ёшга ­масъул» тамойилига мувофиқ, ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга, шунингдек, муаммоли оилаларга «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг бир нафардан аъзоси бириктирилган. Бу ишлар профилактик ҳисобда турган ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш, нотинч ­оилаларни яраштириш ва ажралишларнинг олдини олишда самара бермоқда.

    Бугун ҳар бир нуронийнинг маҳаллада ўз ўрни, айтар гапи ҳамда сўзининг салмоғи бор. «Қари билганни пари билмас» деган гап бежиз айтилмаган. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, рўзғор паст-баландини яхши ўзлаштиргани ёшларни тўғри ўзанга буриш учун айни муддаодир. Шу боис, мабодо қандайдир муаммо ёки масала қаршисида нотўғри қадам ташлаш пайида бўлган бирорта ёш бўлса, тайёр турсин, ҳадемай ўша савол янграйди: «Маҳалла-кўй нима дейди?».

    Нодир МАҲМУДОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири



    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech