“Аҳиллик” маҳалласида кутубхона ташкил этилди

    Кўплаб эзгу қадриятлар бешиги саналган маҳаллалар бугунги кунда китобхонликнинг ҳам юксалишига хизмат қилмоқда.

    Маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари, жумладан, ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил қилишнинг аҳамияти катта. Вақтдан унумли фойдаланиш, уни мароқли ўтказишда зиё масканлари — кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. Кўплаб эзгу қадриятлар бешиги саналган маҳаллалар бугунги кунда китобхонлик фазилатининг ҳам юксалишига хизмат қилмоқда.

    Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори билан тижорат банклари томонидан маҳалла марказларида кутубхоналар ташкил қилинмоқда.

    Ана шундай нурли масканлардан бири Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани “Аҳиллик” маҳалласида ташкил этилган.

    — Саноатқурилиш банки ҳомийлигида замонавий кутубхона анжомлари, яъни китоб жавонлари ва стол-стуллар олиб келиб ўрнатилди, — дейди “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адолат Умрзоқова. — Кутубхонада 1500 дан ортиқ китоб мавжуд. Миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан ташқари илмий, тарихий, сиёсий ҳамда бадиий адабиётлардан иборат. Кутубхона ташкил этсак, кенг қамровли ёшларни жалб қилоламизми, деган хавотирда иш бошлаган эдик. Аммо кутубхона фойдаланишга топширилгач, бу ерга келаётган маҳалла аҳлини кўриб жуда қувондик. Биласизми, маҳалла ёшлари ўзгача иштиёқ, китобга меҳр билан кутубхонага ташриф буюради.

    Дарвоқе, сўнгги йилларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизими яратилди. Хусусан, мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида ахборот-кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллаларда кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай эзгу ишлар маҳалла фаолларини ҳам кутубхона ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшишга ундайди. “Аҳиллик” маҳалласи Нуронийлар кенгашининг аъзоси Муҳаббат Абдуллаева ҳам кутубхона фондини бойитиш учун ўз ҳиссасини қўшган маҳалла фаолларидан саналади.

    — Китоб — саодат калити, — дейди М. Абдуллаева. — Инсон тафаккурини ҳеч нарса китобчалик бойитолмайди. Ўзим узоқ йиллар давомида мактабда фаолият юритганман. Ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни китобга ошно қилиш катта самара берадию маҳалламизда ташкил этилган кутубхонага ҳар куни келиб, ёшлар билан ўқиётган адабиётлари ҳақида суҳбатлашаман. Бу менга ўзгача куч, ғайрат беради. Китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди. Мутолаа орқали инсон дунёни теран англайди.

    Келажак авлоднинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс. Маҳаллаларда кутубхонани ташкил этишдан асосий мақсад — ёшларни турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, китобга бўлган муҳаббатини уйғотишдан иборат. Интернет ва бошқа коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги кунда ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш ёшлар вақтини мазмунли ташкил этиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates