Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, уларнинг онги, дунёқараши, орзу-истаклари, талаблари ўзгарди

    Фикр 14 август 2023 4399

    Тараққиёт шиддати тобора ортиб, глобал таҳдидлар ва трансформация жараёни кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда давлатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ёш авлодни муносиб тарбиялаш ва ёшларга оид сиёсатни самарали юритиш бўлиб қолмоқда.

    Мамлакатимизда ёшлар таълими, бандлиги, ижтимоий ҳолати, соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни тизимли асосда ечиш, уларнинг камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилиши замирида ҳам ана шу эҳтиёж мазмун-моҳияти мужассам.

    БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига кўра, 2030 йилгача бутун дунёда ёшлар улуши етти фоиз ошиши кутилмоқда. Бу ёшлар масалаларига, уларни вояга етказиш билан боғлиқ муаммоларга эътиборни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Давлатимиз раҳбари 2017 йилдаёқ БМТ Бош Ассамблеясида ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилиш ташаббусини илгари суриш орқали давлатларни ёшлар тақдири ва келажаги борасида масъулиятни ўз зиммаларига олишга чақирганди.

    Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”.

    Янги Ўзбекистон ўғил-қизларининг яхши тарбия топишидан етук кадр бўлишига қадар тизимли ишлар бажарилмоқда. Қувонарлиси, мамлакатимизнинг ёшлар сиёсатига оид имижи тобора мустаҳкамланиб, ўзига хослиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

    Энг бахтиёр авлод бўлиш саодати

    Бугун юртимизда ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Мамлакатимиз тарихида ҳеч қачон ўғил-қизларга бугунгидек кенг имконият ва шароитлар яратиб берилмаган.

    Эътибор беринг: 1991 йилдан 2016 йилгача ёшларга оид жами 25 та қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлса, 2016 йилдан 2023 йилгача қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар 100 дан зиёдни ташкил этади.

    Мамлакатимиз аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши прогноз қилиняпти. Бу даврга бориб, аҳолининг тахминан 60 фоизини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, уларга муносиб турмуш шароити яратиш учун хавфсиз давлат, самарали бошқарув, барқарор иқтисодиёт, ижтимоий кафолатлар зарур эканини янада чуқурроқ англаймиз.

    Бундай кафолатлар янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантиради. Ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, иш билан бандлиги учун шарт-шароит яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгилангани эса ёшлар ҳаётдаги ғоят муҳим ҳодисадир.

    Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, уларнинг онги, дунёқараши, орзу-истаклари, талаблари ўзгарди. Улар сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, ўз фикрини дадил айтаётир. Бугунги давлат ҳам ёшлар муаммоларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эмас. Улар учун барча имконият ва шарт-шароит яратишга, дарду ташвишини эшитишга интилмоқда.

    Хўш, ёшларга қаратилаётган эътибор қайси жабҳаларда ёрқин тасдиғини топмоқда? Бунга биринчи галда маҳалла, мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида яққол гувоҳ бўляпмиз. Жумладан, ёшларнинг замонавий таълим олишини таъминлаш билан бирга, турли тўгарак, касб-ҳунар ва тил ўргатиш марказлари, спорт объектлари очилди.

    Биргина мисол: 2019–2022 йилларда мамлакатимизда 826 та маданият маркази, 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабида ёшларни маданият ва санъатга жалб этишга хизмат қилувчи 41 мингдан зиёд тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. 149 мингдан ортиқ спорт тўгараги ташкил этилиб, уларга 2,7 миллионга яқин ўғил-қиз қамраб олинди. Спорт йўналишида ташкил этилган лойиҳа ва танловларда 6,4 миллион ёш иштирок этди.

    Беш ташаббус олимпиадаси” маҳаллаларда иқтидорли ёшларни саралаш ва истеъдодини намоён этишига кенг имконият яратди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу олимпиадага 13 миллиондан ортиқ йигит-қиз қамраб олинди. Имконияти чекланган ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, шахмат-шашка, стол тенниси, енгил атлетика бўйича “Беш ташаббус паралимпиадаси” ташкил этилди. Ёшларнинг спорт билан шуғулланиш имкониятини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда минифутбол, воркаут, стритбол спорт майдончаси ва мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

    Янги Ўзбекистонда ИНСОН, унинг салоҳияти ва фаоллиги ислоҳотларнинг асосий драйвери сифатида танлангани бежиз эмас. Чунки дунёда тўртинчи саноат инқилоби авж палласига кўтарилаётган, сунъий интеллект инсон билан рақобатга киришган бир пайтда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали IT мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак”.

    Шу мақсадда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари сони қарийб уч баробар оширилди ва 210 тага етказилди. Мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етди.

    Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 ёш учун Президент гранти, шунингдек, юртимиздаги хорижий олий ўқув юртлари бакалавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендиялари таъсис этилди.

    Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда. Тўлов-контракт асосида ўқиётган 130 минг талабага 1,7 триллион сўм имтиёзли таълим кредити, аъло баҳоларга ўқиётган 3 488 йигит-қизнинг шартнома тўлови учун эса 9,88 миллиард сўм маблағ ажратилди.

    Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида докторантура босқичи учун квота икки баробар оширилди. Натижада ўтган беш йилда мамлакатимиз бўйича 187 хотин-қиз фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди. Шунингдек, дунёнинг энг етакчи 100 талик рўйхатига кирувчи олий таълим муассасалари грантига сазовр бўлаётган ўғил-қизларимиз сони тобора ошмоқда. Энди ушбу иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари қўшимча имтиҳонсиз ажратилади. 500 талик рўйхатдаги олий таълим муассасалари грантини қўлга киритган фарзандларимизнинг авиачипта ва ётоқхона харажати тўлиқ қоплаб берилади. Бугун илмга чанқоқ ёшлар ва ота-оналар бундай имкониятдан жуда мамнун. Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”, дегани мазмуни ҳам аслида шу.

    Янги ислоҳотлар даврида қишлоқларда 270 минг гектар экин майдони ажратилиб, 714 минг ёшнинг иш билан бандлиги таъминланди. Охирги уч йилнинг ўзида 250 минг йигит-қизга 6 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит тақдим этилди. Мамлакатимиз бўйича 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиб, 4 триллион сўмлик 2,5 минг лойиҳа амалга оширилди. Натижада ёш тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 200 мингдан ошди.

    Бундан буён ҳам Ўзбекистонда иқтидорли ва ташаббускор ёшлар қўллаб-қувватланади. Хусусан, ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази” ташкил этилади. Ушбу марказ фарзандларимиз учун чинакам “лойиҳалар фабрикаси” бўлади ва эркин иқтисодий зона мақоми берилади. Ушбу марказда лойиҳа офислари жойлаштирилиб, ёшлар ғояларини “тайёр бизнес”га айлантиришга кўмаклашилади. Шунингдек, марказ ҳудудида саноат зоналари ва стартап лойиҳалар учун коворкинг майдончалари бўлади. Туманлардаги 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига эса марказларнинг филиали мақоми берилади ва уларда лойиҳа гуруҳлари иш юритади.

    Ёшларнинг касб-ҳунарли бўлиши, бизнесини бошлаши учун кенг йўл очилиб, ҳақиқий мулкдор сифатида шаклланиши ва даромад топиши учун зарур шароит яратилмоқда. Шу кунга қадар мамлакатимиз бўйича 124 минг йигит-қиз касб-ҳунарга, 133,8 минги тадбиркорликка ўқитилди, e-kasb.uz платформаси орқали 10 минг 600 нафардан зиёд йигит-қизга замонавий касб-ҳунарлар ўргатилди. Ҳудудларда 205 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилиб, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 1 миллион ёш компьютер дастурлаш асослари бўйича бепул ўқитилди.

    Бугун янги Ўзбекистон ёшлари дунё ёшлари билан барча соҳада беллашишга тайёр. Айни пайтда уларнинг 1,5 миллиони бўш вақтини чет тилини ўрганишга сарфламоқда. Бундай ёшларни рағбатлантириш мақсадида хорижий тилларни ўрганиш жараёнида халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 10 минг 300 ёшнинг имтиҳон харажати учун 18 миллиард сўм тўлаб берилди. “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ҳам ёшларнинг чет тилини илк босқичдан онлайн бепул ўрганишига амалий ёрдам кўрсатяпти.

    Охирги 6 йилда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли ва фидойи ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам мамлакатимизда ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор намунасидир.

    Маҳалладан бошланаётган ёшлар сиёсати

    Ёшлар муаммоси фақат таълим муассасалари ёки иш жойидаги мутахассислар кўмагида эмас, балки уни ва оиласини яхши танийдиган, биладиган муҳитда — маҳаллаларда ҳал этилмоқда. Бу жараёнда маҳалладаги ёшлар етакчиларининг тажрибаси ва ташаббуси муҳим аҳамият касб этаётир.

    Аслида ҳам ёшларни қийнаётган масалаларни улар билан бир маҳаллада яшаётган ёшлар етакчиларидан кўра яхшироқ биладиган йўқ. Чунки, улар маҳалладаги шароит, асл ҳолатни борича, яъни аслича кўра олади. Шу боис, Президентимизнинг ишончли вакиллари айнан маҳаллаларда фаолият олиб бориши ҳар жиҳатдан фойдали бўлмоқда.

    Йўлга қўйилган яхлит вертикал бошқарув тизими натижасида маҳаллада ёшлар учун 100 дан ортиқ имконият яратилди. Ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилди. Ёшлар етакчилари ҳудуддаги 14–30 ёшли йигит-қизларнинг ижтимоий ҳолати, иш билан бандлиги ва саломатлигига оид маълумотларни жамлаб, “Ёшлар баланси”ни шакллантирмоқда. Етакчилар тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдамлар тури эса 11 тадан 25 тага етказилди.

    Хусусан, “Ёшлар дафтари” тизими йигит-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш борасида том маънода имкониятлар дафтари вазифасини ўтамоқда. Ўтган икки йилда ушбу дафтар орқали 798 мингга яқин ёшга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Жумладан, эҳтиёжманд оилага мансуб 53 минг талабанинг ўқиши учун контракт пули тўлаб берилди.

    “Ёшлар дафтари” ёрдамида 31 мингдан ортиқ йигит-қиз анъанавий ва замонавий касб-ҳунар бўйича ўқитилмоқда. Шу кунга қадар замонавий касблар ва хорижий тилларга 18,8 минг, анъанавий касбларга эса 13,4 минг ёш ўқитилди. Бунинг учун 80 дан ортиқ турдаги касбий таълим йўналишига 53,8 миллиард сўм йўналтирилди.

    Энди “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ишлатиш тизими ҳам ўзгаради. Хусусан, ёшлар учун касбга ўқиш, меҳнат қуроллари, уруғ-кўчатга субсидия каби турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилади. Ўша ҳудуддаги уруғ-кўчат хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олиши учун тўғридан-тўғри 2,5 миллион сўм берилади. “Ёшлар дафтари” билан ишлашда йигит-қизларни анимация, дизайн, логистика оператори, гид каби замонавий касбларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу тизимга мактабларнинг 10–11-синф ўқувчилари ҳам қамраб олинади. “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади.

    Шунингдек, жорий йилда замонавий касблар бўйича камида 25 минг йигит-қиз ўқитилади. Ушбу дафтар орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023–2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади. “Ёшлар дафтари” ва хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари рўйхатига киритилган ёшларга деҳқон хўжалиги юритиши учун ер участкалари соддалаштирилган тарзда, алоҳида танлов асосида ажратилади.

    Янги имкониятлар бўсағасида

    Бундай ислоҳотлар тобора такомиллашиб, янгича босқичда давом этмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари асосида ёшлар билан ишлаш бўйича янада самарали тизим жорий қилинди.

    Хусусан, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион ёшнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқиши ўрганилиб, 3 тоифага ажратилди. Энди улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида “маҳалладан вазирликкача” тизими асосида иш олиб борилмоқда.

    Биринчи босқичда “аҳволи оғир” тоифасига киритилган, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборига муҳтож 396 минг йигит-қиз ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Улар энди ўз ҳимоясидаги ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия олиши учун кафиллик қилиш орқали иш билан бандлигига кўмаклашади.

    Иккинчи босқичда “ўрта” тоифадаги — ҳаёт тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёшнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам берилади.

    Учинчи босқичда “яхши” тоифага киритилган, намунали ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилиятли, ижтимоий фаол 4,4 миллион ёш билан алоҳида ишланади.

    Турли суҳбатларда ёшлар маҳалласида спорт билан шуғулланишга шароит ҳамда кўнгилочар масканлар етишмаслиги тўғрисида фикр билдирган. Шу боис, биринчи босқичда вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этилади. Уларда спорт, киберспорт ва интеллектуал ўйинлар, китобхонлик, караоке учун шароит яратилади. Шунингдек, ҳар бир туманда Ёшлар сайли” ва ижод кўчалари, олий таълим муассасаларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари ташкил қилиниши белгиланган.

    Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси фаолияти йўлга қўйилади. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ажратилади.

    IT парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилади. Уларга IT парк резидентларига берилган имтиёз ва енгиллик қўлланади. Шунингдек, мактаблардаги тўгараклар жиҳозланиб, мураббийлар қўллаб-қувватланади. “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти самарадорлиги оширилади. Ёшлар ўртасида касб-ҳунар олимпиадалари ташкил қилинади. Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик мажмуалар, шаҳар ва туманлардаги марказий паркларда очиқ осмон остидаги кутубхоналар ташкил этилади.

    Шу билан бирга, ўз ҳисобидан кутубхона барпо этаётган ташаббускорларга ўзбек ва жаҳон адабиётининг мингтадан дурдона асари олиб берилади. Улар давлат ҳисобидан компьютер билан жиҳозланиб, Миллий кутубхона базасига уланади.

    Ёш кадрларга ишонч

    Мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид тизимли ишлар натижасида ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишга қодир ёш кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозир айнан шундай ёшларга ишонч билдирилиб, масъул лавозимларга тайинланмоқда. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида давлат обрўсига путур етказаётган айрим амалдорлар ҳақида тўхталиб, “Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни қўямиз”, дегани ҳам бежиз эмас.

    Зотан ёшларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишига берилган бундай рағбат эртага самара бериши шубҳасиз. Бу ҳақда Президентимиз бундай деди: “Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”.

    Давлатимиз раҳбари келажагимиз эгаларини яратилаётган шароит, берилаётган имкониятдан самарали фойдаланишга чақириб, “Ёшлик — ғанимат, вақт — ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг!” деди.

    Хулоса

    Айни пайтда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали қўллаш ҳамда ёшлар билан ишлаш ва уларнинг интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари стратегияси” ишлаб чиқилмоқда.

    Стратегия мазкур соҳани 2030 йилгача ривожлантириш, ушбу йўналишда эришиладиган аниқ мақсадли мезонларни белгилаш ҳамда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган вазифаларни ўз ичига олади.

    Ёшларга оид бундай ислоҳотлар тўхтаб қолмайди, аксинча, фарзандларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янада кўпроқ имконият ва шароитлар яратиш борасида янгича ёндашувлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилади.

    Бу қўллаб-қувватловга жавобан ўғил-қизларимиз маррани янада баланд олиб, мустаҳкам ирода ва катта шижоат билан энг баланд чўққиларни эгаллаши лозим. Зеро, бугун мактаб, коллеж, техникум ва олий таълим муассасаларида билим олаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, Қуролли Кучларимиз сафида ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этаётган, ишлаб чиқариш, қурилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳалари, қолаверса, замонавий ахборот технологиялари оламига дадил кириб бораётган, катта орзу-умид билан яшаётган 18 миллиондан зиёд ўғил-қиз — мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги, олтин захирасидир. Мана шу беқиёс куч билан янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этамиз.

    Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти маслаҳатчиси,

    сиёсий фанлар доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates