Бухоро — қадим маданият ва илм-фан ўчоғи

    Бу шаҳарнинг ҳар бир гўшасида – бой тарихга эга миноралари, осори- атиқалари, муқаддас қадамжолари ва обидаларида олис ўтмишнинг акс-садоси, қолдирган изи бор.

    Бухоро жаҳоннинг энг қадимий ва тарихий-меъморий обидаларга бой гўзал шаҳарларидан бири бўлиб, у азалдан ислом оламида юксак нуфузга эга бўлган. Бухоро номи дастлаб IX асрда тарихчи Наршахий томонидан зикр этилган. Кўплаб тарихчилар, тилшунослар фикрича, Бухоро сўзи қадимги ҳинд – санскрит тилидаги “вихара” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “қалъа” маъносини англатади. Қадимда шаҳар Нумижкат ва Фахира, деб ҳам аталган. Бу шаҳарнинг ҳар бир гўшасида – бой тарихга эга миноралари, осори- атиқалари, муқаддас қадамжолари ва обидаларида олис ўтмишнинг акс-садоси, қолдирган изи бор. Шунингдек, у Шарқу Ғарбда “очиқ осмон остидаги музей, шавкатли тарихнинг жилвакор кўзгуси” номини олган. VIII асрда минтақага ислом дини кириб келиши ортидан Бухоро аста-секин энг муҳим диний марказга айланиб, ислом оламида шариф саналадиган тўртта шаҳардан бирига айланган. Бухорои шарифдан бутун жаҳон тан олган буюк олимлар, мутафаккир ва донишмандлар етишиб чиққан.

    Ушбу замин Имом Бухорий, Ибн Сино, Наршахий, Нақшбандий, Ғиждувоний каби буюк алломаларнинг дунёга танилишида муҳим роль ўйнади. Улар ёзган асарлар жаҳон маънавий мулкининг дурдоналарига айланди. Айниқса, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” тўплами ва бошқа асарлари, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонуни” китоби ислом олами ва жаҳон илми жавоҳирлари, деб эътироф этилади.

    Бухоро ҳудудида улкан тарихий аҳамиятга эга муқаддас қадамжолар, масжиду мақбаралар, миноралар ва мадрасалар жойлашган. Ислом таълими тизимида университет мақомида бўлган низомия мадрасалари, яъни олий мадрасалар айнан Бухорода фаолият юритган. Уларнинг энг машҳурлари Мир Араб ва Улуғбек мадрасаи олияларидир.

    Ислом маданияти ва санъатининг ажралмас қисмлари – хаттотлик, миниатюра, кулоллик, заргарлик, меъморлик, гиламдўзлик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги соҳаларида ҳам бухоролик усталар ва ҳунармандлар ҳамиша пешқадам бўлганлар.

    Бухоро аҳли қадим замонлардан бағрикенглик намунаси бўлган. Қадимда мутаассиблар томонидан қувғин остига олинган насоролар ва яҳудийлар айнан Бухоро заминида паноҳ топганлар. Буюк Ипак йўлида жойлашган ушбу шаҳарда кўплаб миллат вакиллари истиқомат қилганлар ва доимо аҳил бўлганлар. XV асрда Бухоро саррофлари 20 дан ортиқ давлатнинг пулларини алмашиб бериш билан шуғулланганлар.

    Мустақиллик йилларида шаҳар янада чирой очди. Мир Араб мадрасаси яна олий диний таълим масканига айлантирилди. Ушбу мадрасада ўз даврининг олиму фузалолари таълим олганлар.

    Бухородаги исломий меъморий ёдгорликлар – Арк қалъаси, Мир Араб мадрасаси, Пойи Калон мажмуаси, эски шаҳар ансамбли, машҳур Бухоро ҳовузлари асрий кўркамлиги ва жилосини йўқотмаслиги учун зарур консервация ва реставрация ишлари бажарилди.

    Ўзбекистон — улуғ авлиёлар Ватани. Бу ерда буюк сўфий дарғалар яшаган ва соф исломий таълимот ҳамда унинг маърифатини тарқатган.

    Бухородаги етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади.

    Манбаларда етти пири комил пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилган. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.

    Таъкидлаш керакки, Бухоро аҳли ота-боболарининг маданияти ва санъатини сақлаш, анъаналарини бойитишда ҳам пешқадамлик қилмоқда. Минг йил аввал Тоқи заргарон ёки Тоқи телпакфурушонда қандай савдо қилинган бўлса, бугун ҳам сайёҳлар ва меҳмонлар ўзларига ёққан нарсаларни тимлар тагида жойлашган бозордан харид қиладилар. Заргарлар, зардўзи усталари, гиламдўзлар, кулоллар ҳам минг йил илгари ишлаб чиқарилган нафис ашёларни ҳамон дидингизга мос қилиб ишлаб чиқармоқдалар.

    Шоазим Миноваров,

    Ислом цивилизацияси маркази директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates