Фильмда барчамиз оилани муқаддас билишимиз, уни асраб-авайлашимиз кераклиги каби муҳим мавзулар комедия орқали замонавий, барчага тушунарли тилда, ёрқин образлар орқали ёритилган экан. Ёшларимиз ҳақида, оилавий томоша учун яхши фильм бўлибди. Зал томошабинларга тўлган, бир ярим соат вақт кўз очиб юмгудек ўтиб кетди, — деб ёзади Президент матбуот котиби.
Давлатимиз бу соҳага қаратаётган эътибор натижасида томошабинга қизиқарли бўлибгина қолмай, қадриятларимизни тараннум этадиган миллий контент кўпайиб бораётгани хурсанд қилади. Эътиборли жиҳати, ушбу фильм рус, қозоқ ва озар тилларига профессионал дубляж қилиниб, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг йирик кинотеатр тармоқларида ҳам намойиш этила бошланган экан. Бу ҳам, ўйлайманки, кинематографимизнинг муҳим ютуғи.
Қолаверса, анъанавий оилавий қадриятларни асраш, жамиятимизнинг энг муҳим бўғини бўлмиш оилани мустаҳкамлаш — давлат сиёсатининг ажралмас йўналиши. “Чимилдиқ“дек фильмлар бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшишига ишонаман, — дейди у.
Президентимиз айтганларидек, давлат хизматчилари вақт ажратиб, оила аъзолари, ҳамкасблари билан биргаликда театр ва кинога тез-тез бориб туришлари керак. Бу нафақат ҳордиқ чиқариш, балки бугунги ҳаётимиз, жамиятимиздаги ўзгаришлар ва инсоний қадриятларни яхшироқ англаш имконини беради, — деб ёзади Шерзод Асадов ўзининг Телеграм каналида.








