Бухоро туристик чорраҳага айланмоқда

    Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, шунингдек, Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида азим Бухорода ҳам иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда кўзланган натижаларга эришиляпти. Айниқса, ҳудудда туризм соҳаси изчил ривожланмоқда.

    Жорий йил 29 март куни Президентимиз раислигида туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 2021 йилга нисбатан 3 баробар ошгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бухоро вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

    Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги “2022-2026 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан, 2026 йилга қадар Бухоро вилоятида туризм соҳасини ­ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари алоҳида белгилаб қўйилган.

    Хусусан, туристларга янада қулай шароитлар яратиш ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида меҳмонхоналар, музейлар, кафе-ресторан, савдо шохобчалари ва бошқа объектларда 67 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 35 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати ўрнатилди. Хорижий ва маҳаллий сармоядорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида Бухоро шаҳрида ўн йилдан ортиқ вақт давомида ишламай турган 3 та йирик “Бухоро-палас”, собиқ “Зарафшон” ва собиқ “Варахша” меҳмонхоналари инвесторларга берилди. Айни пайтда ушбу меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлади.

    Ҳозирги кунда собиқ “Бухоро Палас” меҳмонхонаси “Wide Tent System” МЧЖ томонидан тўлиқ реконструкция қилиниб, дунёнинг топ-10 талик рўйхатига кирувчи машҳур бренд “Wyndham” билан шартнома имзоланди. Бундан ташқари, Етти пир зиёратгоҳларига туташ ҳудудларда 7 та меҳмонхона қуриш учун икки гектарга яқин ер участкалари ажратилди ва ҳозирда қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.

    Экотуризм, гастрономик туризм, агротуризм, қишлоқ туризми, маданий туризм каби янги туристик маршрутлар ва хизматлар тури ўзлаштирилди.

    Бухоро шаҳрининг Арабон кўчасида жойлашган XVI асрга оид қадимий объект негизида “Уста-шогирд” миниатюра маркази ташкил этилди.

    Хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортаётган кўҳна ва боқий Бухоро йилдан-йилга янги қиёфа касб этмоқда. Кўп қаватли бинолар, турли ижтимоий соҳа объектларининг қурилиши шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда. Албатта, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларининг иш бошлаши, ўз навбатида, тадбиркорлик ривожи учун ҳам кенг йўл очаётир.

    Вилоятга хорижий ва маҳаллий сай­ёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида 2026 йилга қадар жами меҳмонхоналар сонини 679 тага етказиш, ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий туристлар сонини 5,1 миллион нафарга етказиш ҳамда 60 та янги туристик йўналиш ташкил этиш кўзда тутилган. Туризм салоҳияти юқори бўлган шаҳар ва туманларда эса “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи”, “Туризм кўчаси” ташкил этиш борасидаги ишлар ҳам жадаллаштирилмоқда. Сайёҳлар сонини ошириш мақсадида 30 га яқин авиақатнов, 24 та хорижий йўналишни ташкил этиш режалаштирилган.

    Албатта, бугун Бухоро шаҳрида истиқомат қилаётган юртдошларимиз мазкур ишлар натижасини ўз ҳаётида яққол ҳис қилмоқда. Бўлаётган ўзгаришлар барчани бирдек яратувчанликка, янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилишга чорламоқда. Бухоро вилоятидаги 829 та моддий-маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган. Улар таркибида 287 та археология ёдгорлиги, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбли, 15 та карвонсарой, 4 та тим ва тоқ, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жой, 83 та архитектура ёдгорлиги, 17 та монументал ёдгорлик қайд этилган.

    Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICЕSКО) рўйхатига Бухородаги 7 та объект: Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Aттор масжиди, Пойи Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасаси киритилди.

    Хитойнинг Фужоу шаҳрида ўтказилган ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 44-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилинган объектлар бўйича янгиланган рўйхатга Бухоро вилоятидан 7 та маданий мерос объекти: Пойкент, Варахша, Вардонзе, Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Айюб хазираси киритилди.

    Маҳаллий бюджет ҳисобидан ўтган йили Бухоро шаҳрида учта, Ғиждувон туманида учта, Вобкент туманида битта, Бухоро туманида битта, Қоровулбозорда битта, вилоят бўйича жами 9 та маданий мерос объектини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган эди.

    Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган Чор Минор, Раҳмонқул мадрасалари, Самарқанд дарвозаси, Зиндон, Кулита карвонсаройи ва бошқа шу ҳудудлардаги маданий мерос объектларини ёмғир сувлари таъсиридан асраш зарурлигини инобатга олиб, мазкур кўчаларнинг йўлакларини таъмирлаб, ёмғир сувларини маданий мерос объектларидан узоқлаштириш чоралари кўрилди.

    Бир қатор халқаро фестиваль ва анжуманларнинг Бухоро шаҳрида ўтказилиши ҳам вилоятга сайёҳлар оқимини оширишда муҳим аҳамият касб этяпти. Президентимиз ташаббуси билан Бухоро шаҳрида ўтказилаётган “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” ҳамда “Каштадўзлик санъати” халқаро фестиваллари ҳам муҳим истиқболли тадбирлар ҳисобланади. Ўтган йили ўтказилган ушбу тадбирларда 58 давлатдан 220 дан зиёд хорижий меҳмон, 38 давлатдан 130 дан ортиқ чет эллик уста-ҳунарманд ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 дан зиёд зардўз, каштадўз, заргар ва ҳунарманд қатнашди.

    Эътиборли томони, хорижий сайёҳлар томонидан уларнинг декларацияларига асосланиб айтадиган бўлсак, 15,6 кило­грамм кумуш ва 4,8 килограмм миқдорда олтиндан ясалган тақинчоқлар харид қилинган. Бу ўртача 284,5 минг АҚШ доллари ёки 3,2 миллиард сўмни ташкил этади.

    Ўтган йилнинг май ойида Бухорода “Зардўзлик, заргарлик ва миллий каштачилик санъати” фестивалининг ташкил этилгани, “Бухоро — дунё ҳунармандлари пойтахти” деб эълон қилингани таҳсинга сазовор.

    Сирасини айтганда, мамлакатимизда “инсон — жамият — давлат” тамойили устуворлик касб этаётган бугунги кунда кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода ҳам ушбу тамойил асосидаги бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёймоқда.

    Насимжон АЛИМОВ,

    иқтисод фанлари номзоди, доцент

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates