Бухоро вилояти Ромитан туманидаги чигирткалар экинларга хавф туғдирмайди — Фанлар академияси

    Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳрида чигиртка сонининг кескин ошишига Фанлар академияси олимлари муносабат билдирди.

    Маълумки, Бухоро вилоятининг майдони 39 400 км/квадратни ташкил этиб, вилоят ҳудудининг 80 фоиздан ортиғини қизилқум чўли ташкил этади. Чўл ҳудудининг аксарият қисмида саксовул, юлғун, қандим, терескен каби чўл ўсимликлар ўсади.

    Ҳудудда саксовулзорларнинг кўп бўлиши бу ўсимлик билан озиқланадиган бошқа организмларнинг, хусусан катта саксовул букриси (Dericorys albidula Serv.) чигирткасининг кўпайишига имконият яратади.

    Катта саксовул букриси чигирткаси тўда ҳосил қилмайдиган чигирткалар қаторига кириб, у фақатгина саксовул ўсимлиги баргларини истеъмол қилиб, бошқа ҳеч қандай ўсимлик ёки қишлоқ хўжалик экинларига зарар келтирмайди.

    Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида тарқалган катта саксовул букриси чигирткасининг оммавий кўпайишига қарши кураш чоралари олиб борилган ва чигирткаларнинг тарқалиши назорат остига олинган.