Фарғона давлат университетига академиклар келди

    Бугун Фанлар Академияси академикларининг Фарғона давлат университети илмий жамоатчилиги ҳамда ёшлари билан «Келажак авлодни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш — масъулиятли вазифамиз» мавзусида учрашуви ташкил этилди.

    ФарДУ жамоаси ва талаба-ёшлари томонидан байрамона шукуҳда кутиб олинган устоз академиклар ФарДУнинг Педагогика ва психология факультети учун қуриб битказилган янги биноси билан танишдилар.

    ФарДУда бўлиб ўтган ушбу учрашувда иштирок этган устоз академиклар — Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, Бобомурод Аҳмедов, Ядро физикаси институти директори Содиқов Илҳом Исмоилович, Ўсимлик моддалари кимёси институти директори Шомансур Саъдуллаев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Шодмон Намозов лар университет жамоаси ҳамда ёш тадқиқотчиларга, талаба-ёшларга ўз маърузаларини тақдим этдилар.

    Учрашув аввалида университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ўз сўзида муҳтарам Президентимиз ташаббускорлигида сўнгги йилларда юртимизда олий таълимни тизимли ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ўзгаришларни айтиб ўтар экан, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлган ёшларимизни маърифатли қилиб тарбиялаш йўлида ҳурматли академикларни шарафли хизматларини алоҳида эътироф этди.

    Учрашув музокаралар ва ёшларнинг ядро физикаси, агротехнологиялар, фармакология, алгебра соҳаларидаги саволлари билан жонли ўтар экан, академиклар ўзаро мулоқотда Фарғона давлат университетида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва илмий-инновацион, маънавий юксалишга юқори баҳо бердилар.

    Аниқ мақсад, тўғри ҳаракат ва муносиб раҳбар билан университет жамоаси эришаётган ижобий натижаларни гувоҳи бўлаётганликларини билдирдилар.

    Тадбир сўнгида илм аҳлига олийгоҳнинг эсдалик совғалари топширилди ва ўз навбатида академиклар университет ректорига миннатдорлик рамзи сифатида Ўзбекистон Фанлар академияси туҳфасини топширдилар.

    Учрашувдан сўнг меҳмонлар ёш изланувчилар, илмий тадқиқотчилар билан учрашиб, уларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этаётган янги лойиҳалари билан қизиқдилар.

    Бунда инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, асаларичилик, узумчилик, анорчилик, доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш йўналишларида янги илмий изланишлар устида иш олиб бораётган тадқиқотчилар ўз лойиҳалари ва режаларини тақдим этдилар.

    Шу куни ФарДУ ёшлари учун ҳам қувончли воқелик бўлди. Фарғона давлат университетининг Математика-информатика факультетида «Ўзбекистон Қаҳрамони», Фанлар академияси академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор — Шавкат Аюпов хонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда математик ва физик олимлар, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талаба-ёшлар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

    Мазкур маърифат нури билан файзга тўлган хонада талаба-ёшлар академикнинг айнан ўзидан унинг илмий фаолияти, ҳаёт йўллари, ютуқлари ва тавсияларини тинглаб, ўгитларидан баҳраманд бўлдилар.